Олимпиададаги иштироки, Осиё чемпионатидаги аламли мағлубият ва Ўзбекистоннинг энг кучли боксчиси кимлиги ҳақида Райҳона Қодирова билан интервью

  • 20 октябрь, 2021, 07:35
  • 0
  • Бокс

SPORTS.uz интервью рукнидан ўрин олган суҳбатларни давом эттиради. Бизнинг бу галги суҳбатдошимиз бокс бўйича Токио Олимпиадаси иштирокчиси, Ўзбекистон чемпиони, бир неча халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндори Райҳона Қодирова.

Истеъдодли спортчимиз Токио Олимпиадасидаги иштироки, ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги медаль, ўсмир пайтларидаги ноҳақликлар ва Ўзбекистоннинг энг кучли боксчиси ҳақида фикр билдирди

Ассалому алайкум, Райҳона. Авваламбор, бронза медали муборак бўлсин. Ушбу совриннинг ҳаяжони билан бўлишсангиз.

- Ассалому алайкум. Катта раҳмат. Шунга ҳам шукр, лекин мени мақсадим олтин медаль эди. Ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик қизлар илк бор қатнашишимиз ва бу мусобақадан 4та медаль билан қайтдик. Битта олтин ва учта бронза медалини қўлга киритдик.

Кейинги сафар биринчи ўрин насиб қилсин. Лекин бу медаль билан ҳам фахрланса арзийди...

- Тўғри, мен ўзим ҳам жуда хурсандман. Жаҳон чемпионатида бу натижага ҳар ким ҳам эриша олмайди. Ярим финалда менга қарши рингга чиққан азалий рақибим Беатрис Феррейрани агар кейинги жаҳон чемпионатида яна тўқнаш келсак, ютишимга амин бўлдим. Чунки биз бундан аввал Токио Олимпиадасида ҳам жанг қилганмиз ва менда ўсиш борлигини сездим. Қолаверса, оилам ҳам жуда хурсанд бўлди. Лекин олдимга қўйган мақсадим биринчи ўрин эди. Шунга ҳам шукр айтаман.

Беатрис Феррейра сиздан қай жиҳатдан устунлик қилди, деб ўйлайсиз?

- Феррейра мендан тажриба борасида устунлик қилди. Чунки Ўзбекистонда аёллар бокси энди ривожланиб бормоқда. Чет элда эса жадал ўсишга эга. Рингда бу унга катта ёрдам берди. Устунлик жиҳати у қадар кўзга ташланмади. Кейинги баҳсимизда бу факторни ҳам йўққа чиқаришга ҳаракат қиламан.

photo_2021-08-03_13-59-32

Оилангиз ҳақида айтиб ўтсангиз. Улар сизни боксчилик соҳангизни қандай қабул қилишган? Қаршиликлар бўлмаганми?

-Биз оилада 4 фарзандмиз. Икки акам ва опам бор. Илк бор боксга қатнашаман, деганимда қаршилик бўлган. Лекин қизиққанимни билишгандан кейин шароит яратиб беришган. Шунингдек, Президентимиз ҳам алоҳида эътибор қаратиб, ёрдам беряптилар. Бутун халқимиз, айниқса, қашқадарёликлар қўллаб-қувватламоқда. Ота-онам бундан хурсанд.

Олимпиадада Турсуной Раҳимова битта жангда ғалабага эришди. Ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида эса медаллар етарлича? Нега тафовут юзага келмоқда?

- Гапим аввалида шуни айтмоқчиманки, ғалаба ҳам, мағлубият ҳам Аллоҳдан. Биз ҳаракат қиламиз ва шуғулланмиз. Қолганини Аллоҳдан сўраймиз. Барчаси омад ва меҳнатга боғлиқ. Ҳеч ким мусобақага бориб ютқазаман, демайди. Аксинча, биринчи ўринга эришишни истайди. Олимпиада эса, энг кучлилар йиғиладиган мусобақа ва босим ҳам катта. У ерда руҳий жиҳатдан ҳам устунлик талаб этилади. Ҳарбийлар мусобақасини Олимпиадага таққослаб бўлмайди. Мен ҳам Олимпиадада битта жангда ғалаба қозонган бўлсам, ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккита жангда рақибларимни енгдим. Лекин мен бундан афсусланмайман. Аллоҳга шукр.

