Олимпиада чемпиони бўлган илк осиёлик спортчи ким?
Япониялик Микио Ода Олимпия ўйинлари олтин медалини қўлга киритган осиёлик биринчи спортчи ҳисобланади. Ода 1924 йилда Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида баландликка ва узунликка сакрашда ярим финал босқичига чиқа олган, уч ҳатлаб сакрашда эса 6-ўринни эгаллаган эди.
1928 йилда Амстердамда ўтказилган Олимпия ўйинларида эса, у уч ҳатлаб сакрашда 15 метру 21 сантиметр натижа билан Япония ва қитъамиз тарихида биринчи марта олтин медални қўлга киритган.
Шуниси қизиқки, ўшанда у Голландияга Сибирь орқали поездда борган. Уч ҳатлаб сакраш машқларини поезднинг тор купесида ўтказган. Бунинг устига молиявий муаммолари ҳам бўлган. Ода бор пулини тежаш учун вагон ресторанида кунига бир мартагина шўрва билан тамадди қилган, холос.
Шу сабабли, Амстердамга етиб борганида жуда озиб кетган эди. Бу ердаги уч кунлик машқлар уни аввалги ҳолатига қайтарган ва Ода уч ҳатлаб сакрашда ғолибликни қўлга киритган.
Микио Ода Олимпия ўйинлари ташкилотчиларини ҳайратга солиб, олтин медаль берилишини кутмасдан ўз юмушлари билан Парижга жўнаб кетган. Кейинчалик унинг олтин медали Япония терма жамоасининг бошқа спортчисига топширилган.
Фикрлар