Осиё футбол конфедерацияси ФИФАни танқид қилди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Озиё футбол конфедерацияси (AFC) Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) томонидан янги тижорат тузилмаси яратилиши бўйича қабул қилинган қарорни очиқ танқид қилди. Ташкилот вакилларининг таъкидлашича, бундай йирик ташаббус муҳокамасига AFC умуман жалб этилмаган. AFC маълумотига кўра, конфедерация раҳбарияти лойиҳа ҳақидаги дастлабки маълумотларни омма орқали билиб қолган, ҳолбуки, бундай даражадаги қарорлар олдидан аъзо ташкилотларга ҳужжатларни чуқур ўрганиш ва муҳокама қилиш имкони берилиши керак эди. «AFC қатъий ишонч билдирадики, барча манфаатдор томонлар таклифнинг бошқарув, ҳуқуқий, тижорат ва стратегик жиҳатларини тўлиқ баҳолаши учун етарли маълумот ва вақтга эга бўлиши шарт. Фақат шунда қабул қилинадиган қарорлар жаҳон футбол ҳамжамиятининг умумий манфаатларини акс эттиради ва ФИФА бошқарув тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлайди», — дейилади ташкилот баёнотида. AFC шу билан бирга футболни ривожлантиришга содиқлигини таъкидлаб, унинг ўсишига хизмат қиладиган янги ёндашувларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бироқ конфедерация фикрича, бундай ташаббуслар очиқлик ва кенг қамровли маслаҳатлашувлар асосида амалга оширилиши лозим. ФИФА сешанба куни янги тижорат тузилмаси орқали 4,2 миллиард доллар жалб этиш нияти борлигини маълум қилди. Режага кўра, ташкилот медиа ва тижорат ҳуқуқларини, жумладан жаҳон чемпионатлари ҳуқуқларини, шу янги тузилма ихтиёрига ўтказади ва унинг тахминан 20 фоиз улушини хусусий инвесторларга сотади. Бу режалар Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) томонидан ҳам кескин танқид қилинди. ОАВда тарқалган маълумотларга кўра, янги тузилма акцияларини Жошуа Кушнерга тегишли инвестиция жамғармаси сотиб олиши мумкин. ФИФА қарорига қарши чиққалар фақат УЕФА билан чекланмади. Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси мамлакатлари футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ) ҳам ташаббусни маъқулламаслигини билдирди. Шу билан бирга, ОАВ хабар беришича, УЕФАга аъзо миллий ассоциациялар жаҳон чемпионатини бойкот қилиш эҳтимоли юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказишни режалаштирмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!