Ўз уйига қайтган Бахтиёр Ашурматов аввалги омадсизликлардан қандай хулоса чиқарди?

Охирги пайтларда клубларни тез-тез ўзгартиришга мажбур бўлаётган мураббий Бахтиёр Ашурматов яқинда «Қўқон-1912» клубига бош мураббий этиб тайинланди. Ўзи қўқонлик бўлса-да, ҳали мураббий сифатида ўзи туғилиб ўсган жойда ишламаганди. Шу боис унинг «Қўқон-1912»ни бошқариши эътиборга молик ҳолатдир. Шуни инобатга олганда, Бахтиёр Аъзамович билан кенг қамровда суҳбат уюштирдик.

«Бунгача Қўқондан 4-5 марта таклиф бўлган»

- Очиғини айтганда, сизнинг «Қўқон-1912»га бош мураббий этиб тайинланишингиз биз учун кутилмаган янгилик бўлиб туюлгани йўқ. Қачондир шундай бўлишини кутгандик. Негаки, бунгача бир неча бор сизни ушбу жамоани бошқаришингиз мумкинлиги ҳақида ҳам эшитиб келардик. Воқеалар ривожи шундай тус олишига ўзингиз ҳам тайёрмидингиз?

- Тўғри таъкидлаб ўтдингиз, бунга қадар менда «Қўқон-1912»ни бошқаришим учун 4 ёки 5 марта имконият бўлганди. Аммо айрим сабабларга кўра бу амалга ошмай келаётганди. Бошида таклиф қилишганида қандайдир сабаб туфайли у ерда иш бошлай олмагандим. Кейин эса «Навбаҳор»да ишлаётганимда чақаришди. У пайтда эса наманганликларда маблағ томонлама оғир вазият эди ва бундай пайтда уларни ташлаб кета олмасдим.  Шунингдек, яна икки марта Қўқондан таклиф тушган пайтида у ерда бошқа мутахассислар ишлашаётганди. Вақти соати эса шу кунларга тўғри келган экан. Ўзим ҳам қачондир бу ерда ишлашни ният қилгандим. Ўзим Қўқон футболи тарбияланувчиси ҳисобланаман. Қачондир Қўқон халқи олдида қарзимни узаман ва қўлимдан келганича жамоани кучайтириш йўлида ўз ҳиссамни қўшаман деган ниятда юрардим. Мана, менга ишонч билдириб таклиф қилишди ва бундан миннатдорман. Энди мухлисларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

- Чиндан ҳам Қўқон футболининг тарбияланувчисисиз. Аммо адашмасам, мураббийлик фаолиятингизда биринчи марта бу ерда ишга киришяпсиз. Қўқон фарзанди сифатида эса сизга бу ҳол катта босим юклаши ҳам мумкин. Айтинг-чи, бошқа клублардаги иш жараёнингиздан кўра Қўқондаги фаолиятингизнинг фарқи нимада бўлиши мумкин?

- Тўғри, бу катта масъулият. Билиб турибманки, мендан мухлисларнинг ҳам, раҳбарларнинг ҳам умидлари катта. Охирги пайтларда Қўқонда ишлаган мураббийлар ёмон жамоа тузишмаган. Лекин қаердадир уларга омад етишмади ёки бошқа сабаблар бўлди ва шу туфайли улар юқори ўринлар учун кураша олишмаётганди. Жамоа ҳар йили асосан лигада қолиш учун курашяпти. Бизнинг вазифамиз эса «Қўқон-1912»ни юқори ўринлар учун курашадиган клублар қаторига қўшиш. Энди олдин ишлаган жамоаларим билан тенглаштирадиган бўлсам, фаолиятимнинг олдинги пайтларида турли қийинчиликларга дуч келганман, баъзида эса охиригача курашмасдан кетишни маъқул кўрганман. Қўқон эса менинг туғилиб ўсган шаҳрим. Қийинчиликлар бўлса, охиригача курашиб енгиб ўтаман. Ўйлайманки, раҳбарият томонидан олдимизга қўйиладиган вазифани уддалай оламиз.

ашурматов_1

«Энди хато қилишга ҳаққим йўқ»

- Мураббийлик фаолиятингизда охирги пайтларда юз берган омадсизликлардан сўнг янги иш жойига эга бўлиш борасида хавотирлар сизга таъсир қилмадими?

