“Олтин тўп” соҳиби келса, Винисиус “Реал”дан кетади!
Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Винисиус Жуниор 2024 йилги “Олтин тўп” соҳиби Родри билан бир жамоада ўйнашни хоҳламаяпти.
Испаниялик ярим ҳимоячи Родри ҳозирда “Манчестер Сити” футболчиси бўлиб, у “Қироллик клуби”нинг трансфер мақсадларидан бири ҳисобланади.
El Nacional хабар беришича, Винисиус мадридликлар раҳбариятига агар Родри клубга олиб келинса, жамоани тарк этишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аслида 2024 йилги “Олтин тўп” соврини учун асосий даъвогар Винисиус Жуниор бўлган. Бироқ охирида кутилмаганда нуфузли соврин Родрига топширилган. “Реал” ўшанда “Олтин тўп” соврини тақдимотини бойкот қилган эди.
Винисиус Жуниорнинг “Реал” билан шартномаси 2027 йилгача амал қилади. Аввалроқ хабар қилинганидек, томонлар футболчининг маош бўйича талаблари сабаб шартномани узайтириш бўйича келиша олмаяпти.
Фикрлар