Осиё кубогида 2-тур учрашувлари ўз ниҳоясига етди (барча гуруҳлардаги вазият)
Қатарда бўлиб ўтаётган Осиё кубогининг 2-туридан ўрин олган барча учрашувлар ўз ниҳоясига етди. Кутилмаган натижаларга бой ўтган турдан сўнг барча гуруҳлардаги вазият билан танишишингиз мумкин.
"A" гуруҳи
Қатар минимал ҳисобда Тожикистони таслим қилиб, 6 очко билан плей-офф масаласини ҳал қилди. Бир киши кам бўлиб қолган қўшниларимизга қарши ягона голни Акром Афиф киритди. Ливан - Хитой баҳсида бўлса нурсиз дуранг қайд этилди.
"B" гуруҳи
Австралия Сурия тўсиғидан ўта олди. Ўйиннинг 59-дақиқасида Жексон Ирвин ҳисобни очди ва бу гол ягоналигини сақлаб қолди. 6 очкоси бор Грэм Арнольд шогирдлари ҳам гуруҳдан чиқди. Ўзбекистон эса Ҳиндистонни қийинчиликсиз таслим қилди. Учрашувда дастлаб Аббос Файзуллаев, кейин эса Игор Сергеев ва Шерзод Насруллаевлар ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди.
"C" гуруҳи
Фаластин - БАА баҳсида томонлар дурангга имзо чекди. 23-дақиқада Султон Адил ҳисобни очган бўлса, Ал Ҳаммади қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Иккинчи тайм бошида Бадер Абаелазиз ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Гонгконг - Эрон ўйинида эронликлар минимал 0:1 ҳисобида зафар қучди. Мазкур баҳсдан сўнг Амир Галеонига нисбатан танқидлар кўпайди. Аммо унинг шогирдлари плей-оффга муддатидан олдин йўл олди.
"D" гуруҳи
Турнирнинг энг кутилмаган натижаси Ироқ - Япония баҳсида қайд этилди. 5-дақиқадаёқ ҳисобни очган Айман Ҳуссейн биринчи тайм сўнггида яна бир бор ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди. 90+3 дақиқада Ватару Эндо жавоб қайтарди. Индонезия эса Вьетнамни 0:1 ҳисобида таслим қилишга муваффақ бўлди. Ушбу гуруҳдан Ироқ биринчи ўрин билан плей-оффга чиқди.
"E" гуруҳи
Яна бир кутилмаган ҳисоб Иордания - Жанубий Корея баҳсида кузатилди. 9-дақиқада Сон пенальтини аниқ амалга оширган бўлса, иорданияликлар икки марта жавоб қайтариб, олдинга чиқиб олди. Сўнгги дақиқаларда Язан Алараб автогол уриб қўйди ва ҳисоб тенглашди. Баҳрайн эса Малайзия устидан ғалаба қозониб, илк 3 очкосини қўлга киритди.
"F" гуруҳи
Ўмон - Таиланд баҳсида томонлар дурангга имзо чекди. Саудия Арабистони эса Қирғиз Республикасини 2:0 ҳисобида таслим қилди. Икки киши кам бўлиб қолган қўшниларимизга қарши Муҳаммад Канно биринчи голни урган бўлса, Ал Ғамди фарқни иккитага ошириб қўйди.
Фикрлар