Отабек Ғуломхўжаев бир ё икки йиллик жамоа тузмоқчи эмас!

Яқинда Ўзбекистон U-16 терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги рақиблари маълум бўлган бўлса, Ўзбекистон U-18 терма жамоамизнинг Осиё чемпионати саралаш баҳсларида кимларга қарши иштирок этиши ойдинлашди. Энди мураббийлар шунга қараб тайёргарлик ва режаларини ишлаб чиқадилар. Лекин шуни ҳам алоҳида айтиш жоизки, ушбу терма жамоалар бунгача ҳам муайян режа асосида шуғулланиб, ўз ёш тоифаларида иқтидорли болаларни саралаб келмоқдалар.

Болалар футболи алоҳида мавзу ҳисобланиб, уни кенг миқёсида ривожлантириш бугунги куннинг устивор вазифаларидан бирига айланган. Бу борада эса малакали мураббийларнинг хизмати ҳам алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда Ўзбекистон U-18 терма жамоасига бош мураббийлик қилаётган Отабек Ғуломхўжаевга ҳам катта ишонч билдирилмоқда. Айни дамда Республикамиз бўйлаб селекция ишларига ҳам жиддий эътибор қаратган. Олдинда эса бир қатор халқаро даражадаги ўртоқлик учрашувлари кутиб турибди. Ғуломхўжаев жамоаси Осиё чемпионати саралаш баҳсларида Саудия Арабистони, Ҳиндистон ва Афғонистонга қарши ўйнайди. Бош мураббийнинг олдида турган дастлабки вазифа эса ушбу саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиш.

Қуръа хусусида

- Рақибларимиз чакки эмас. Осиёда ўзига яраша ҳурмати бўлган Саудия Арабистони – булар мезбон. Ҳозирги кунда Ҳиндистонда ҳам футбол ривожланяпти. Буни олимпия ва миллий терма жамоаларининг мисолида ҳам кўрдик. Ўйлашимча, уларда тўғри тизим ишлаяпти. Афғонистонда эса футболнинг даражаси паст деб ўйламайман. Биз ҳар бир рақибни ҳурмат қилган ҳолда уларни ўрганишни бошлаймиз. Лекин ҳарактерим шундайки, мен рақибнинг ўйинидан келиб чиқиб тактика танламайман. Менинг ўз ўйин услубим бор. Керак бўлса, рақиб бизни ўргансин. Профессионал жамоани ўрганишингиз мумкин, аммо ўйин давомида улар ўйин услубини бутунлай ўзгартириб юборишлари ҳам мумкин. Бундан кўра, ўзимизнинг яхши кўрган услуб – тўпни назорат қилиш ва ҳужумкор ўйин кўрсатиш энг яхшиси. Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳар бир жамоада индивидуал томондан яхшироқ ўйинчилар бўлади. Шундай футболчиларни бартараф қилиш учун барибир ҳимояда жиддийроқ ўйнаш талаб этилади. Гуруҳдан фақат 1-ўрин эгалари чиқишади. Шунингдек, 2-ўринни олганлар орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлганларнинг тўрттаси ҳам финал босқичига йўл олишади.

Саудия Арабистони фаворитми?

- Нимага Саудияни фаворит деб ҳисоблашим керак? Айтганимдек, биз ҳамма рақибга, шу жумладан Ҳиндистон ва Афғонистонга нисбатан ҳам ҳурмат билан қараймиз. Бунгача терма жамоаларимизда ишлаб кетган мураббийларимизни ёмонламоқчи эмасман. Лекин биз саралаш баҳсларидан ўта олмаганимизнинг ҳисобига бу сафар саралаш баҳсларига 2-3-саватчалардан чиқиб қолдик. Ҳиндистон эса Осиё чемпионатида қатнашиб кучли 16 таликдан жой олгани учун 1-саватчадан чиқди. Лекин бу уларни кучли дегани эмас. Бизнинг танлаган услубимиз бор. Шундай экан, таркибимизнинг ўзагини шакллантириб боряпмиз. Шу билан бирга йигитларимнинг ҳаволаниб кетишларини ҳам хоҳламайман. Лекин менинг жамоамдан кўнглим тўқ.

