Отабек Ғуломхўжаев: "Пахтакор" билан ўйинда яхши натижа кўрсатамиз ва клубни Суперлигада сақлаб қоламиз
Coca-Cola Суперлиганинг 25-туридаги “Андижон” – “Қўқон-1912” (0:1) баҳсидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев қуйидагиларни айтди:
- Мағлубиятдан кейин нима дейишим мумкин? Жамоангиз ёш болаларча хато қилгандан кейин...барчасига тайинлагандик, рақиб қарши ҳужумга ўтиб кетиши ва пенальти ишлаши мумкин, эхтиёт бўлинглар, дея уқтиргандик. Бу ўйинга тайёргарлик кўргандик. Аммо бугун футболчилар ўша тайёргарлигимизнинг 10 фоизини ҳам бажара олмадилар. Бу ўйиндаги мағлубиятнинг айбини ўз зиммамга оламан.
- Ўйин чоғида “Бухоро”нинг ҳам натижасидан хабардор бўлиб турдингизми?
- Сухандон ўйин натижасини айтиб турди. Лекин ўша ўйинга жиддий қарамадик. Фақат ўзимизнинг учрашувга эътибор қаратдик. Бировнинг ўйинига қараб ўйнамаслик лозим. Лекин қисқа муддат ичида жамоамизнинг натижаларини яхшилаб юборадиган сеҳргар эмасмиз. Футболчиларнинг машғулотлардаги ҳаракатлари яхши, бироқ ўйнга чиққанда уларни таний олмай қоляпмиз. Биз ўзимизнинг ўйинларимизни ютишимиз керак, тамом. Интрига сақланиб қолди. Фақат бу ёғига чиройли интрига-да, борасан, чемпион билан ўйнайсан! Бошқа иложимиз йўқ, охиригача курашамиз.
- Кўпчилик “Андижон”нинг катта эҳтимол билан про-лигада 2-ўрин эгаси билан плей-оффда қатнашишини тахмин қиляпти. Бунга нима дейсиз?
- Ҳали бу ҳақида ўйламадик. Ҳар бир мураббий жамоасини ғалаба учун тайёрлайди. Тўғри, “Пахтакор” чемпион, ҳурмат қиламиз. Биз бу учрашувга максимал тайёрланамиз. Охирги турдаги интрига кучли бўлади. Агар биз охирги турда ютсак ва “Сурхон” ютқазса, плей-офф ҳақида ҳам ўйламаймиз. Андижонлик мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун жамоани олиб қолишимиз керак. Худо хоҳласа, “Андижон”ни Суперлигада сақлаб қоламиз.
- “Андижон”га келганингизда клубни сақлаб қолишга қанчалик ишончингиз бор эди?
- Ишонч бўлмаганди, клубга келмасдим. Бу таклиф устида тўрт кун ўйладим. 9 та ўйинини ухламасдан кўриб чиқдим. Ичкаридаги муҳитда муаммолар борлигини билгандим. Ҳаммасини гаплашдик. Бизда ёшлар бор, аммо улар тўртта ўйиндаги босимга тайёр эмас. Менда эса бор-йўғи захирадан майдонга тушиб ўйинни кучайтириши мумкин бўлган иккитагина ўйинчи бор – Сирож Мелиев билан Қаҳрамон Баҳодиров. Асосан битта таркиб ўйнаяпти. Йигитлар билан нимадир қилса бўлади, лекин хатоларни камайтириш учун вақт кам. Барибир бизда ички ишонч кучли. Клубнинг футболчилардан ҳеч қанақа қарзи йўқ, шунга ҳайронман. Бир кам дунё. Баъзи жамоаларда қарздорлик бор, аммо ўйинчилари жон-жаҳди билан курашишяпти. Бизда машғулотларда ҳаммаси яхши. Омад билан боғлайдиган бўлсак, Худо буни ҳаракат қилганларга беради. Бошида айрим танишлар қаерга кетяпсан, қандай юрак билан кетяпсан дейишди. Одам қилган ишни одам қилади. Биз охиригача курашамиз, ҳали умид сўнгани йўқ.
- Бугун Фарҳод Соҳибжоновни асосий таркибда майдонга туширишингиз қанчалик тўғри бўлди?
- У машғулотларда ўзини яхши кўрсатади. Илгари терма жамоада мен билан бирга ишлаган. Бир неча йилдан бери биламан. Уни позициясида Муҳаммадали Йўлдошев бор эди. Аммо у асосан укол билан ўйнаб келаётганди. Фарҳод бошида ҳаяжонланди, кейин ўйинга киришиб кетди. Унинг келажаги порлоқ. Келаси йилдан ўринбосарлар таркибини ёшартирамиз.
- Жамоа про-лигага тушиб кетса, яна ишлашга тайёрмисиз?
- Қийин вазиятда қабул қилдим ва қийин ҳолатда ташлаб кетмайман, бу ҳақида ўйламаяпман ҳам. Тўғри, айбдорлик ҳисси бўлади. Аммо келаси йилга режаларни гапиришга эрта. “Пахтакор” билан учрашувда яхши натижа кўрсатамиз, клубни тушиб кетишига йўл қўймаймиз.
Фикрлар