Осиё кубоклари тарихига назар. Чемпионатларнинг чемпионлари
Қатардаги Осиё Кубоги старт олди. Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сурия билан куч синашади. Рақибимизни бизга бегона бўлмаган мутахассис Эктор Купер бошқариб боради.
Ҳамюртларимизнинг бугунги ўйини олдидан Осиё Кубоклари тарихига назар ташлаймиз.
Биринчи Осиё Кубоги 1956 йили Гонконгда ўтказилган. Унда тўртта терма жамоа иштирок этган ва Жанубий Корея чемпионликка эришганди.
1968 йили Эронда ўтказилган чемпионатда бешта жамоа қатнашган ва мезбонлар ғолибликни қўлга киритишган.
1972 йили финал босқичида олтита жамоа ўзаро беллашган. Таиланддаги биринчиликда Эрон кетма-кет иккинчи чемпионлигини расмийлаштирган.
1980 йили ўнта иштирокчи Кувайтда куч синашган. Ғолиблик майдон эгаларига насиб этган.
1992 йилга келиб жамоалар сони саккизтага туширилди. Японияда ўтган ўйинларда “кун чиқар юрт” вакиллари совринни ўз уйларида олиб қолишган.
1996 йилда ўн икки жамоа ғолиблик учун баҳс олиб борган. Бирлашган Араб Амирликларидаги беллашувларда Саудия Арабистони биринчи ўринни қўлга киритганди.
2004 йилда жамоалар ўн олтитани ташкил қилди. Хитойдаги баҳсларда Япония шоҳсупанинг энг юқорисидан ўрин эгаллаган.
2007 йилдан қитъа биринчилиги тоқ йилларда ўтказила бошланди. Ўша йили чемпионатни тўртта мамлакат ўзида қабул қилганди.
2019 йилги қитъамиздаги энг нуфузли мусобақада тарихда илк бор йигирма тўрт жамоа иштирок этди. Беллашувларда Қатар чемпионликка эришди.
Шу пайтгача ўтказилган мусобақаларда Япония тўрт марта чемпионликни қўлга киритган ва энг кўп соврин ютган терма ҳисобланади. Японлар финалларда бир бор мағлубиятга учраган холос.
Эронда финалларда ютқазмаган. Форслар уч бор ғолибликка эришган.
Саудия Арабистони уч марта биринчи ўринни эгаллаган ҳамда уч бор ҳал қилувчи баҳсда имкониятни бой берган.
Жанубий Корея икки марта совринни боши узра баланд кўтарган. Тўрт бор финалда мағлуб бўлган.
Шунингдек, Исроил, Кувайт, Австралия, Ироқ ва Қатарда биттадан чемпионлик унвони мавжуд.
Ўн еттита чемпионат баҳслари ўн олти мамлакатда ўтказилган (2007 йили чемпионатга тўрт давлат мезбон бўлган). Шулардан Эрон, Таиланд, Қатар ва БАА мусобақада икки марта мезбонлик қилган. Бу галги қитъа биринчилиги қатарликлар учун учинчи сиҳобланади.
Осиё чемпионатларининг энг яхши тўпурари эронлик Али Даеи. Унинг ҳисобида 14 гол мавжуд. Мерганлар қаторида ҳамюртимиз Александр Гейнрих ҳам мавжуд. У рақиблар дарвозасини олти бор ишғол этган.
Фикрлар