Олег Зотеев: "Ҳа, "Локомотив" вазифани уддалади, бироқ ҳали асосийсини бажаргани йўқ"
Про лигада қаташаётган ва яққол фаворит сифатида ажралиб турган Тошкентнинг “Локомотив” клуби муддатидан аввал Суперлига йўлланмасини нақд қилди. Аслида бу кутилган ҳолат эди. “Локо”нинг мақсади бир йилнинг ўзидаёқ яна Суперлигага қайтиш эди. Бунинг учун таркиб тажрибали футболчилар билан бойитилди. Улардан бири жамоа сардори ҳамда етакчиси Олег Зотеевдир. Футболчи жамоаси билан элита масаласини ҳал қилгач, ушбу мавзуга тўхталиб ўтди.
Муддатидан аввал вазифа бажарилиши ҳақида
- Сиз билан февраль ойида гаплашганимизда бу йилги биринчилик қизиқарли бўлиши ҳақида айтгандим. Барибир учта тур олдин Суперлига иштирокчисига айланиш ёқимли. Рости, учта тур олдин ҳаммасини ҳал қилиб қўйишимизни билмагандим. Аммо бундан олдин, эртароқ Суперлигага чиқишимиз ҳақида ўйлагандим. Чунки биринчи даврадан кейин қўқонликлардан кўп очкога олдинга ўтиб кетганмиз. Аммо бу турда “Қўқон-1912”ни сафарда “Хоразм” билан дуранг ўйнашини кутмагандим. Меҳмонларни ютади, деб ўйлагандим. Ҳали ҳам “Динамо” ва “Қўқон-1912” ўртасида кураш зўр кетяпти. Кейинги турда иккала жамоа Қўқонда ўйнашади. Ҳали ҳам кеч эмас. Иккала жамоада имконият бор.
Про лигада энг қийини нима?
- Биласизми, бизга қайси тарафдан оғир бўлган? Биз ҳар ҳафта ўйин ўтказмаганмиз. Оралиқдаги танаффуслар сабабли жисмоний ҳолатни бир маромда ушлаш қийинроқ. Шу томонлама бироз муаммо бўлган. Суперлигада терма жамоа йиғилганида 14 кун танаффус бўлади. Биз эса биринчи даврадан кейин деярли икки ой ўйнамадик. Шу нарса қийинчилик туғдиради. Жамоа бўйича “Динамо” билан тенгмиз. “Қўқон-1912” ҳам яхши жамоа, сифатли ўйинчилари кўп. Қизиқарли ўйинлар бўляпти.
“Локомотив”га ким шерик бўлади?
- Учта жамоа тенг кучга эга. “Динамо” – “Қўқон-1912” иштирокидаги учрашувда ким яхшироқ тайёрланиб ғалаба қозонса ўша жамоа Суперлигага чиқади. Имкониятлар 50х50. Кимнидир кучли ёки кучсиз дея олмайман. Кўрдингиз, “Динамо” билан икки марта 0:0 ўйнадик. Қўқонни битта тўп фарқи билан ютдик. Кимдадир яққол ташаббус йўқ.
Энди қолган ўйинларда “Локо” футболчилари бўшашиб қолмайдими?
- Ҳа, “Локомотив” вазифани бажарди, бироқ асосийсини ҳали амалга оширгани йўқ. 1-ўринни ҳали қўлга киритмадик. Мен учун фақат 1-ўринни қўлга киритсак, шундагина 100 фоизли натижа қилган бўламиз. Охирги учта учрашувда тўлиқ мувозанатни сақлаган ҳолда ва назоратни йўқотмасдан ўйнаймиз. Худо хоҳласа, 1-ўринни оламиз. “Машъал” майдонига борамиз ва кейин “Юниерд” келади. Шу иккита учрашувда 1-ўринни расмийлаштиришга ҳаракат қиламиз.
Янги режалар қандай?
- Менимча, охирги турдан сўнг клуб структураси бўйича йиғилиш ўтказиб, янги режалар муҳокама қилинади. Ҳозирдан ҳеч нима дея олмайман. Яна учта ўйинимиз турибди. Бор эътиборни бўлажак учрашувларга қаратганмиз. Шундан кейин янги мавсум ҳақида ўйласак бўлади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар