Олти нафар боксчи қизимиз финалга йўл олди, бир нафари эса бронза медалини қўлга киритди
Хабарингиз бор, Болгариянинг София шаҳрида анъанавий 77 "Странджа" халқаро турнири ўтказилмоқда. Бугун ярим финал жанглари старт олди.
-48 кг вазн тофасидаги қизларимиз – Фарзона Фозилова ҳамда Сабина Бобоқулова рўбарў келишди. Ўзбекистон чемпионати финалида Фарзона ғалаба қозонган эди. Бу сафар эса Сабина омадлироқ чиқди ва 5:0 ҳисобида зафар қучиб, финалга йўл олди! Фарзона бронза медалига эга чиқди.
-51 кг вазнда чиройли жанглар кўрсатаётган Феруза Казакова Ирландия вакиласи Каитлин Фрересга қарши рингга кўтарилди. Бу сафар ҳам Феруза ўзининг кучли босими ва тезкорлиги эвазига ғалабани қўлга киритди ва финалга йўл олди. Якуний ҳисоб 5:0 кўриниш олди.
-57 кг вазн тоифасидаги вакиламиз Нигина Ўктамова яна бир ирландиялик қиз Ниам Файга қарши рингга кўтарилди. Ниам Фай чорак финалда Ҳуморабону Мамажоновани мағлуб қилганди. Бу сафар эса Нигинага бас кела олмади. Шу тариқа Нигина реванш олиш баробарида финал масаласини ҳал қилди. Ҳисоб 4:1 кўриниш олди.
-65 кг вазн тоифасида Навбаҳор Ҳамидова англиялик Сача Хиккей билан тўқнаш келди. Биринчи жангида бироз имконияти даражасида ҳаракат қила олмаган Ҳамидова бу сафар супер жанг ўтказди ва ҳақли тарзда ғалаба қозонди. Ҳисоб 5:0 натижа билан якунланди. Яна бир финал!
-75 кгда Азиза Зокирова АҚШ вакиласи Наоми Грахам билан финал масаласини ҳал қилди. Жиддий рақибасига қарши Зокирова аъло даражада ҳаракат қилди ва 4:1 ҳисобида зафар қучди. У ҳам финалда!
-80 кгда Рухшона Парпиева туркиялик Ярен Дузтасга қарши рингга кўтарилди. Жиддий рақибасига қарши Рухшона яхши ҳаракат қилди. Бироқ бу ғалаба қозонишга камлик қилди. Якунда 0:5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва мусобақани бронза медали билан якунлади.
+80 кгдаги вакиламиз Олтиной Сотимбоева қозоғистонлик Дина Исламбековага қарши баҳс юритди. Якунда вакиламиз 3:2 ҳисобида ғолиб бўлиб, финалга йўл олди.
Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.
Фикрлар