Ўзбек, Осиё ва хориж футболида содир бўлган ўтган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари (Видео)
Ўтган ҳафта ўзбек, Осиё ва хориж футболида бир қатор воқеликлар кузатилди. Биз сизларга ҳафтанинг энг муҳим воқеликларни тақдим этамиз.
1. 200 минг доллар. Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчисининг трансфери учун бу катта суммами ёки кичик? Ёхуд Азизбек Амонов Эрон клубига кўчиб ўтди.
2. ПФЛ ОАВ олдидаги йллик молиявий ҳисоботини ўтказди. Ташкилот илк бор шундай матбуот анжумани ташкил этди. ПФЛ қанча даромад қилган, нималарга пул сарфлаган ва ҳоказо маълумотлар тарихда биринчи маротаба очиқланди.
3. “Пахтакор”га Англия клубида фаолият юритган ҳужумчи келди. Оливер Шаркич “шерлар”нинг ўртоқлик ўйинида гол урди. Техник маҳорати ҳам чакки эмас.
4. Африка миллатлар кубоги якунланди. Финалда “Ливерпуль” етакчилари Салоҳ ва Мане қарама-қаршилигини кўрдик. Якунда эса Мане бошчилигидаги Сенегал ғалаба қозонди ва илк бор ушбу мусобақада чемпионга айланди.
1. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Локомотив" клуби аъзоси Азизбек Амонов фаолиятини хорижда давом эттиради.
Амоновни Эроннинг 8 карра чемпиони, айни дамда мамлакат чемпионатида пешқадамлик қилаётган "Истиқлол" жамоаси ўз сафига қўшиб олди. Бу ҳақда "Истиқлол" клуби матбуот хизмати хабар берди.
9 февраль куни ҳамюртимиз Эронга етиб борди ва уни аэропортда клуб мутасаддилари кутиб олди.
Шундан сўнг "Истиқлол" клуби футболчини оммага таништирди. 24 ёшли Азизбек Амонов эронликлар билан 2,5 йиллик шартнома имзолади. Томонлар футболчи учун қанча маблағ сарфлагани борасида хабар бермаган. Чунки Амоновнинг “Локомотив” билан яна бир йиллик шартномаси бор эди.
Аммо SPORTS.uz сайтига маълум бўлишича, форслар Ўзбекистон МТЖ ҳужумчисининг трансфери учун "темирйўлчилар" ҳисобига 200 минг доллар ўтказиб беради ёки бу иш аллақачон амалга ошган.
Ўтган мавсум "Локо" таркибида ҳаракат қилган Азизбек Амонов Ўзбекистон миллий термасида ҳам дебютини амалга оширди ва иккита гол уришга эришди.
2. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ўз фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 4 февраль куни 2021 йилда амалга оширилган ишлар, келиб тушган маблағлар ва фаолият билан боғлиқ ҳаражатлар ҳақидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш учун матбуот анжумани ўтказди.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2008 йил 2 июль куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Ташкилот фаолиятининг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудида профессионал футбол мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, футбол клубларининг спорт ҳамда ташкилий-бошқарув фаолиятини мувофиқлаштириш ҳисобланади.
2020 йилнинг май ойида ЎФA президенти тақдимига биноан ташкилот раҳбариятида ўзгариш юз берди. Шундан сўнг унинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, мусобақалар ўтказилишини такомиллаштириш, ҳамкорлар ва ҳомийлар билан ишлаш тизимини яхшилаш каби масалалар асосий планга чиқди.
Бунинг самараси ўлароқ 2021 йилга келиб мусобақа иштирокчилари учун бадал миқдори тарихда илк бор 40-50 фоизгача камайтирилди. Қўшимчасига, аёллар ва футзал жамоалари илк бор бадал пули тўлашдан тўлиқ озод қилинди.
ЎзПФЛ дастлаб ташкил этилган йилларда ўз ҳаражатларини тўлиқ клублардан олинадиган бадал пуллари эвазига қоплаб келган. Бугунга келиб ташкилот ўз ҳаражатларининг қарийб 55 фоизини ўзи ишлаб топади. Жумладан, 2021 йилги мавсумда ЎзПФЛ Coca-Cola, APEX Insurance ва бошқа компаниялар билан ҳамкорлик орқали 9 млрд. 280 млн. сўм ишлаб топди.
