Ўткир Юсупов: Масхарабозлар ҳақида гапиришни ўзимга эп кўрмайман (интервью)
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Эроннинг "Фулад" клуби дарвозабони - Ўткир Юсупов SPORTS.uz сайти учун катта интервью берди. Унда легионерлик масъулияти, терма жамоа ва
Сречко Катанец ҳақида сўз борган.
- Эрондаги фаолиятингиз карьерангизга ижобий таъсир қилди. Бу нима билан боғлиқ?
- Ёшлигимдан легионер сифатида тўп тепишни орзу қилганман. Тўғриси, бу мақомга эришгач, ўзимга бўлган ишончим янада ортди. Кичик орзумни амалга ошириш учун ҳам Эронга кўчиб ўтган эдим. Ишонч ортгач, ўйинимда ҳам ўсиш кузатилди. Менимча, бу иккиси бир-бири билан боғлиқ.
- Сречко Катанецни Қатарда бўладиган йиғин учун эълон қилган таркиби борасида фикрингиз қандай?
Бизда терма жамоага мос келадиган кўплаб футболчилар бор ва уларни Сречко Катанец Қатардаги йиғинда кўриб олиш учун чақирди. Менимча, мураббий яхши танловни амалга оширди. Йигитларда ўзини кўрсатиш учун имконият пайдо бўлмоқда.
- Шимолий Корея билан баҳсда пенальти тепилишидан олдин жуда хотиржам эдингиз. Сездингизми уни бартараф этишингизни?
- Ўйиндан бир кун аввалги машғулот пайтида, агар пенальти бўлиб қолса, ўнг томонимга зарба йўллаши мумкинлиги ҳақида ўйлаган эдим. Буни ичимдан ҳис қилган эдим. Рақиб айнан шу нуқтага тўпни тепди. Яратганга шукур, зарбани олиб чиқдим. Меҳмондаги жуда оғир ўйиндан 3 очко билан қайтганимиздан хурсандмиз.
- Қизиқчи Миршакар Файзуллаевни ўша эпизод бўйича билдирган фикрига муносабатингиз қандай?
- Масхарабозлар ҳақида фикр билдиришни истамайман, ўзимга эп кўрмайман. Улар гапириб қолиб кетаверади. Биз тарихга кириш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиляпмиз. Масхарабозлар ғийбат қилиб оиласини боқади.
- Терма жамоа ҳозир "ЖЧ-2026"га бир қадам узоқликда турибди. Имкониятларимизни қандай баҳолайсиз?
Бутун жамоа бўлиб Ўзбекистон халқини орзуни амалга ошириш учун ҳаракат қиляпмиз. Ҳаммамиз биргаликда буни уддалашимизга ишонаман. Яратган насиб қилса, албатта Жаҳон чемпионатига чиқамиз.
- Сизнингча, гуруҳда терма жамоалар якунда қайси поғоналарни банд этади?
- Менимча, Қатар тўртинчи ўринни эгалласа керак. Бирлашган Араб Амирликлари учинчи поғонада бўлади. Биринчи ва иккинчи ўрин билан Ўзбекистон ва Эрон тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига йўл олишини кутяпман.
- "Навбаҳор" жамоасини кузатиб боряпсизми? Жамоанинг кубок финалидаги мағлубиятини қандай қабул қилдингиз?
- "Навбаҳор"нинг ҳар бир ўйинини томоша қиламан. Финалдан олдин ҳам йигитларга ёзиб, омад тилаган эдим. Улар учун дуода бўлдим. Афсуски, аламли мағлубият бўлди. Очиғи, озгина бундан сиқилдим ҳам. Насиб қилса, клуб учун катта ғалабалар ҳали олдинда. "Лочинлар" ишқибозлари совринларни кўришга ҳақли.
- Сизнингча, "Насаф" нима эвазига мамлакат чемпионлигини қўлга киритди?
- "Аждарлар" анча йиллардан бери стабил ўйин кўрсатиб келмоқда. Шу билан биргаликда, "Пахтакор" ва "Навбаҳор"даги омадсизликлар ҳам "Насаф"ни чемпионлик пойгасидаги ишини анча енгиллатиб бергани ҳам бор гап. Агар эътибор берган бўлсангиз, Қарши клуби жуда кўп ўйинда очко йўқотганига қарамай, якунда ғолибликни қўлга киритди. Бу ҳам юқорида келтирган аргументда асос борлигидан далолат.
- Янги мавсумда чемпионлик учун қайси жамоанинг имкониятларини баландроқ баҳолайсиз?
- Олдиндан бирор нарса дейиш қийин. Ҳозир яхши жамоалар чемпионлик учун трансферларни амалга оширмоқда. Буни олдиндан айтиш қийин, аммо пойгада иштирок этадиган жамоаларни тахмин қилишим мумкин. Ўйлашимча, "Насаф", "Сўғдиёна", "Нефтчи", "Пахтакор" ва "Бунёдкор" клублари олтин медал учун жанг қилишса керак.
- Эрон футболи бизникидан даражада борасида баландми?
Эрон футболи бизникидан анча кучлироқ. Бу ёқимсиз эшитилса-да, аччиқ ҳақиқат. Чемпионат даражаси ҳам анча баландроқ. Ташкилий ишлар масаласида ҳам бу ерда сезиларли даражада яхшироқ, деб айта оламан. Биринчилик ўйинларида тўп учун кураш кескин бўлиши ва жисмоний тайёргарлик талаб этиши билан фарқ қилади.
- Агар "Фулад" шартномани узайтиришни таклиф этса, қандай қарор қабул қиласиз?
- Ҳозир клуб билан 1,5 йиллик шартномам бор. Бу ерда мени ҳамма нарса қаноатлантирмоқда. Асосий таркибда доимий ўйин амалиётига эга бўлиб турибман. Савияси баланд чемпионатда бу жуда муҳим фактор саналади. Агар янги контракт таклиф этилса, албатта ўйлаб кўрамиз ва ҳаммаси икки томонни қаноатлантирса, албатта Эронда қоламан.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев суҳбатлашди
Фикрлар
Тошкентнинг «Олимпик» клуби Суперлигада иштирок этмайди. ПФЛ клубга бу борада якуний қарор учун 5 январгача муҳлат берган эди. Клуб молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар туфайли тугатилди.
Ҳозир вазият қандай?
▪️ Энди ПФЛ Суперлигада иштирок этиш бўйича «Хоразм» билан музокара ўтказиши лозим. Бу ҳақда ҳали расман эълон қилинмади. Аммо, регламентга кўра ПФЛ «Хоразм» клубининг Суперлигада иштирок этиш имкониятларини ўрганиши, йиллик харажатлар сметаси, базаси, стадион чими ва бошқа шароитлар билан танишиши керак.
«Хоразм» клуби янги мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида Тошкентда йиғин бошлади. Бу мавсум Суперлига бўладими ёки Про-Лигами ҳозирча номаълум. Воқеалар ривожини кузатамиз.