Саралаш баҳсларининг Саудияда ўтиши ҳақида

- Ўзимни у қадар етук мутахассис билмай, бошқа мураббийларни финал босқичига чиқа олишмагани учун камситмоқчи эмасман. Лекин ўша майдонда бошқа жамоалар ўйнаб чиқишди-ку. Ҳамма жамоа менимча, бир хил ҳолатда эди. Рақиб билан эса сиз битта майдонда ўйнайсиз. Футболчиларимизга биринчи навбатда руҳий ва тактик тайёргарликни ўргатишимиз керак. Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўша пайтга келиб ҳаво иссиқ ва дим бўлади дейишади. Бироқ бундай об-ҳаво шароитида ҳамма жамоа ўйнайди. Саудияга эса мезбонлиги учун бироз осон бўлиши мумкин. Лекин бу уларга устунлик беради дегани эмас. Биз уйда ёки сафарда ўйнаймиз, деган тушунчаларни ҳозирданоқ ўйинчиларимизнинг миясидан чиқариб ташлаяпмиз. Булар – профессионал футболчилар. Шунинг учун биз сафарда ўйналади, иқлимга мослашиш каби турли масалаларга эътибор бермаяпмиз. Энг муҳими беш ой муддат ичида футболчиларимизни ўйинларга ҳар томонлама тайёрлай олишимиз лозим. Саралаш баҳслари 2-10 ноябрь кунларида ўтказилади. Бироқ ҳали тақвим чиқмади.

Водийда «Берлин» U-18 га қарши бўлажак учрашувлар

- Тўғриси, «Берлин» U-18 жамоасини билмайман. Лекин маълумотларга қараганда яхши жамоа келяпти. Рақиб ким бўлишидан қатъий назар майдонда 2-3 хил тактикаларни кўргим келяпти. Буни футболчиларимга ҳам тайинлаяпман. Раҳбарият билан маслаҳатлашиб бу жамоага қарши ўйинларни Андижон ва Наманганда ўтказишга қарор қилдик. Ушбу шаҳарлардаги стадионларда бўладиган муҳит, мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши остида футболчиларимиз бор имкониятларини кўрсата  олишадими? Ўзини руҳий томондан тетикман деб ҳисоблаган ўйинчи ҳам бундай юқори муҳитда оёқлари қалтираб қолиши ҳам мумкин. Биз водийдаги ўйинларда айнан ушбу жабҳалар бўйича ҳам футболчиларимизни синаб оламиз. Мазкур беллашувлар орқали Осиё чемпионати саралаш баҳсларида қўллайдиган ўйин услубимизни аста-секин амалда жорий этишни бошлашимиз керак. Рақиб кучли бўлса, йигитларимиз кўрсатмаларимизни қанчалик бажара олишаркин, буни ҳам амалда кўрамиз. Биз ўйин давомида вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўйин услубимизни қанчалик ўзгартира олишимизни кўрмоқчиман. Битта тактика билан ўйнаб, қўлидан ҳеч нима кела олмасдан кўра футболчиларни тезкорлик билан тактик услубларни ўзгартирган ҳолда ўйнай олишларига ўргатишимиз керак.

