Осиё чемпионати. 7 нафар боксчимиз кейинги босқичга йўл олди

  • 05.05.2026 00:00
  • Javohir Malikov
  • 0
  • Бокс
Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Хабарингиз бор, айни кунларда Олимпия шаҳарчасида кичик ўсмирлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтяпти. Бугун кун давомидан 9 нафар боксчимизнинг жанглари ўрин олганди.

Бугунги баҳсларнинг биринчисида -46 кг вазн тоифасида, Висола Бахтиёрова ҳиндистонлик Ҳаншика Аттрига қарши баҳс олиб борди ва афсуски, 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди.

Чемпионатда терма жамоамиздан иккинчи бўлиб, Зебинисо Абдуллаева рингга кўтарилди. У -49 кг вазнда қозоғистонлик Ксения Егоровага қарши баҳс олиб борди. Жанг жуда қизиқарли кечди ва Зебинисо ўзига хос "класс" кўрсатган ҳолда рақибасига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Якуний ҳисоб 5:0 кўриниш олди.

-52 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда терма жамоамиз вакили Дурдона Хайриддинова қозоғистонлик Самал Толепбергенга қарши рингга кўтарилди. Дурдона имкони борича жанг олиб борди. Бироқ, ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозоғистонлик боксчига берилди. Якуний хисоб 0:5.

-55 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Баҳора Маҳмуджонова қирғизистонлик Элинай Догдурбаевага қарши ишончли ва ҳужумкор баҳс олиб борди. Спортчимиз жанг давомида устунлигини яққол намоён этиб, юқори маҳорат ва тезкор ҳаракатлари билан рақибасига босим ўтказди. Натижада Баҳора иккинчи раунддаёқ муддатидан аввал ишончли ғалабани қўлга киритди.

-Осиё чемпионати давом этади. Навбатдаги терма жамоамиз аъзоси ҳам мусобақада ўз юришини бошлади. -64 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Малика Улуғбекова Саудия Арабистони вакиласи Азиза Кандилга қарши муросасиз жанг ўтказди ва якунда ҳарактер кўрсата олган, Улуғбекова 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

-43 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Адиз Илҳомбеков ҳам Осиё чемпионатидаги илк жангини ўтказди. Унга туркманистонлик Муҳаммадели Сердаров рақиблик қилди. Бутун жанг мобайнида устунликни ўз қўлига олган Илҳомбеков ҳақли тарзда 5:0 ҳисобида зафар қучди.

Кечки дастурни -50 кг вазндаги вакилимиз Раҳмонали Самадов бошлаб берди. У филиппинлик Мэтью Аюманага қарши муросасиз жанг ўтказди. Дастлабки икки раундда кичик 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган Самадов 3-раундда тезликни ошириб, яққол устунликка эришди ва якунда 4:1 натижаси билан зафар қучди.

Ойбек Алимжонов саралаш баҳсида хитой тайпелик Ёу Ченг-Ченга қарши рингга кўтарилди. Дастлабки раундларда тотал устунлик қилган ҳамюртимиз 3-раундга келиб, рақибига "мастер-класс" ўтаб берди. Олимжанов томонидан кетма-кет зарбалардан сўнг рақиб техник нокаут ҳолатига тушиб қолди. Шу тариқа вакилимиз супер ғалаба билан кейинги босқичга йўл олди!

-57 кг даги спортчимиз Аслиддин Усубалиев саралаш баҳсида Жанубий Корея вакили Жунҳуи Лее билан кураш олиб борди. 1-раундда рақиб кескин қаршилик кўрсатди. Бироқ 2-раундда ҳамюртимиз Жунҳуини бир бор нокдаун ҳолатига солиб, ўртадаги мувозанатни тиклади. Ҳал қилувчи раундда ҳам Усубалиев устун келиб, ажойиб камбэкни амалга оширди. Якуний ҳисоб 5-0.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!