Бугунга келиб Суперлига ҳамда Про лига мусобақаси спортга ихтисослашган икки телеканал: “Спорт” ҳамда “УзРепорт” орқали трансляция қилинади. Шунингдек, бу мусобақалар қаторида аёллар чемпионати, Биринчи лига каби мусобақалар Eleven Sports орқали онлайн трансляция қилиниши натижасида ЎзПФЛ 2021 йилнинг ўзида қарийб 36 минг евро ишлаб топган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ташкилот қатъий принциплари орқали профессионал футбол клублари билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқди ҳамда Осиё футбол конфедерациясининг лицензиялаш талабларини бажариш бўйича 2021 йилда Япония ҳамда Жанубий Кореядан кейин қитъамизнинг учинчи рақамли мамлакатига айланди. Тарихда илк бор Про лига клублари ҳам лицензиялаш жараёнига жалб қилинди. Биринчи маротаба Ўзбекистоннинг икки аёллар жамоаси ОФК лицензиясини қўлга киритди. Шу кунгача асосан 4-5 клуб халқаро лицензияни олган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 12 тага етди. 2022 йилда ЎзПФЛ мазкур рақамни 16 тага олиб чиқиш устида иш олиб боряпти.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси томонидан ишлаб чиқилган Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлик стандарти асосида тақдим этилган маълумотларга кўра баҳолаш ишлари амалга оширилди. Унга кўра, 2021 йил бўйича “Энг шаффоф нодавлат нотижорат ташкилотлари топ-20” рўйхатига Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳам киритилди. ЎзПФЛ унда 19-поғонада қайд этилган.
3. Англиянинг чемпионшип жамоаси "Блэкпул"ни эркин агент сифатида тарк этган ҳужумчи "Пахтакор" сафини тўлдирди.
"Андерлехт" ва "Бенфика" жамоалари тарбияланувчиси саналган Оливер Шаркич "шерлар" билан 2022 йилнинг охиригача мўлжалланган шартномага имзо чекди.
Оливер фаолияти давомида "Фафе" (Португалия), "Лидс" (Англия), "Баракалдо" (Испания), "Бартон Альбион" (Англия), "Мансфильд Таун" (Англия) ва "Блэкпул" (Англия) каби жамоалар сафида ўйнаган. У яқиндагина "Блэкпул"ни тарк этди ва “Пахтакор” билан шартнома имзолади. Шаркич Черногориянинг турли ёшдаги терма жамоалари сафида майдонга тушган. "Бенфика" ёшлар жамоаси таркибида ёшлар ўртасидаги Европа Чемпионлар Лигасида қатнашиб, бир неча голлар муаллифига айланган.
“Пахтакор” билан шартнома имзолаган Оливер Шаркич ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Мураббий Войнески клуб билан шартнома имзолагандан сўнг менга алоқага чиқди ва "Пахтакор"га олиб келмоқчи эканини айтди. Буни муҳокама қилдик ва Ўзбекистоннинг энг катта клубига келишга тайёр эканимни ҳис қилдим.
Англиядан Ўзбекистонга кўчиб ўтишга қарор қилиш қийин бўлмадими?
- Клуб ҳақида кўп бўлмаса ҳам билардим. Таклифдан кейин клуб ҳақида кўп нарсаларни ўргандим ва топ жамоада ўйнаш ажойиб ғоя экани билинди. Мен учун мамлакатларни алмаштириш ҳаяжонли. Англия, Бельгия, Португалия ва Испанияда яшаганман. Энди Ўзбекистондаман. Бу дунёнинг янги қирраларини кашф қилиш ва тил ўрганиш бўйича ҳам ажойиб имконият.
Шахсий мақсадим ғалаба қозониш, голлар уриш ва яхши ўйин намойиш этган ҳолда Черногория миллий терма жамоасидан таклиф олиш. "Пахтакор"нинг собиқ бош мураббийи Миодраг Радулович ҳозирги кунда Черногория терма жамоасида ишламоқда. Жамоавий мақсад эса биринчи навбатда мавсумга тайёр бўлиш, кейин Суперкубокда зафар қучишни истаймиз. Чемпионатда ғолиб сифатида қолишни хоҳлаймиз ва Осиё Чемпионлар Лигасида узоқроқ босқичгача етиб бориш ниятидамиз.
4. Бир неча кун аввал Африка Миллатлар кубоги финал баҳси ўтказилди. Унда Сенегал ва Миср терма жамоалари ўзаро куч синашди. “Ливерпуль” клуби етакчилари Садио Мане ва Муҳаммад Салоҳ ўртасидаги қарама–қаршиликда Маненинг қўли баланд келди.
Ўйиннинг асосий ва қўшимча дақиқаларида ҳисоб очилмади. Пенальтилар сериясида сенегалликлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг бош совринини қўлга киритди. Сенегал ўз тарихида илк бор Африка миллатлар кубогида ғалаба қозонди!
3-ўрин учун беллашувда ғолиб бўлган Камерун эса мазкур турнирнинг бронза медалига сазовор бўлди.
Шуни қайд этиш керакки, Сенегал мусобақанинг янги чемпиони ҳисобланади. Сенегал термаси Африка Миллатлар кубогида чемпионликка эришган 15-жамоадир. Энг кўп чемпионлик Мисрга тегишли. Салоҳ бошчилигидаги жамоа 7 бор кубокни боши узра баланд кўтарган. Камерун 5 ва Гана 4 чемпионлик билан кучли учликда бормоқда.
Қуйида Африка миллатлар кубогининг барча чемпионлари билан танишинг:
Фикрлар