Ривожланишда ортда қолаётганимиз молиявий жиҳатга боғлиқми?

- Биз ривожланишда ортда қолмаяпмиз, балки ривожланган давлатларга етиб олмоқдамиз. Чунки юқорида айтганимдек, бизда аёллар спортига энди эътибор қаратилмоқда. 6 йилдан буён спорт билан шуғулланаётган бўлсам, олдин Ўзбекистон делегацияси кўп жанг ўтказмас эди. Ҳозирги кунга келиб, молиявий жиҳатдан ҳам катта эътибор бериляпти. Ривожланиш ҳам шунга яраша бўлади, Худо хоҳласа. Ёшлар орасида ҳам Жаҳон чемпионлари чиқиб келмоқда. Аёллар катта натижаларга эришяпти. Бизда ота-оналар қизини спортга кам ҳолларда беради. Лекин бугун фарзандини тушуниб, спортга қатнашишига рози бўлишмоқда.

Ҳарбийликка қадар босиб ўтган йўлингиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз. Чунки қайсидир ҳислатингиз туфайли бугун ҳарбий қизлар қаторидан жой олгансиз?

- Ёшлигимдан ҳарбий бўлишни орзу қилганман. Қолаверса, шифокорлик касбини ҳам ҳурмат қилганман. Орзуимни амалга ошириш учун Ҳарбий академияга ҳам топширганман. Лекин ўқишга кира олмаганман. Аллоҳ насиб қилиб, бокс билан шуғулланганимдан сўнг, мураббийим Элшод Расулов ҳарбий бўласанми, деганларида жон-жон деб рози бўлганман. Ота-онам ҳам бошида қаршилик қилишган. Лекин кейинчалик қўллаб-қувватлаган. Ёшликдаги энг катта орзуим амалга ошди. Мен бундан хурсандман, чунки касбимни жуда яхши кўраман.

IMG_1535

Қачондир қиз бола ҳам боксчи бўладими, деган гапларни эшитганмисиз? Чунки гуруч курмаксиз бўлмайди, деганидек, шу каби кўнгилни хира қилувчи инсонлар ҳам йўқ эмас.

- Бунақа гапларни жуда кўп эшитганман. Кимдир яхши гапирса, бошқаси ёмон гапирган пайтлар бўлган. Баъзилар яхши кўриб, омад тилаб, ҳавас қилишади, баъзилар эса турмушга чиқиб, уй ишларини ўрган, дейдиган ҳолатлар бўлган. Лекин ҳозирги кунда ҳар бир соҳада аёллар ўз ўрнига эга. Биз бундай гапларга эътибор бермаймиз. Ўз соҳамизда етакчилик қилишга ҳаракат қиламиз. Йиллар ўтди, айни пайтда бутун халқимиз бизга омад тилаб, ёрдам беришади.

Руҳий тайёргарликка тўхталсак, бугун сизлар билан психологлар штаби ҳам ишлайдими ёки мураббийнинг ўзи сиз учун бу ролда ҳам ёрдам берадими?

Руҳий тайёргарликка келсак, сиз спортни танладингизми, руҳий, жисмоний ва ақлан тайёр бўлишингиз лозим. Чунки шундай одамгина яхши натижага эриша олади. Бунда сизга мураббий, психологлар штаби ёрдам беради. Лекин биз психологлар билан ишламаганмиз. Мураббийимиз бизни жангдан олдин дўстдек маслахатлар бериб тайёрлайди. Айнан уларнинг рухий кўмаги билан ғалабага эришганмиз. Токио Олимпиадасида Элшод Расулов рингга кўтарилишимдан олдин: "аввал сен қаердалигингни англаб ет",-деб айганлар. Шу гапни ўзи мен учун тушунишга ёрдам берган. Чунки у ерда мени бутун дунё, халқимиз ва ота-онам ойнаи жаҳон орқали кўради. Бу сиз учун энг катта мотивация бўлиши керак.

