Осиё каратэ федерацияси раҳбари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди

Осиё каратэ федерацияси (ОКФ) президенти, генерал-маёр Носир Абдулраззок Ал-Разуки бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан шу йил 23-25 декабрь кунлари Ўзбекистонда бўлади.

Бугун куннинг иккинчи ярмида фахрий меҳмон бошчилигидаги делегация аъзолари Туризм ва спорт вазирлигига ташриф буюришди. Уларни бу ерда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов кутиб олди.

Шунингдек, икки томонлама музокараларда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдурахмонов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Осиё каратэ федерацияси вице-президенти, Ўзбекистон каратэ федерацияси раиси Аламжон Муллаев ва бошқалар иштирок этишди.

ОКФ президентининг мамлакатимизга ташрифидан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда каратэ спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишдан иборат.

Учрашувда Туризм ва спорт вазири А.Абдухакимов сўнгги йилларда юртимизда каратэ спорт турини тобора оммалаштиришга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик борасида тўхталиб, бунга жавобан ўзбекистонлик спортчилар халқаро майдонларда ўз сўзларини айтишаётганлигини таъкидлади. Жумладан, яқинда БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Достон Отаболаевнинг ғалаба қозонгани ва бу мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк олтин медал сифатида тарихга киргани мамлакатимизда каратэ спорти ривожида сезиларли ютуқларга эришилганидан дарак беришини эътироф этди.

Ўз навбатида жаноб Носир Абдулраззок Ал-Разуки юртимизда спорт соҳасига, хусусан каратэ спортини ривожлантиришга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётганидан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистон тажрибасини қитъамизнинг бошқа мамлакатларида оммалаштиришни таклиф қилди. Шу билан бирга, меҳмондўстлик ва самимий қабул учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.

Учрашувда Осиё каратэ федерацияси ҳамда Ўзбекистон ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, юртимизда нуфузли халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш каби масалаларда ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, фахрий меҳмон ташриф доирасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳам бўлади. Унда таълим муассасаси билан танишиб, бу ерда талабалар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилади. Қолаверса, олийгоҳ билан БАА ҳамда Ўзбекистон каратэ федерациялари ўртасида уч томонлама меморандум имзоланади. Унга мувофиқ, Осиё каратэ федерацияси Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг каратэ бўлимида татами ва спорт жиҳозларини тақдим этиши кўзда тутилган.

Мазкур ташриф доирасида Осиё каратэ федерацияси президенти, генерал-маёр Носир Абдулраззок Ал-Разуки ташкилот бош котиби Хуан Им Че (Макао) ҳамда биринчи вице-президент Аламжон Муллаев ҳамроҳлик қилишмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!