Омадсиз мураббийманми? Ахир сеҳргар эмасман-ку...
“Сурхон” Суперлигада ўз ўрнини топа олмаяпти. Олдига жиддий вазифа қўйган клуб 12 очко билан 12-ўринни банд этиб турибди. Вазиятни ўнглаш учун мураббийлар ҳам алмаштирилди. Фарғоналик Баҳром Ҳайдаров бошқарган пайтда “Сурхон”нинг натижалари ижобий томонга ўзгармади. Ундан сўнг, Равшан Ҳайдаров келгач, ҳам вазият ўнглангани йўқ. Баҳром Ҳайдаров эса клубдан тўлиқ кетганми ёки ҳали ҳам жамоада ишлаяптими? У бир қатор масалалар бўйича sports.uzга ўзининг фикр ва мулоҳазаларини баён этди.
“Сурхон”да селекционер мураббий эдим...
- Клубдан кетаётган маҳалимда бошқа лавозимга ўтасиз, бутунлай кетмайсиз, деб айтишганди, - дейди Ҳайдаров. - Натижада селекционер мураббий лавозимига ўтказилганман. Лекин охирги бир ярим ойдан буён клубга борганим йўқ. Сабаби, пандемия ва яна бошқа омиллар билан жамоа билан бирга эмасман. Жамоанинг машғулот жараёнларида қатнашмаяпман. Чунки энди “Сурхон”да бошқа мураббийлар штаби ишлаяпти. Қолаверса, ҳали клуб раҳбари билан учрашганим ҳам йўқ. Тез орада Тошкентга бориб барчасига аниқлик киритамиз.
“Гол ура олмаса, ғалаба ҳам йўқ”
- Четдан туриб жамоа ҳақида гапириш осон. Лекин мен “Сурхон”нинг ички муҳитини яхши биламан. Тан олиш керак, у ерда тажрибали футболчилар йиғилган. Гоҳ-гоҳида жамоа аъзолари билан хабарлашиб турибмиз. Жароҳат олган ўйинчилар кўп ва янги ёшлар ҳам етишиб чиқяпти. Молиявий томондан ҳам бироз муаммолар юз берди. Ҳар бир клубда бундай сусайиш бўлади. Аслида “Сурхон” ўз ўйинларида ёмон ҳаракат қилмаяпти. Менимча, кўп ҳолларда омад юз ўгиряпти. Масалан, Тошкентда марказлаштирилган ҳолда ўтказилган учрашувларда ҳам жамоа яхши ўйнади. Ғалаба қозониши керак бўлган беллашувларда қимматли очколарни йўқотди. Оқибатда ҳаммаси салбийга ўхшаб кўриняпти. Фақат натижа бўлмаяпти. “Навбаҳор”ни ютаётиб ўзимизга-ўзимиз гол урдик, йўқ жойдан. “Бухоро”га қарши баҳсда ҳам яна йўқ жойдан автогол туфайли гол ўтказдик. Бош мураббий Равшан Акмалович тажрибали мутахассис. Жамоа ўйини ҳам ўзгарган. Фақат омадсизликлар юз бермоқда. Гол ура олмаяпти ва бунинг натижасида очколарни ҳам тўплай олмаяпти. Бу .эса бошқаларнинг кўзига кучсиз жамоадек бўлиб кўринмоқда. Таркибдаги Шавкат Саломов, Жаҳонгир Меҳмонов, Шерзод Каримов каби ўйинчилар жамоадаги муҳитни ушлаб туришади. У ерда ёшлар орасида ҳам иқтидорлари бор. Менимча, ғалабалар бошланса, омадсизликлар кўзга кўринмай кетса керак.
“Айбни ўзимиздан ҳам қидиришимиз керак”
- Ҳамма айбни ҳам омадсизликка ағдарсак бўлавермайди. Ўзим ишлаётган пайтда ҳам барча ўйинчилар ўйнади, ҳаммалари соғ-саломат эди. Тўғри, пандемиядан сўнг, ҳеч ким 100 фоизга тайёр эмасди. Лекин АГМК, “Машъал”га қарши учрашувларда ютишимиз керак эди, бироқ ютқаздик. Ўша олмалиқликлар билан баҳсда қанча вазиятлардан фойдалана олмадик. Қўшимча дақиқада ҳакамнинг хатоси туфайли гол ўтказиб юбордик. Айтишим керакки, жамоамизнинг ўйини ёмон эмасди, йирик ҳисобларда ютқазадиган даражада деб бўлмайди. Мураббий сифатида мени ҳам, ҳозиргиларни ҳам қаердадир камчиликларимиз бўлган. Айбни бошқаларга ағдармасдан ўзимиздан ҳам излашимиз керак. Тўғриси, таркиб бўйича “Сурхон” бемалол кучли бешликка курашадиган жамоа эди.
“Клубга бехосдан келиб қолгандим”
- Омадсиз мураббийманми? Шундай туюлиши мумкин. Агар “Сурхон”ни бошидан ўзим тайёрлаганимда балки натижалар бошқачароқ бўлиши мумкин эди. Аммо бирор нимани баҳона қилмаслигим керак. Чунки қўлимга яхши таркиб тушганди. Фақат улар билан бемалол ишлашга имконият бўлмади. Клубда 4 ой ишлаган бўлсам, 20 кунча тўлиқ машғулот ўтказдим. Шунча вақт ичида ниманидир ўзгартириб юборгани мен ҳам сеҳргар эмасман-ку! Боз устига янги клубга бехосдан келиб қолгандим. Дабдурустдан жамоа билан киришиб кетиш осон бўлмасди. Ўзимни омадсиз мураббийман, деб тушкунликка тушмаяпман. Ҳали ўзимни кўрсатиш учун зўр имконият бўлгани йўқ. Мураббийликни яқиндагина бошладим, мен учун ҳаммаси олдинда.
“Ҳали таклиф бўлмади, фақат...”
- Тўғрисини айтавериш керак, менга ҳали таклифлар бўлмади. Ҳамма жамоанинг ўз мураббийси бор. Фақат ёрдамчи мураббийликка чақирувлар бўляпти. Мавсум тугайверсинчи, бир гап бўлар. Шунчаки ойлик маошга илашиб қолиш учун ишлаш ниятим йўқ. Ҳаммасини бошидан бошлаб йўлга қўймоқчиман.
Фикрлар