Навбатдаги рақиб Тожикистон

- Кейинги режамизга кўра июнь ойида Тожикистон билан ўртоқлик учрашувини Самарқанд ва Қаршида ўтказмоқчимиз. Июнь ойида Тожикистон билан Самарқандда ва Қаршида ўйнаганимиздан кейин июль ойида тоғли ҳудудда шуғулланиб, жисмоний ҳолатимизни яхшилаб оламиз. Кейин эса қолган уч ой давомида сафарларда йиғинлар ўтказмоқчимиз. Айнан рақибларимизга яқин бўлган терма жамоалар билан ўйинлар ўтказмоқчимиз. Масалан, Саудия Арабистонига ўйин услуби ўхшаш бўлган, БАА ёки Ироқ билан ўйнаймиз. Шунингдек, Тожикистонни рақиб сифатида бежизга танламадик. Чунки уларнинг ўйини афғонларникига ўхшаб кетади. Асосийси, таркибимизнинг ўзаги шаклланган. Лекин бу қолган номзодлар учун эшигимиз ёпилди дегани эмас. Шу кунларда вилоятлардаги футбол академиялари иштирокида «Келажак сари» деган мусобақа ташкил этиляпти. Биз ушбу мусобақа орқали ҳам яна янги иқтидорларни кўрамиз. Бизда биринчи ёки иккинчи таркиб деган тушунча йўқ. Рўйхатимизда ҳаммаси бўлиб 40 нафар ўйинчи бўлса, ҳаммаси биз учун асосий таркиб ҳисобланади. Бизда рақобат кучли. Ҳеч кимга асосий таркибда жой кафолатланмаган. Албатта, 18 тадан иккита тенг кучли жамоам бўлишини хоҳлагандим. Лекин ҳозирги кунда бу қийин масала. Шунга қарамай, бизда 10-12 та футболчилардан иборат жамоамиз ўзаги бор. Бу ёшда шундай тушунчалар бўладики, футболчининг хаёлида Отабек ака жамоани олди, энди мен ўйнайман деган ўй-хаёллар ўтиши мумкин. Лекин бу хато. Ўз ўрнида шуни алоҳида айтмоқчиманки, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган саралаш ўйинларигача ихтиёримиздаги ҳар бир футболчига имконият берилади.

Умид Аҳмаджонов билан ўтган учрашув тўғрисида

- Биз яқинда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан учрашгандик. Ушбу мулоқот чоғида Умид Муҳаммаджонович бизга бугун натижа кўрсатиб, эртага йўқолиб кетадиган футболчилар керак эмас деб айтди. Шундай ўйинчиларни етиштиришимиз керакки, улар ёшлар терма жамоасидан олимпия жамоасига ва ундан миллий терма жамоага ўтиб ўйнашлари керак. Бир кунлик футболчилар билан эса ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Биз айнан терма жамоаларимиз учун ҳам муносиб номзодларнинг ўзагини тайёрлашимиз керак дея ўзининг тавсияларини берди. Ҳудудлардаги академияларда таҳсил олаётган ўйинчиларга ҳам жиддий эътибор қаратиш лозимлигини айтди ва Умид Аҳмаджоновдан топшириқларни олдик. Шу билан бирга ўзимизнинг таклифларимизни ҳам бердик. Фақат мақсадни бажариб, кейин йўқ бўлиб кетадиган жамоа керак эмас, дея алоҳида таъкидлади.

Аввалги муваффақиятсизликлар

- Олдинги терма жамоаларимизда ишлаб муваффақиятсизликка учраган мураббийларимиз ҳақида бир нима дея олмайман. Чунки мен у пайтда жамоанинг ичида бўлмаганман ва муҳит қандай бўлганидан бехабарман. Лекин ўсиб келаётган ўйинчининг катта футболга ўтишида нега узилиш бўлаётганига келсак, менимча бу менталитетимиз билан боғлиқ. Ўйинчиларимизнинг қўлига эртароқ пул тушиб қолса босар-тутарини билмай қолишади. Мен ўсдим дея кейин енгилроқ ҳаётга ўтиб олишади. Футболчи ўзига максимал марра қўйишни билмайди. Ёки кимдир сабр қилишни билмайди. Масалан, Икром Алибоев сабр қилди ва кеч бўлса ҳам «очилди». Мана, ҳозирда у легионер мақомига айланган. Болани ёшликдан футболга бўлган тушунча ва дунёқарашини янада ривожлантириши барибир кўп жиҳатдан ўша пайтдаги мураббийига ҳам боғлиқ бўлади. Ҳозирги пайтда мақташга арзийдиган футболчимиз – Элдор Шомуродов. Агар шундай ўсишда давом этса, янада ривожланади. Мабодо, «Ростов» менинг энг юқори маррам деб ҳисобласа унда у ҳам хато қилади. Боланинг катта футболга кириб келаётганида албатта дунёқарашани кенгайтириш лозим.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Alisher
15/05/2019 07:53
пулни еб қочмаса бўлдди