- Тўғри гап бўлди, охирги пайтлардаги ишларимни қандайдир муваффақиятли ёки муваффақиятсиз дейишим мумкин. Масалан, АГМК билан Ўзбекистон Кубогини қўлга киритдик. Бу клуб тарихида бўлмаганди ва ўйлайманки, АГМКнинг яна Кубокни қўлга киритиши яқин 10 йилликда ҳам такрорланиш эҳтимоли жуда кам. Албатта, ўша онлар мураббийлик ҳаётимдаги омадли дамлар эди. Кейин «Бухоро»да ишладим ва у ерда ёмон жамоа тузмагандик. Натижа бўлавермагач, босим кучайганди ва бироз ноҳақлик ҳам бўлгандир, натижада кетишни маъқул кўргандим. Лекин шунга қарамасдан, клуб раҳбарлари билан дўстона хайрлашганмиз. Тўғриси, «Бухоро»га охиригача мухлислик қилдим ва уларнинг Суперлигада қолгани мени қувонтирди. Чунки бошида қандай қийинчиликлар билан жамоа тузганимизни клуб раҳбари Шуҳрат Ҳамроев билан иккимиз яхши биламиз. «Сурхон»га боришим эса ўйлайманки мен учун хато бўлди. У ерда қандай муаммолар бўлганини айтмоқчи эмасман. Аммо ноҳақлик бўлди деб айтишим мумкин. Чунки дунёнинг исталган жамоасида мураббийнинг ишига иккита ўйин орқали баҳо бериб бўлмайди. «Сурхон»да бир ойдан ортиқроқ вақт давомида виждонан ишлагандик. «Сурхон»ни фаолиятимдаги энг муваффақиятсиз ишлаган жамоам деб айтишим мумкин. Биласизми, клубдан кетаётганимда тузилган шартномадаги бандларга амал қилиб айтилган пулни беришларинг керак, деган талабни қўймаганман. Қаерда бўлсам ҳам дўстона ҳолатда хайрлашишга ҳаракат қилганман. «Қўқон-1912»дан тушган таклифни қабул қилдим ва эндиликда маҳаллий мухлисларда мен тўғримда иккиламчи фикрлар бўлиши мумкин. Бири Ашурматов яхши мураббий, у Кубокни қўлга киритган деса, яна бири кам вақт оралиғида учта жамоада ишлади, деган фикрни билдириши мумкин. Шу сабабли Қўқонда узоқ йиллар давомида ишлаб мураббий сифатидаги рейтингимни юқори даражага кўтармоқчиман. Менинг ортимда эса ўз шаҳрим раҳбарияти ва мухлислари бор. Ўйлайманки, улар мени мураккаб вазиятларда ҳам қўллаб-қувватлашади ва ишонишади. Охирги пайтларда қўқонлик ишқибозларнинг стадионга ташрифи ҳам камайиб кетган. Уларни яна футболга қайтариш учун эса биз албатта яхши жамоа тузишимиз керак. «Бухоро»да ёки «Сурхон»да йўл қўйган хатоларимни энди такрорламайман. Чунки бундан тўғри хулоса чиқардим. Масалан, «Бухоро»дан кетганим мураббийликдаги нотўғри қарорларимдан бири бўлганди. Раҳбарларнинг орасида менга ишониб турганлари кўп эди. Афсуски, у ерда осонроқ таслим бўлдим деб ўйлайман. «Сурхон»дан кетгач, уйда фарзандларим учун етарлича вақт ажратиш ва хатоларимни таҳлил қилишга вақт бўлди. Албатта, менда қандайдир хавотир бўлди. Чунки эркак киши учун уйда ишсиз ўтириш қанчалик ёмон ва оғир эканлигига ўзим амин бўлдим. Энди ишдан осонгина таслим бўлиш нотўғри эканлигига амин бўлдим.

- Лекин шуни ҳам айтишим керакки, истеъфога чиққан бўлсангизда, узоқ вақт ишсиз қолиб кетмагансиз. Бу нима билан боғлиқ? Балки футбол жамоатчилиги олдидаги ҳурмат-эътиборингиз туфайлими ёки таниш-билишингиз кўплигиданми?

