Отабек Холматов: "Мен ўзим хоҳлаган жамоага келдим!"
Профессионал бокснинг ярим енгил вазн тоифасида WBA жаҳон чемпионлик камари учун даъвогар ва камар учун Раймонд Фордга қарши жанги буюрилган юртдошимиз Отабек Холматов сайтимиз учун махсус интервью берди. Қуйида унинг режалари билан батафсил танишиб олишингиз мумкин.
- Aввало, ассалому алайкум! Ҳозирда AҚШда машғулотлар олиб бормоқдасиз. Машғулот қандай босқичларда, қайси жабҳаларда ишланмоқда, шу ҳақида айтиб берсангиз?
- Aссалому алайкум. Ҳа, тайёргарликни AҚШда давом эттирмоқдаман. Мен бизнесмен эмасман. Менинг бизнесим бу бокс ва мен ўз спорт карьерам учун меҳнат қилмоқдаман. Қолаверса, бир нарсани айтмасам бўлмайди. Мен чемпионлик остонасида турганимдан сўнг олдинги жамоамга жанг борасида саволлар бера бошладим. Улар буни жавобсиз қолдираверди ва охир оқибат мени бегона давлатда пулсиз, танишсиз кўчага чиқариб юборишди. Кейинроқ, мени Муроджон Aҳмадалиевга машғулотларга ёрдам бериш учун Жоэл Диаз жамоасига қўшиб олишди. Мен бу ерда ҳақиқий профессионал тайёргарлик нима эканини тушундим ва ўзимда ҳис қилдим. Бир неча машғулотлардан сўнг эса, улар билан ишлашга қарор қилдим. Жоэл Диаз мени ўз фарзандидай қабул қилди. Кун давомида алоҳида эътибор билан ишлаймиз, бир неча спарринглар ўтказдим. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийлар, бокс мураббийлари, массаж, диетолог, катта жамоа, ҳаммаси ўз ишларининг устаси. Барчаси тартибли ва профессионал! Олдинги жамоам мен билан бирон марта ҳам боғланмади. Аммо мен ҳеч кимдан хафа эмасман. Менинг ишончим комилки, ўзим хоҳлаган инсонларнинг ёнига келдим!
- Сиз ярим енгил вазндаги собиқ WBA чемпиони Лей Вудга даъвогар эдингиз. Лекин у камарини вакант қолдирди. Нима деб ўйлайсиз у сиздан чўчидимикан?
- Ўйлайманки, Вуд вазиятни оқилона баҳолаб, ўзи учун фойдали бўлган нарсани танлади. У мендан қўрқади деб ўйламайман, лекин катта эҳтимол билан унинг жамоаси шундай қарорга келган. Чунки улар мен билан жанг жуда қийин бўлишини тушунишган. Унинг қандай, нима учун камарни бўшатгани қизиқ эмас, менга олдимда турган жанг кўпроқ қизиқ.
- Чемпионлик жанги борасида ҳозирги вазият қандай? Музокаралар олиб борилмоқдами?
- Мен WBAдан чемпионлик учун жанг қилиш ҳуқуқини сўрадим, рингда бу ҳуқуқни қўлга киритдим, WBA Форд билан жангимизни маъқуллади ва режалаштирди.Ушбу баҳсни ташкил этиш хуқуқини дунёнинг энг яхши промоушенларидан бири бўлган Top Rank компанияси қўлга киритди. Баҳсни 2 мартда AҚШда ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Тўғриси менга жойни аҳамияти йўқ. Қаерда бўлмасин жанг қилишга тайёрман!
- Раймонд Форд билан имкониятларингизни қандай баҳолаган бўлар едиз? Уни жангларини кузатяпсизми?
- Имкониятларни баҳоламайман. Тўғрисини айтсам, ўзимни вазн тоифадаги энг кучлиси деб биламан. Чемпионлик учун жангда ким рақиб бўлишини фарқи йўқ. Ўзимга ва кучли жиҳатларимга ишонаман. Мен ўз вазнимдаги барчани мағлуб эта оламан.
- Чемпионлик жангидан кейин режалар қандай?
- ИншаAллоҳ! Энди мақсад жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш. Шундан сўнг вазндаги барча камарларни бирлаштириб, Ўзбекистонга олиб келишдир!
Жалол Аҳмедов суҳбатлашди.
Фикрлар