Бокс оғир ва жароҳатларга бой спорт тури. Кўзингиз кўкариб келган вақтлар ҳам бўлганми?

- Тўғри, бокс оғир спорт тури. Жароҳатлар ҳам бўлиб туради. Лекин аёлларда ҳимоя воситалари бор ва жароҳат эркакларга нисбатан қизларда камроқ бўлади. Спортни энди бошлаган пайтимда кўзим кўкариб келган вақтлар ҳам бўлган. Жароҳат оласиз, лекин сўнгги 2 ёки 3 йил ичида бу ҳолатлар бўлмаяпти, Аллоҳга шукр.

Ҳаваскор боксчилар ичида ўзбеклар ўз номига эга. Сиз кимни энг зўри, деб айта оласиз (битта эркак ва битта аёл боксчилардан)?

- Айнан ҳаваскор боксчилар ичида Токио Олимпиадасида қатнашган Баҳодир Жалолов ўз вазн тоифасида ғалабага эришди. Ҳозирги кунда Баҳодир Жалолов энг зўри, деб айта оламан. Қизларни айтмай қўя қолай.

Райҳонани ранжитаётган ҳолатлар ҳам борми?

- Ҳозир ранжитаётган эмас, бир вақтлар ранжитган воқеани айтиб ўтаман. Осиё чемпионатида 10 та қиз иштирок этиб, 8та медалга эга чиқдик. Жуда оғир ботган жиҳати эса, Олимпиадага лицензия қўлга киритган мен ва Турсуной Раҳимова Осиёда мағлуб бўлганмиз. Чунки устозларимиз бизга ишонган. Лекин бу мусобақада тўлиқ формада рингга кўтарилмаганмиз. Ҳамма медаль билан қайтгани сизга таъсир ўтказмай қолмайди.

Спортни энди бошлаган вақтларингизда, эшитишимизча, ички чемпионатлар, вилоятлардаги мусобақаларда кўп ноҳақликлар бўлган экан. Бу вақтда спортни ташлаб кетмоқчи бўлганмизсиз?

- Тўғри, бундай ноҳақликлар кўп бўлган. Мен ўзимни ютдим, деб ҳисоблаганимда, рақибамнинг қўлини кўтаришган. Жуда алам қилган, лекин унда ҳам кетиш эмас, балки янада кўпроқ шуғулланиб, кейинги сафар ютиш ҳақида ўйлаганман. Шу туфайли, бугун ўз вазнимда етакчилардан бири бўлиб келяпман.

IMG_8381

Райҳона бахт деганда нимани тушунади?

- Бахт ҳақида нимани тушунишим сир бўлақолсин. Чунки ҳамма бахтни ҳар хил тушунади. Бахтни инсоннинг ўзи яратади. Умуман олганда, соғ-омон юрганимизни ўзи бахт.

Яқин инсонингиз ким? Ўзингизни унинг ёнида енгил ҳис қила оладиган...

- Албатта, энг яқин инсоним - онам. Ҳамма учун онасидек азиз инсони бўлмаса керак. Уларни олдида ўзимни яхши ҳис қиламан ва барча сирларимни айта оламан.

Бугун сиз ўзбек боксига етишмаётган ва ва ўзгартиришни хоҳлайлиган энг керакли жиҳат қайси?

- Қийин савол бўлди. Буни муҳокама қилиш менга эмас, назаримда. Чунки шунча ёши катта, тажрибали устозларимиз бор. Улар Токио Олимпиадасидан кейин барчасини ўрганиб чиқишяпти, деб ўйлайман ва олдиндаги мусобақаларда бу ўз самарасини беришига ишонаман.

Дилноза Мустафоқулова суҳбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!