- Гапнинг очиғи, энди гапиришга ҳам қўрқиб қолдим. «Сурхон»ни қабул қилиб олганимда  менга шунга ўхшаш савол берилганди. Ўшанда ўзимни омадли мураббийлардан бири деб ҳисоблайман, чунки тезда яна клуб бошқарувига эга бўляпман деб айтгандим. Шундан сўнг кўп бўлмаса-да, яна ишсиз қолишга мажбур бўлдим. Шунинг учун энди омадли мураббийман ёки шунга ўхшаш бошқа фикр билдиришни хоҳламайман. Аммо қаерда ишлаган бўлсам ҳам ҳеч қачон таниш-билишларни ўртага қўйиб ёки қандайдир йўллар билан мураббий бўлишга ҳаракат қилмаганман. Афсуски, охирги пайтларда футболимизда шунга ўхшаш ҳолатлар кўпайиб кетди. Ҳаттоки, шундай вазиятлар бўляптики, ишлаб турган мураббийнинг ўрнига ҳам айримлари ҳаракат қилишяпти. Буни нотўғри деб ҳисоблайман. Худога шукрки, жамоа раҳбарлари менга ишонч билдириб таклиф қилишяпти. Қўқондан тушган таклифнинг эса қадрига етишим керак. Барибир охирги пайтлардаги муваффақиятсиз ишларим бироз бўлса-да, обрўимга путур етказди. Аммо энди хато қилишга ҳаққим йўқ. Қўқонда албатта натижа кўрсатишга ҳаракат қиламан.

«Барибир пулни биринчи ўринга қўймайман»

- «Қўқон-1912» билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз?

- Раҳбарлар билан гаплашганимда шартнома муддати ва унинг бандларини асосий ўринга қўймадим. Чунки мен шундай ишлашга ўрганганманки, мураббий сифатида яхши жамоа тузиб, натижа кўрсата олсам, шартнома муддати чўзилиши мумкин. Мисол учун «Навбаҳор» Журжевични таклиф қилганида муаммоларга учради. Чунки ўртада шартнома тузилганди ва натижа бўлавермагач, битимни бекор қилиш учун қанчадир миқдорда пул тўлаши керак бўлади. Канчельскис билан ҳам шунақа вазият. Аммо мен шартномамга бундай бандларни киритмаганман. Доим мураббий сифатида раҳбарият ва мухлисларнинг ишончини қозонишни истаганман. Бу йил барқарор жамоа туза олсак, яна раҳбарлар билан гаплашиб, шартнома муддатини узайтираверамиз. Шу боис шартномам масаласи мен учун долзарб эмас.

ашурматов3_1

- Лекин мураббий билан клуб ўртасида тузиладиган шартномага ҳам кўп нарса боғлиқ деб ўйлайман. Шундай мураббийлар борки, битим тузилаётганида унинг бандларига алоҳида аҳамият қаратишади ва ўзининг қатъий талабларини қўя олади ёки бандларини ўзгартиради. Аммо ўзингиз айтганингиздек, сиз шартномага ва унинг бандларига жиддий эътибор бермайсиз. Натижада ишлаган клубларингизда керак бўлса, шартномада ёзилган маблағларни олмаган пайтларингиз ҳам бўлган. Умуман айтганда, шартномага қатъий амал қилмаслигингиз сизнинг камчилик томонингиздан бири эмасмикин?

- Балки шунақадир. Балки бошқалар шартномага жиддий аҳамият қаратиб тўғри қилишар. Лекин мутахассис таклиф қилинганида унга вақт бериш ва ишонч билдириш керак. Ана шунда мураббийда ўзини кўрсатиш учун имконият кўпроқ бўлади. Шартномадаги бундай банд киритилмаганидан эса  «Сурхон»да ишлаганимда афсусланганман. Биласизми, у ерда бир-бир ярим ой давомида ишлаб ўзим ҳам, ёрдамчиларим ҳам бир сўм пул олганимиз йўқ. Балки шартномага ўзимизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни талаб қиладиган банд киритилганида бунчалик обрўмиз тушадиган даражада тез ишдан бўшаб кетмаган бўлардик. Балки ўшанда қолганимизда вазиятдан чиқиб кетган ҳам бўлишимиз мумкин эди. Ёки ўзбек мураббийларидаги камчиликлардан бири ҳам шу бўлса керак. Чунки биз ишонамиз ва қўл ташлашимиз, керак бўлса дўстона равишда хайрлашамиз. Буни менталитетимизга хос деб ҳам айтишимиз мумкин. Мухлислар ёки раҳбарлар сизнинг ишлашингизни хоҳлашмаяпти, сиз эса бандни талаб қилиб, натижа қилмасам-да, пулимни берасан, кейин кетаман ёки бўлмаса ҳеч қаерга кетмайман, деган вазиятни ҳам илгари суришим мумкинлиги ҳақида айтишганда буни нотўғри деб ҳисоблайман. Тўғри, бу балки бизнинг камчилигимиздир. Лекин, барибир пулни биринчи ўринга қўймайман. Гарчи «Сурхон»да айнан шу масала бўйича нотўғри қилган эканман, деган фикрга келганимга қарамай, ўзим қўқонлик бўла туриб, «Қўқон-1912» билан шартнома тузилаётганда ўзимнинг қандайдир талаб ва истакларимни устун қўйганим йўқ. Энг асосийси, раҳбарлар менга ишонишди ва энди буни оқлаш керак.

