Ўзаро ўйин ҳаммасини ҳал қилиб берди?
Чемпионлар лигасининг финал учун курашадиган палласига ҳам етиб келдик. Ярим финалда тўқнаш келган "Бавария" ва "Реал" ўртасида илк ўйин бўлиб ўтди ва унда томонлар дурангга имзо чекди. Учрашувни эса Хайрулла Ҳамидов ва Даврон Файзиев шарҳлаб боришди. Ажойиб шъер билан бошланган беллашув аввалида журналистлар "Беллингем зўрми, ёки Мусиала?", деган мавзуни ўртага ташлашди. Файзиев бунга шундай жавоб берди: "Айни пайтда Жуднинг рейтинги юқорироқ, лекин битта гап бор, ўзаро ўйинлар ҳаммасини ҳал қилиб беради".
Бир йилда туғилган ва бир терма жамоа таркибида ўйнаган бу йигитларни йиллар давомида солиштириб келишади. Жуд Бирмингемда, Жамал эса Штутгартда дунёга келди. Аммо Мусиала "Саутгемптон" ва "Челси" академияларида таҳсил олиб, Англия мамлакати учун майдонга тушишни бошлайди. Бу икки дўст U-15, U-16 ва U-17 терма жамоасига чақирув олишга муваффақ бўлишди. Аммо улар ажралишди. "Бавария"га ўтиб Мусиала Германияни танлади.
2020 йилда Беллингем ҳам "Боруссия"га кўчиб ўтди ва улар ўртасидаги кураш бошланди. Бироқ, бу ернинг ўз ҳукмрони бор. Шундай экан, таққослаш бироз қийин бўларди. Бугунги баҳс эса бунинг учун етарли бўлди, деган фикрлар билдирилмоқда.
Улар Бундеслигада кўп тўқнаш келишган, лекин Чемпионлар лигасининг ярим финалида ким ғалаба қозонса, унинг обрўйи ошиши аниқ. Дастлабки учрашувда 2:2 ҳисобида қайд этилган бўлса, қаҳрамонларимиз гол ёки, ассист амалга оширгани йўқ, лекин Мусиала "Реал"нинг ўнг қанотини "куйдириб юборди". Ўйин давомида паслари аниқлиги 89 фоизга тенг бўлган ҳужумкор ярим ҳимоячи битта пенальти ишлади. Кейн эса уни голга айлантириб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Жамал бугун 5 та муваффақиятли дриблинг ишлатди, бу статистика "қаймоқранглилар" таркибидаги барча футболчиларники ҳисобласа, 4 тани ташкил қилади, яъни 21 ёшли немис бутун бир жамоадан кўпроқ дриблинг қилди.
Камига Мусиалада ўйиндан олдин кичик жароҳат ҳам борлигини аниқланди. Учрашувдан кейин унга савол берилганида, беллашув аввалида оғриқ қолдирувчи дори ичганини айтди. Кейинги баҳсгача ҳаммаси яхши бўлиб кетади, дея қўшимча ҳам қилди.
Беллингем эса бугун биз билан Жуд эмасди. У "Бавария"га қарши ўйинда 10 марта тўпни олдириб қўйди. Қисқа қилиб айтганда, "Олтин тўп"ни қўлга киритишга ҳаракат қилаётган футболчига бироз ўхшамади. 75-дақиқада захирага олинган Ярим ҳимоячи одатда жамоасининг сўнгги дақиқаларда уриб кетадиган голларига муаллифлик қиларди, яъни гол керак бўлса, Карло уни майдондан олмайди. Анчелотти ҳам 21 ёшли инглизнинг "ўйини чиқмагани" ҳақида гапирди. "Бугун Беллингем энг яхши баҳсларидан бирини ўтказмади", деди италиялик мутахассис. Камига унинг ҳам учрашувдан олдин оғриқ ҳис қилгани борасида миш-мишлар чиқа бошлади.
Жудни танқид қилишга шошилмаймиз, чунки бизда жавоб ўйини бор. Шунчаки, буни биринчи қисм, деб ҳисоблаймиз. Иккинчи қисм эса 9 майга ўтар кечаси "Сантьяго Бернабеу"да бўлиб ўтади.
Фикрлар