"Олтин тўп" учун курашаётган футболчиларнинг статистикаси билан танишинг!
Бугун "France Football" навбатдаги "Олтин тўп"ни топширади. Ушбу соврин учун асосий даъвогарлар маълум. Уларнинг йил бўйи эришган натижалари асосида журналистлар, мураббийлар ва жамоа сардорлари ўз овозларини беради. Энг кўп овоз йиғган футболчи "Олтин тўп"ни қўлга киритади. Мазкур жараён ўз ниҳоясига етган, яъни барча овозлар бериб бўлинди. Энди ғолиб эълон қилинса, бас. Биз эса маросим олдидан даъвогарларнинг эришган натижаларига тўхталиб ўтамиз.
Кевин Де Брюйне.
10 гол, 32 голли узатма. Чемпионлар лигаси, Премьер-лига ва Англия кубоги ғолиби.
"Манчестер Сити"нинг, умуман Гвардиола футболининг энг муҳим футболчиларидан бири бўлган Кевин Де Брюйне учун йил ёмон ўтгани йўқ. 32 марта шерикларига голли узатма амалга оширган ярим ҳимоячи финалда жамоасига ёрдам бера олмагани мухлислар учун бироз аламли бўлди. Футболчи клуби билан требль қайд этган бўлса-да, терма жамоа билан умуман омади юришмади. Қатардаги мундиалда Бельгия гуруҳдан ҳам чиқа олмади ва бош мураббий ўз лавозимидан озод қилинди. Ҳаттоки Де Брюйненинг ўзи ҳам жамоани танқид қилганди.
Винисиус Жуниор.
25 гол, 26 ассист. Испания кубоги, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати va УЕФА суперкубоги ғолиби.
"Реал" юлдузи Винисиус ҳам ёмон мавсум ўтказгани йўқ. Унинг 51 та голда иштирок этиши зўр натижа. Клуби билан эришган ютуқлари ҳам чаккимас. Аммо унинг бисотида Чемпионлар лигаси ярим финалида "Манчестер Сити"дан учралган мағлубият, Жаҳон чемпионатидаги омадсизликлар бор. Шунингдек, Ла Лигада ҳам"Барселона" тантана қилди. Мана шу факторлар бразилиялик вингернинг "Олтин тўп"ни ютиши учун тўсиқ бўлиши мумкин, лекин келажакда яна имконият пайдо бўлиш эҳтимоли юқори.
Килиан Мбаппе.
55 гол, 14 голли узатма. Франция суперкубоги ва Лига 1 ғолиби.
Мбаппе учун йил омадсизроқ ўтди. У иккита соврин билан чеклангани рост. Аммо футболчи Жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишга жуда яқин келди. Турнир давомида кўрсатган ўйини ва финалдаги хет-трик мухлисларнинг унга бўлган ҳурматини оширди. Айниқса, "Реал" ишқибозлари Килианни тезроқ ўз жамоасида кўришни истай бошлади. Мбаппенинг бу вақт давомида жамоавий совриндан кўра индивидуал ютуқлари кўп бўлди. Мисол учун, у Мундиал ва Лига 1 тўпурари, Франция чемпионатининг энг яхши футболчисига айланди.
Эрлинг Холанд.
56 гол, 9 ta ассист. Чемпионлар лигаси, Премьер-лига ва Англия кубогида ғолиб чиқди.
"Манчестер Сити"нинг требль ютишидаги асосий қаҳрамонларидан яна бири бу Эрлинг Холанддир. У АПЛ, Чемпионлар лигаси каби йирик турнирларнинг ҳам тўпурари ва энг яхши футболчиси бўлди. Шунингдек, "The Best" ҳам унга насиб қилди. Бироқ ҳужумчи терма жамоаси ҳеч нима қила олмади. Норвегия Жаҳон чемпионати саралашидан ўта олмади. Шунингдек, "викинглар" "Евро-2024"га ҳам чиқа олмаслиги мумкин.
Лионель Месси.
42 гол, 26 голли узатма. Жаҳон чемпионати, Лига 1 va Франция суперкубоги ғолиби.
Фаолиятининг сўнгги дамларини ўтказаётганлигига қарамасдан Лионель Мессининг асосий номзодлар орасида туришининг ўзи бир таҳсинга лойиқ. Аргентина билан сўнгги йилларда қилаётган ишлари учун ҳам у шу ерда ва совринни қўлга киритиш эҳтимоли юқори. 35 ёшли ҳужумчи Қатардаги мундиалнинг энг яхши футболчисига ҳам айланди. Энг кўп голда иштирок ҳам этди. Мессининг "Олтин тўп"ни ютишига асосий омил Жаҳон чемпионати бўлиб қолади.
Фикрлар