
Ўзбек футболчиларидан кимга иш керак?
Замонавий футболда ўзига муносиб жамоа топиш осон эмас. Бир клубдан қўним топиш бир неча томонлар манфаатлари устига қуриладиган мураккаб жараён ҳисобланади.
Футболчининг машҳурлиги, зўрлиги, истеъдоди, ёши, маҳорати ҳам баъзан янги жамоадан ўрин олиш учун унга ёрдам бермаслиги мумкин. Жаҳон футболида бўлгани каби айрим ўзбек футболчилари ҳам жамоамиз юрган ҳолатлар учрайди.
Футболга ихтисослашган “Азия-спорт” телеграмм канали Transfermarkt портали маълумотлари асосида жамоасиз қолаётган энг қиммат ўзбек футболчилари рўйхатини тузиб чиқди.
Улар билан танишинг:
Жасур Яхшибоев (охирги жамоаси “Ордабаси”) – трансфер суммаси 700 минг евро.
Фаррух Икромов (“Сурхон”) – 200 минг евро.
Жаҳонгир Абдумўминов (“Ханой”) – 175 минг евро.
Нодирбек Мукаров (“Шўртан”) – 125 минг евро.
Сардор Рашидов (“Навбаҳор”) – 100 минг евро.
Муҳаммадбобур Муйдинов (“Олимпик”) – 100 минг евро.
Анвар Алижонов (“Олимпик”) – 100 минг евро.
Шероз Жалолов (“Шўртан”) – 100 минг евро.
Жасур Ўринов (“Шўртан”) – 100 минг евро.
Таъкидлаш жоизки, бу футболчилар орасида энг машҳурлари Жасурбек Яхшибоев ва Сардор Рашидов ҳисобланади.
Бир пайтлар Европа Чемпионлар лигасида “Сантьяго Бернабеу”да “Реал” дарвозасига гол урган Жасурбек Яхшибоев айнан футбол ўйнайдиган 27 ёшда. Универсал ҳужумчи “Ордабаси” билан ҳамкорлик якунлаганидан кейин бир неча клублар билан музокара олиб боргани ҳақида маълумотлар чиқарилди.
Бироқ Беларусь, Польша ва Молдова чемпиони бўлган тажрибали тўпурар ҳали ўзига муносиб жамоа топа олгани йўқ. Ачинарлиси, Яхшибоев Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилардан ҳисобланади.
“Бунёдкор” ва “Локомотив” жамоалари сафида тўрт карра Ўзбекистон чемпиони бўлган Сардор Рашидов 33 ёшида ўзига жамоа қидиришига тўғри келмоқда. Ҳужумкор футболчининг тажрибасига шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Сардор юртимизда “Пахакор” шарафини ҳам ҳимоя қилган, бундан ташқари, Қатарнинг “Ал-Жаиш”, “Қатар СК”, “Умм Салал”, Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал-Жазира”, Португалиянинг “Насьонал” каби жамоалари сафида майдонга тушган.
Таъкидлаш жоизки, айрим мамлакатлар лигаларида ҳали трансфер ойнаси ёпилганича йўқ. Балки тез орада бу футболчиларимиз фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлар. Демак, кузатишда давом этамиз...
Фикрлар