Отабек Саматов "Навбаҳор"дан кетдими? Клуб матбуот хизматидан расмий жавоб
Хабарингиз бор, кеча “Навбаҳор” ПФКда янги лавозим жорий этилиб, бунгача клубда 2004-2005, 2013-2015 йилларда ҳам фаолият олиб борган Расул Низамбоев “Навбаҳор” ПФК президенти этиб тайинланди.
Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкатжон Абдураззоқов кечаги йиғилишда Отабек Саматовнинг ҳам вице-президентлик лавозимида қолиши ва у селекция ишлари билан шуғулланишини таъкидлади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Сўнгра, Расул Низамбоев “Навбаҳор” ПФК ҳамда “Марказий” стадиони раҳбарияти ва ишчи-ходимларига йиғилиш ўтказди.
Унда бир қатор масалаларга тўхталиб ўтилди. Жумладан, “Навбаҳор” тарихини яратиш кераклиги, собиқ футболчиларга эътибор қаратиш лозимлиги, клуб ходимлари ҳамжиҳат бўлиб ишлашлари кераклиги таъкидланди.
Шундан сўнг, ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда клуб директори Бахтиёр Нурматов ўз аризасига кўра, вазифасини тарк этганлиги таъкидланди.
Бахтиёр Нурматовнинг ўрнига бунгача “Навбаҳор” ПФК директор ўринбосари лавозимида фаолият юритган Акмал Соҳибов вақтинчалик клуб директори этиб тайинланди.
Фикрлар