Ўзбек футболчилари мағлубиятига Осиёдан қандай муносабат бўлди?
Қатар майдонларида жаҳоннинг барча қитъаларидан келган 48 мамлакатнинг 17 ёшгача футболчилардан таркиб топган терма жамоалари иштирокидаги жаҳон чемпионати қизғин давом этмоқда.
Амалдаги Осиё чемпиони сифатида нафақат юртимиз, балки бутун қитъамиз шарафини мундиалда ҳимоя қилаётган Ўзбекистон U-17 терма жамоаси “J” гуруҳидаги иккинчи турни Ирландия Республикаси вакилларига қарши ўтказди.
Ирландия биринчи турда Панамани 4:1, Ўзбекистон эса Парагвайни 2:1 ҳисобида мағлуб этгани боис, икки пешқадамнинг ўзаро тўқнашувида ғолиб чиққан жамоа кейинги босқичга муддатидан олдин чиқарди.
Ислом Исмоилов шогирдлари ана мақсадда шиддатли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилди. Гарчи ҳисобни очиш футболчиларимизга насиб қилган бўлса-да, рақиб иккита гол уриб, ғалабани илиб кетди.
Осиё футбол конфедерацияси Ўзбекистон терма жамоаси мағлубиятига қуйидагича муносабат билдирди.
- Қатарда 17 ёшгача футболчилар ўртасидаги давом этаётган ФИФА жаҳон чемпионатининг “J” гуруҳида Ирландия Республикасидан 1:2 ҳисобда мағлубиятга учраганидан кейин Ўзбекистон терма жамоасининг муддатидан олдин плей-оффга чиқиш режаси барбод бўлди.
Ўзбек футболчиси Абубакр Шукруллаев 20-дақиқада ирландияликлар дарвозабони Алекс Нунан қайтарган тўпни бир зарба билан дарвоза тўрига жойлаб қўйиб ҳисобни очганди.
Лекин ўзбекистонликларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Грэйди Макдоннел жамоадоши Аде Соланке тўп узатган вазиятда икки ҳимоячидан юқори сакраб, боши билан аниқ зарба берди ва ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда ҳам ҳар икки жамоа гол уриш учун бир неча маротаба қулай имкониятларга эга бўлди. Ана шундай вазиятлардан бирида Аде Соланкенинг юқоридан берган пасини бу гал Майкл Нунен голга айлантирди.
Марказий осиёликлар мағлубиятдан қутилиб қолиш йўлини қидирди, охиригача курашди. Мўминхон Баҳодирхонов юзага келган вазиятни гол айлантира олмади.
Энди Ўзбекистон гуруҳда яккапешқадамга айланган Ирландиядан уч очкога ортда қолмоқда ва квартетдаги учинчи учрашувда иккита ўйинни бой берган Панамага қарши майдонга чиқади. Плей-оффга чиқиш имкониятини кафолатлаш учун ўзбеклар сешанба куни бўладиган тўқнашувда ғалаба қозониши шарт, - деб ёзди Осиё футбол конфедерацияси экспертлари the-afc.com сайтида.
Айни пайтда Қатардаги жаҳон чемпионатида иккитадан ғалабага эришган Ирландия Республикаси, Португалия, Аргентина, Италия, Бразилия, Замбия, Австрия ҳамда АҚШ муддатидан аввал плей-офф босқичига йўлланма олиб бўлди.
Ўзбек футболчиси жаҳон чемпионати “Олтин бутса”сига даъвогар!
Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги ғалабасига қандай муносабат бўлди?



Фикрлар