Осиё чемпионати. Бугун яна 8 нафар боксчимиз ярим финални нақд қилди!

  • 08.05.2026 23:49
  • Javohir Malikov
  • 0
  • Бокс
Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Хабарингиз бор, айни кунларда Олимпия шаҳарчасида Осиё чемпионати бўлиб ўтяпти. Бугунги дастурдан 10 нафар ўсмирларимизнинг жанглари ўрин олганди.

Ҳамюртимиз Раҳмонали Самадов -50 кг вазнда Жанубий Корея вакили Сеонгмин Квонга қарши баҳс олиб борди ва афсуски, 0:5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

-52 кг вазнда бўлиб ўтган чорак финал баҳсида, Ойбек Алимжонов Жанубий Корея вакили Ҳожун Жангни иккинчи раундда техник нокаутга учратди.

Абдулбосит Юрсунбоев ҳам ярим финалга йўл олди. Боксчимиз -54 кг вазнда мўғулистонлик Тувшинбаяр Отгонбатдан 5:0 ҳисобида устун келди.

-57 кг да Аслиддин Усубалиев чорак финал баҳсида рингга кўтарилди. У қозоғистонлик Нурислам Онгалбекка қарши баҳс юритди. Шиддатли ва муросасиз кечган жангда, афсуски вакилимиз 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

-60 кг да Аҳмад Абдусатторов ҳам чорак финал баҳсида рингга кўтарилди. У япониялик Каито Касаҳарага қарши баҳс юритди. Қизиқарли кечган жангда Абдусатторов яққол устунлик қилди ва 5:0 ҳисобида зафар қучиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

-63 кг да вазн тоифасида Рушен Сайдуллаевга тожикистонлик Хамза Раҳимов рақиблик қилди. Жангни кўтаринки кайфиятда ўтказган Сайдуллаев 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

- 66 кг да юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган, Баҳодир Холиқуловга чорак финалда вьетнамлик Мин Хоа Нгуенга қарши рингга кўтарилди. Жангда вакилимиз жуда катта устунликка эришди ва бу натижада ҳам ўз аксини топди. Холиқулов иккинчи раундда техник нокаут билан зафар қучиб, ярим финалга йўл олди.

-70 кг да Абдувоҳид Абдумажидов мусобақадаги энг асосий рақибларидан бири қозоғистонлик Нурассил Ораза билан баҳс олиб борди. Тўқнашув жуда шиддатли тарзда кечди ва унда кучли ҳарактер кўрсата олган Абдумажидов 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финални нақд қилди!

-75 кг да Маруфжон Тошпулатов ва қозоғистонлик Торехан  Канатбай  ўртасидаги жанг ўз ниҳоясига етди. Тўлиқ уч раунд давом этган баҳсда вакилимиз рақибдан ҳар жабҳада устун эканини кўрсатиб, якунда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва ярим финалга йўл олди!

Ва ниҳоят -80 кг да Самандарбек Умаров ва Эрон вакили Меҳршад Шерафатманд қарама-қаршилиги ҳам якунланди. 1 раундда Умаров, 2 раундда Шерафатманд 3:2 ҳисобида устунлик кўрсатди. Ҳал қилувчи раунд эса ҳамюртимиз рақибни нокдаун ҳолатига тушира олди ва шу тариқа 3:2 ҳисобида зафар қучиб, ярим финал йўлланмасига эга чиқди!

Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!