
Ҳусановнинг автоголи қандай оқибатга олиб келгани айтилди
Англия Премьер-лигасининг 29-тури доирасидаги учрашув Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов учун оғир келди.
Бу турда “Манчестер Сити” келаси мавсум учун Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини берадиган ўринлар учун курашдаги тўғридан тўғри рақиби – “Брайтон” билан ўзаро куч синашди.
Ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнаган “шаҳарликлар” Эрлинг Холанд ва Умар Мармушнинг голлари эвазига ҳисобда икки марта олдинга чиқиб олган бўлса-да, беллашув 2:2 ҳисобидаги дуранг билан тугади.
Иккинчи бўлим бошидаёқ Абдуқодир Ҳусанов рақиб зарбасини қайтаришга ҳаракат қилган паллада тўп унинг оёғига тегиб, дарвоза тўрига бориб тушди. Автогол мезбонлар ғалабани қўлдан чиқаришига сабаб бўлди.
Учрашувдан кейин “Манчестер Сити” вакиллари Ҳусановнинг автоголига муносабат билдирди.
- Натижадан шахсан менинг ҳафсалам пир бўлди. Биз икки марта ҳисобда олдинга чиқиб олдик ва жуда яхши ўйнаб тургандик. Бунақа ўйинда уч очкони қўлга кирита олмаслик бироз алам қилади.
Биз уларни тўпни назорат қилишда чеклаб қўя олдик, деб ўйлайман.
Иккинчи бўлим бошида иккинчи голни ўтказиб юборганимиздан кейин ўзимизга бўлган ишончни йўқотиб қўйдик. Мана шунақа юқори даражада ҳам хатолар бўлиб туради, - деди “Манчестер Сити”нинг энг тажрибали ўйинчиларидан Илкай Гюндоған.
“Шаҳарликлар” устози Хосеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусановни қўллаб-қувватлашни маъқул топди. Испаниялик мутахассис бу натижадан қатъи назар чемпионатдаги кураш охирги тургача давом этишини таъкидлади.
- Тўққизта ўйин, тўққизта финал бўлади. Кураш охирги кунгача давом этадиган кўринади. Бу учрашув “Ноттигем Форест” билан бўлган ўйинга ўхшади. Яхшиям ютқазиб қўймадик.
Олдинда бизни жуда оғир ўйинлар кутиб турибди. Чемпионатдаги кейинги ўйин ўз майдонимизда “Лестер”га қарши бўлади. Кейин “Олт Траффорд”га борамиз. Унгача Англия кубоги доирасида “Борнмут” билан муҳим баҳс бор.
Бу галги ўйинимиз “Ноттингем Форест” билан бўлган баҳсдан анча яхши ўтди. Биз қулай вазиятлар ярата олдик. Иккита голдан ташқари, Савиньо тўп киритиши мумкин эди.
Жереми Доку рақибга катта хавф туғдирди, Умар Мармуш ҳар икки голимизда иштирок этди. Рубен Диаш ва Абдуқодир Ҳусанов фантастик даражада яхши ўйнашди. Умуман олганда, ҳаммаси яхши кечди.
Иккинчи бўлим бошида 2:1 ҳисобида олдинда эдик, бироқ бурчакда эҳтиётсизликка йўл қўйдик ва бунинг оқибатида улар ҳисобни тенглаштирди. Бизга барқарорлик етишмади, лекин бу табиий ҳол. Кейин ўйинга қайтиб, яна яхши вазиятларга эга бўлдик. Охиригача курашиш масъулиятини бўйнимизга оламиз, - деди Хосеп Гвардиола “Манчестер Сити” сайтига берган интервьюсида.
“Манчестер Сити” навбатдаги учрашувини 30 март куни Англия кубоги доирасида “Борнмут” жамоасига қарши ўтказади. Унгача жамоанинг бир неча ўйинчилари қатори Абдуқодир Ҳусанов ФИФА кунлари муносабати билан халқаро учрашувларда қатнашиб келади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси март ойида 2026 йилги жаҳон чемпионатининг минтақавий саралаш турнири учинчи босқичида Қирғизистон ва Эронга қарши иккита муҳим беллашувда майдонга тушади.
Италия афсоналари Шомуродовни нега “поддержка” қиляпти?
Гвардиола Ҳусанов автогол урган учрашувдан кейин нима деди?
Бир учрашувда Холанд рекорд, Ҳусанов антирекорд ўрнатди!
Премьер-лига антирекордчиси Ҳусановга қандай баҳо берди?
Раньери Шомуродов масаласида катта хатога йўл қўйди!
“Манчестер Сити”: Ҳозир Ҳусановга тегиб бўлмайди!
Ҳусановга яхши янгиликлар...
“Рома”ни қутқара олмаган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?
Элдорнинг рафиқаси ким? Европада Шомуродовнинг оиласига қизиқа бошлашди!
Файзуллаев: Ортга қайтяпман!
Фикрлар