Олтмиш миллион фунт турадиган супердарвозабоннинг бозори қизияпти
Англия Премьер-лигасида “Сандерленд” дарвозасини маҳорат билан қўриқлаётган дарвозбон Робин Руфс бир неча қудратли клублар нишонида турибди.
Маҳоратли голкипер учун курашга “Челси” ҳам қўшилди. “Аристократлар” ёзда дарвозабон позициясини кучайтириш мақсадида айнан Робин Руфсни олмоқчи.
Ўтган мавсум якунларига кўра юқори дивизионга чиққан “Сандерленд” Руфсни НЕК клубидан 9 миллион фунт ва бонуслар эвазига асосий дарвозабон сифатида таклиф этган эди.
Шундан бери Руфс Премьер-лиганинг энг ишончли дарвозабонларидан бири сифатида ўзини кўрсатди. У чемпионат доирасида 8 марта “қуруқ” ўйин ўтказди, шунингдек Англия Премьер-лигасида сейвлар сони бўйича тўртинчи ва қайтарилган зарбалар улуши бўйича учинчи ўринда турибди.
Sunderland Echo нашри маълумотига кўра, ҳозир “Челси” Руфс учун 60 миллион фунт таклиф қилишни ўйламоқда. Унга “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити” ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Бу мавсумда “Челси”нинг асосий дарвозабонлари Роберт Санчес ва Филип Йоргенсенга катта эътирозлар билдирилмоқда. Улар клубга қарийб 50 миллион фунтга тушган, аммо ишончни оқлай олмаяпти. Шунинг учун лондонликлар ёзги трансфер ойнасида дарвозабон позициясини кучайтиришни режалаштирмоқда.

Фикрлар