Ўхшамаяптими? Кетиш керак ёки кетказиш!

Бугунги "Бавария"га қарши (0:1) учрашувдан сўнг ҳам Тен Хаг танқид қилинмаслиги учун бир асос бор. Жамоа унгача ҳам жуда зўр эмасди. Сульшер АПЛда иккинчи бўла олгани билан мақтана олса, Моуриньо Европа лигасида зафар қучгани билан яхши ёдда қолди. Бироқ аввалги мавсумлар билан солиштирганда орқага кетиш бошланганда, ҳар иккиси лавозимидан озод этилган.

Тен Хаг ўзи нима қилди? Ўтган мавсум АПЛда учинчи ўрин ва Англия лига кубоги ғолиблиги. Процесс бўлиши кутилган даврда орқага кетишлар бошланиб кетди. Кетма-кет мағлубиятлар, ўхшамаган трансферлар, шакл-шамойилсиз жамоа ва Европа Чемпионлар лигасида тўртинчи ўрин. Балки АПЛда "қизил иблислар" ҳали ўз мавқеини тиклаб олиб, якунда яна ЕЧЛ йўлланмасига эга чиқар, лекин ҳозир Чемпионлар лигасини шармандаларча тарк этаётгани факт. Гуруҳ босқичининг ўзида 15 та гол ўтказиб юбориб, нисбатан осонроқ бўлган гуруҳда 4-ўринни банд этаётгани клуб статусидан, таркибдан ва мана шундай ўйинларда ютиш учун қилинган ҳаражатлардан олиб қарасак, оқлаб бўлмас ҳолат, чамамда. 

МЮни аввалги мавсумдагидан яхшироқлигини исботлайдиган ва ўсиш жараёни давом этаётганини кўрсатадиган ишоралар, факторлар қолмади. "Юнайтед" жорий мавсум 24 ўйиннинг тенг ярмида мағлубият таъмини тотиб кўрибди. Аллақачон улар икки турнирни тарк этиб бўлди ва сўнгги турда АПЛнинг аутсайдерларидан бири "Борнмут"га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Ҳеч нарса яхши томонга ўзгармаяпти. На жамоа, на янги келган футболчилар ва на натижалар. Тен Хагда ҳам баҳоналар тугаб қолган бўлса, аста чироқларни ўчиравериш керак! Ким келиши ва у келганидан кейин жамоа қандай бўлиши иккинчи масала. Ўхшамаяптими? Кетиш керак ёки кетказиш. Бу Сульшер ва Моуриньога қилинган адолат, МЮ учун эса янгиланиш учун имкон бўларди. Афсуски, жамоа ўзгаришга муҳтож. Яна! 


                                                                                                                      Худайқулов Карим мақоласи 


Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!