Озарбайжоннинг “Зиря” футбол клуби фахрий президенти Спортни ривожлантириш вазири қабулида бўлди

Жорий йил 2-август куни Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов ҳамда Озарбайжонинг “Зиря” футбол клуби фахрий президенти, Озарбайжон мини-футбол ассоциацияси таъсисчиси Орхан Маммадов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани, томонлар ўртасида нафақат савдо-иқтисодий, балки гуманитар соҳада ҳам кенг қамровли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, келгусида Ўзбекистон ва Озарбайжон спортчилари, хусусан футболчилари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, турли даражадаги мусобақаларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу ўринда спортни ривожлантириш вазири А.Икрамов томонидан 2022 йил август ойида Туркияда бўлиб ўтадиган V Ислом бирдамлик ўйинлари юқорида таъкидланган режалар учун пойдевор ва тажриба сифатида намоён бўлиши қайд этиб ўтилди.

Жаноб Орхан Маммадов ҳам самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирган ҳолда, Озарбайжон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги дўстона алоқаларни спорт соҳасида ҳам ривожлантириш муҳимлиги ва бу йўлда ўз ҳиссасини қўшаётганидан мамнун эканлигини таъкидлади.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон мутасаддилари иштирокида келгусида бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашувлар ва тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!