Осимхен бўйича 130 миллион евролик таклиф тушди
“Галатасарой” раҳбарияти нигериялик тажрибали ҳужумчи Виктор Осимхен бўйича Саудия Арабистонидан келган ўта катта суммали таклифни рад этди.
Бу ҳақда журналист Флориан Плеттенберг ижтимоий тармоқдаги X саҳифасида хабар берди.
Манба маълумотига кўра, “Ал-Ҳилол” воситачи орқали Туркия клубига ҳужумчи учун оғзаки равишда 130 миллион евро таклиф қилган. Бироқ “Галатасарой” мутасаддилари ҳозирги босқичда Осимхен бўйича музокара олиб боришга тайёр эмас.
Ўтган мавсумда 27 ёшли футболчи барча мусобақаларда 33 та ўйин ўтказиб, 22 та гол ва 8 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Виктор 2025 йил 31 июль куни “Галатасарой”га “Наполи”дан тўлиқ трансфер асосида ўтиб, тўрт йиллик шартнома имзолаганди. Трансфер суммаси 75 миллион еврони ташкил этди ва бу Туркия Суперлигаси тарихидаги мутлақ рекорд бўлди.

Фикрлар