- Демак, мураббий сифатида уларга ўзингизнинг талабларингизни қўймадингиз, шундайми?

- Аввалги жамоаларимдаги ишларимни таҳлил қиладиган бўлсам, маблағ томонидан барқарор бўлган клубим АГМК бўлганди. Баъзи мухлислар эса Ашурматов келиб нима қилиб қўйибди, деб гапиришади. Аммо таҳлил қилиб чиқилса, мен асосан қийин вазиятга тушиб қолган клубларни қабул қилиб олганман. Шу боис доим раҳбарлар айтган шартлар ва бюджетдан чиқиб кетмасдан, мен эса уларга яхши жамоа тузиш керак деб йўқ нарсани ваъда қилмасдан бор нарса билан ишлаганман. Балки шунинг учун менда натижа кўрсатишим ҳам қийин бўлган бўлиши мумкин. «Навбаҳор»да ишлаганимда эса маблағ масаласида қийин ҳолатда эдик. Биз ўшанда 6-ўрин учун курашганмиз ва якунда 7-поғонани эгаллаганмиз. Ҳозирги «Навбаҳор»даги шароит ва маблағ томонлама солиштирсак, ўшанда бизнинг имкониятимиз 4-5 баробар камроқ эди. Бу йил эса «Навбаҳор» анчагина салмоқли маблағ ишлатган бўлса-да, 9-ўринни қўлга киритди. Айтмоқчиманки, имконияти яхшироқ бўлган жамоада ишласангиз, натижа кўрсатишингиз ҳам кўпроқ бўлади. Мана, АГМКда пул томонлама муаммолар бўлмагани учун футболчиларни ҳар томонлама руҳлантира олганимиз туфайли балки Кубокни қўлга киритгандирмиз. Агар молиявий томондан яхшироқ бўлган жамоаларда ишлаганимда ҳозирга келиб натижаларим ҳам шунга яраша бўлиши мумкин эди. Масалан, «Бухоро»ни ҳам қийин шароитда қабул қилиб олгандим. Аниқ биламанки, ўшанда клубнинг йиллик сметаси АГМКникидан тўрт баробарга кам  эди. Хўш, энди айтинг, кимда имконият кўпроқ? «Бухоро»ни бошқариб, хоҳлаган ўйинчисини ололмай турган Ашурматовдами ёки маблағ томонлама 3-4 баробар имконияти кўпроқ бўлган бошқа мураббийдами? Лекин вазиятнинг бу томонига ҳар доим ҳам эътибор берилмайди. Аммо бу ҳар доим асосий факторлардан бири бўлиб келган. Барибир молиявий томондан имконият яхшироқ бўлса, ўз-ўзидан натижа кўрсатиш борасида ҳам имконият кўпроқ бўлади. «Қўқон-1912» бу борада барқарор клублардан бири. У ерда юқори даражада бўлмаса-да, аммо доим барқарор равишда иш ҳақлари тўлаб борилади. Раҳбарлари эса клуб қийин аҳволда қолмаслиги учун доим изланишади. Шу боис Қўқонда маблағ масаласида муаммо катта бўлиб кетмайди. Биз сабр билан ва тўғри йўналишда ишласак, яхши натижа кўрсатиш учун ажойиб имкониятга эга бўламиз.

ашурматов5

«Легионерларни чақиришимиз мумкин, аммо бу биз учун охирги чора»

- Шунингдек, олдинги хатолардан хулоса қилган бўлсангиз, энди ёнингизга билимдон, малакали бўлган мутахассисни маслаҳатчи қилиб олиш ниятингиз борми?

