Ўрунов ўзига харидор жамоага қарши ўйнайди
Россия футболига кириб борганига бир йилдан ошган Остон Ўруновнинг фаолияти аста-секин яна изига тушмоқда. Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида “Уфа” сафидаги ажойиб ўйинлари билан етакчи клублар эътиборини қозонган ҳамюртимиз учун жорий мавсум ниҳоятда омадсиз бошланганди. “Спартак” мураббийлар штаби ўзини кўрсатишга имкон бермаган футболчимиз танқидлар остида қолиб кетди.
Ниҳоят, февралда ижара асосида “Уфа”га қайтган Ўрунов ўйин амалиятига эга бўла бошлади. Уфаликлар таркибида премьер-лига ва Россия кубоги мусобақасида жами уч марта майдонга тушган футболчимиз битта голга ассистентлик ҳам қилди. Бироқ, Остон Ўрунов Россия премьер-лигасининг аввалги турида жароҳат олиб, “Урал”га қарши ўтказилган беллашувнинг 41-дақиқасида майдонни тарк этишга мажбур бўлганди.
Кейинроқ ўтказилган тиббий текширув натижасида, жароҳат хавфли эмаслиги, оёқ мушагидан шикастланган футболчи тез орада сафга қайтиши аниқланди.
“Уфа” бош директори Ринат Шайбеков журналистларга Остон Ўрунов жароҳатдан тикланиб бўлиб, “Рубин”га қарши баҳсга тайёргарлик кўраётганини таъкидлади.
- Остон Ўрунов умумий гуруҳ машғулотларига қўшилди, - деди Ринат Шайбеков.
- Унинг жароҳати жиддий эмасмиди?
- Ҳа, осон қутилди. Сон мушаги бироз чўзилган экан. Ҳозир ҳаммаси ортда қолди ва аҳволи яхши.
- Демак, навбатдаги учрашувга тайёргарлик кўраётган эканда?
- Албатта. Лекин ўйинда кимлар иштирок этишини мураббийлар штаби ҳал қилади.
Таъкидлаш жоизки, Остон Ўрунов жисмонан бақувват бўлишига қарамай, ўтган йили ёзда “Спартак” жамоасига ўтганидан кейин бир неча маротаба жароҳат олди. 20 ёшли футболчимиз қишки ўқув-машғулот йиғини доирасида ҳам кичик жароҳатга йўлиқиб, москваликларнинг “Пахтакор”га қарши ўртоқлик учрашувини ўтказиб юборди.
Ўрунов мавсумнинг иккинчи ярмига “Спартак” жамоаси таркибида тайёргарлик кўрган бўлса-да, чемпионат ва кубок ўйинларида “Уфа” шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Уфаликлар уни мавсум охиригача ижарага олди.
Россия премьер-лигасининг 27-турида “Уфа” ўз майдонида “Рубин” футболчиларини қабул қилади. Бу учрашув Остон Ўрунов учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки қозонликлар ёзда легионеримизга харидор бўлганди. Бироқ, Шамиль Газизов ўзи топиб келган ўйинчини “Спартак”га жойлади.
Қишки трансферлар вақтида “Рубин” Ўрунов трансфери бўйича москваликларга яна расмий сўров юборди. Бироқ, “Спартак” раҳбарияти легионеримизнинг трансфери учун 6 миллион евро талаб қилгани, қозонликларни фикридан қайтарди.
Таъкидлаш жоизки, “Рубин” ўзбекистонлик чарм тўп усталари учун омадли жамоа ҳисобланади. Ўз даврида бир неча футболчимиз бу клубда муваффақиятли тўп тепган. Хусусан, Февзи Давлетов, Андрей Фёдоров, Виталий Денисов, Вагиз Галиулин, Вадим Афонин, Марат Бикмаев, Даврон Мирзаев, Баҳодир Насимов каби ўзбек футболи тарбияланувчилари турли йилларда Қозон шаҳри жамоаси шарафини ҳимоя қилган.
“Уфа” – “Рубин учрашуви 14 март куни Тошкент вақти билан соат 16:00да бошланади.
Фикрлар