Ўзбек боксчилари австралиялик промоутер нишонида...

Жанубий Кореянинг “Cocky Buffalo” промоутерлик компанияси билан шартномага эга профессионал боксчиларимиз Олимжон Назаров, Абдурасул Исмоилов ва Равшанбек Шерматов мураббий Бобур Нажмиддинов қўл остида Вьетнамда тайёргарлик олиб бораётганлиги, қўшимча равишда Австралиянинг “Victory 8 boxing” промоутерлик компанияси билан ҳамкорлик қилиниши кўзда тутилаётганлиги ва бугун,  “Cocky Buffalo” мижозлари жумладан, ўзбек боксчилари ҳамда “Victory 8 boxing” таркибидаги чармқўлқоп усталари ўртасида спарринг жанглари бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик. Ушбу спарринг жанглар Австралия промоутерлик компаниясининг Хошимин шаҳридаги базаси ҳисобланадиган “VSP boxing GYM” аренасида ташкил этилди.

Мураббий Бообур Нажмиддиновнинг Sports.uz сайтига маълум қилишича, жанглар ажойиб тарзда бўлиб ўтган ва австралияликлар жиддий ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилишган. Жумладан, “Victory 8 boxing” промоутерлик компаниясининг раҳбари ва асосчиси Роберт Хилл профессионал йўналишда фаолиятини бошлаш арафасида турган ва профессионал боксда илк қадамларини ташлаб улгурган ўзбекистонлик иқтидорлар билан ишлаш ниятида эканлигини айтган. Шунингдек, унга бир қатор  ёш боксчиларимиз тавсия қилинганлиги ва бу борада тез орада янгиликлар бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Воқеалар ривожини бизда кузатиб боринг. 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)