Ўзбек футболининг 110 йиллиги муносабати билан "Қўқон-1912" стадионида халқаро ўртоқлик ўйини ўтказилиши мумкин
Бугун Қўқондаги “марказий” стадионида “Қўқон-1912” жамоаси раҳбариятининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни жамоа президенти Григорий Викторович Айрапетов олиб борди. Жамоа раҳбари мавсумнинг иккинчи даврасига тайёргарлик, селекция ишлари ҳамда жамоанинг ёшлар жамоалари таркибига эътибор қилиш ва бошқа бир нечта масалалар юзасидан олиб борилган ишлар ҳақида гапириб, йўл қўйилган камчиликларни баратараф қилиш масаласини илгари сурди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
- Асосий ҳамда ўринбосарлар таркиби ўртасида “занжир” бўлиши лозим. Мураббийлар штаби бош мураббий Даврон Файзиев кўрсатмалари асосида машғулотларни олиб бориши ҳамда иқтидорли ёшларни асосий таркиб машғулотларига жалб қилиб бориш лозим. Биз ёш футболчиларга бўлган эътиборни кучайтирамиз. Қўқон шаҳри ва атроф туманларида жуда ҳам кўплаб иқтидорли ёш футболчилар бор. Уларга керакли шароитларни яратиб бериб, келгуси йил учун селекция ишларини ҳозирдан бошлашимиз лозим.
Бу йил Қўқон шаҳрида ўзбек футболининг 110 йиллик тантаналари нишонланади. Мазкур тадбирга алоҳида режа аосида тайёргарлик олиб борамиз. ЎФА билан ҳамкорликда футболимизнинг 110 йиллигини катта байрам қилиб ўтказамиз. Бу байрам доирасида ҳалқаро ўртоқлик учрашувини ташкил қилиш ҳамда бу ўйинни Қўқондаги “марказий” стадионида катта байрам тадбири қилиб ўтказиш борасида шаҳар хокимлиги ҳамда ЎФА билан биргаликда режа ишлаб чиқамиз.
Мавсумнинг 2 даврасини ўз майдонимизда ўтказиш борасида ҳаракатларимиз давом этади. Яқин кунларда “марказий” стадион ёритгичларини янгилаш ишлари ўз ниҳоясига етказамиз. Биз бу ишни “Нефтчи” билан бўладиган “дерби”га қадар улгурмадик, энди “Навбаҳор” билан бўладиган “дерби”ни ўзимизнинг стадионимизда ўтказишимиз лозим, – деди Г. Айрапетов.
Шунингдек, жамоа бош мураббийи Даврон Файзиев, жамоа бошлиғи Шуҳрат Мўминов ҳамда бошқалар сўзга чиқиб қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.
Жамоа матбуот ва маркетинг бўлими бошлиғи Акрамжон Мамадалиев “марказий” стадионда қилиниши лозим бўлган безатиш ва реклама масалалари ҳамда ОАВ ходимларига қулайликлар яратиш борасида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.
Ёшлар жамоалари ўйинлари ҳамда машғулотлари бўлиб ўтадиган 2-БЎСМга қарашли стадиондаги мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, бу стадионга ҳам ёритгичлар ўрнатиб ёш футболчиларга об-ҳавонинг салқин вақтида машғулотлар ўтказишлари учун барча шароитларни яратиш лозимлиги таъкидланди.
Фикрлар