- Мисол учун «Сурхон»га  тажрибали Тачмурод Агамуродовни таклиф қилиб хижолат ҳам бўлиб қолдим. Таниқли мутахассисни олиб келдим, аммо бир ой ҳам ишлаш насиб қилмади ва маблағ томонлама ҳам бир сўм ишламади. Обрўси тўкилса тўкилдики, ҳеч нимага эриша олмади. Шу боис бу вазиятда ҳам эҳтиёткор бўлган яхши. Албатта, яхши мутахассисни чақириш ғоянгиз ёмон таклиф эмас. Айтайлик, Қўқонда устозим Баҳром ака Ҳакимов бор. Қачон бўлса ҳам у кишидан маслаҳат олишим мумкин. Европа ёки бошқа жойдан мураббийни таклиф қилиш эса осон жараён эмас. Уларнинг талаби ҳам ўзига яраша бўлади. Биз ўзимизнинг кучимиз билан вазиятдан чиқишга ҳаракат қиламиз. Лекин келажакдаги режаларимда албатта хориж клубларига бориб футболдаги билимларимни янгилаш ниятим бор. Умид қиламанки, бу йўлда «Қўқон-1912» раҳбарияти ҳам имконият яратиб беришади. Бу борада Шота Арвеладзе билан ҳам маслаҳатлашиб, бирор-бир клубда амалиёт ўташга имконият борми деганимда қўлдан келганича қўллаб-қувватлашини айтган.

- Клубдаги легионерлар масаласи нима бўлади?

- Тўғриси, мавсумнинг охиригача биргина Милич ўйнади ва ўзидан ўртача таассурот қолдирди. У жамоамизда қолмайди дейишим мумкин. Легионер таклиф қилиндими, у маҳаллий йигитлардан ҳар томонлама кучли бўлсин. Маҳаллий футболчилар билан бир хил даражадаги легионерни олиб келишдан эса ҳеч қандай фойда йўқ. Шу боис ҳозирги мақсадимиз жамоани маҳаллий ўйинчилар билан бойитиш. Етакчи ўйинчиларни сақлаб қолмоқчимиз. Керакли позицияларга эса бошқа клубларда ўзини кўрсатган ажойиб футболчиларни жалб қилмоқчимиз. Агар шунда ҳам муаммоларимизни ёпа олмасак, унда раҳбариятга бир-иккита яхши савиядаги легионерларни таклиф қилсак бўларди, деган ғояни айтишим мумкин. Ҳа, легионер чақиришимиз мумкин, аммо бу биз учун охирги чора.

- Қишки йиғиндаги режаларингиз қандай?

- 20 декабрдан  йиғинни Қўқонда бошлаймиз. 4 январдан эса Тошкентда машғулотларга киришамиз. 25 январда Фарғонада Ҳоким Кубоги бўлади ва унда қатнашамиз. Кейин эса имкон бўлса Туркияда шуғулланамиз, бўлмаса яна Тошкентда йиғин ўтказамиз.

- Ҳозирдан янги футболчилар билан гаплашиб, селекцияни бошлаб юбордингизми?

- Бу йилги таркибдаги футболчилар билан учрашиб, гаплашдим. Албатта, келаси йили жамоамизни кучайтириши мумкин бўлган ўйинчилар билан ҳам гаплашишни бошлаяпман. Лекин бу осон эмас. Ҳозир шундай пайтки, қайси клуб яхшироқ пул таклиф қилса, футболчилар ўша жойга ўтиб кетишади. Энди биз ҳам «Навбаҳор», АГМК, «Сурхон» каби яхши маблағ таклиф қиладиган жамоалар билан рақобатлашишимизга тўғри келади. Ўйлайманки, бу вазиятдан ёруғ юз билан чиқиб кетамиз.

ашурматов222

- Жамоангиз қайси ўрин учун даъвогарлик қилади?

- Бу аввало селекцияга боғлиқ. Раҳбарлар ҳам, мухлислар ҳам биздан яхши натижаларни кутишяпти. Мавсум олдидан раҳбарлар билан бўладиган учрашувда олдимизга аниқ мақсад қўйилади. Лекин шахсий олдимга ҳам максимал натижаларни қўяман.

- Мураббийлар штабингизни аниқлаштириб бўлдингизми?

- Ҳали 100 фоиз аниқ эмас. Клубнинг оғир ва яхши кунларида ҳам ишлаган Азиз Тўхтабоев жамоада қолади. Дарвозабонлар билан Андрей Бакланов ишлайди. Қолган штаб бўйича раҳбарлар билан гаплашяпмиз. Янги йилгача ҳаммасини аниқлаштириб оламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Илхом Anvarov
17/12/2019 20:44
Ашурматов агарда "санга" именно санга ФК"Сурхон" хатто бу́лган бу́лса нимага сан ( как женщина с низкой социальной ответсвенностью) тезда рози бу́либ,шартномага ку́л куйгансан муррабий бу́лишга ФК"Сурхон"да??? Хазар килинадигон инсонлардан бирисан Ашурматов!!! Русларни пословицаси бор
"Плохому танцору и яйца мешают"!