"Ўзбек классико"сида "даҳшат"ли тўқнашув ёхуд "Нефтчи" ўз уйида бегонами?
Суперлиганинг бу турида “Ўзбек классикоси” борлигини яхши билсангиз керак. Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси амалдаги чемпион – “Пахтакор”ни қабул қилади. Бу жиддий ўйин. Бу сафарги тўқнашувда кескинлик янада юқори даражага чиқиши кутилмоқда.
Мазкур учрашув ниҳоят Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтиши кутилаётганди. Бироқ яна “Турон”нинг майдони – Яйпандаги ўйингоҳда ўтказиладиган бўлди. Бунга сабаб, “Истиқлол” стадионининг майсаси ҳали тўлиқ тайёр эмаслиги. Унгача “Нефтчи” вакиллари ўз уйида очилиш ўйинини ўтказишга астойдил тайёргарлик кўраётганди. Бироқ юқоридаги сабаб туфайли “Нефтчи” жамоаси яна ўз майдонидан фойдалана олмай турадиган бўлди. Бу ҳақида ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев ҳам ўзининг телеграмдаги расмий саҳифаси орқали бу масалага тўхталиб, жумладан шундай ёзди: “Нефтчи” мухлислари “Истиқлол” стадиони масаласида “Истиқлол” стадиони ходимларини саволга тутишлари тўғрироқ бўлади. Биз учрашувни Фарғонада ўтказишни истадик, ҳамма истади. Аммо чим истамаётган бўлса, бунга биз жавобгар эмасмиз”.
Шу фикрнинг ўзиёқ, кўп масалага ойдинлик киритиб турибди. Шундай қилиб, “Нефтчи” ўз майдонида ўйнашидан умид қилганди-ю, бироқ яна бировнинг майдонида номинал мезбон сифатида тўп сурадиган бўлди. Яъни, бундай вазиятда ўз уйида “бегона”, деган иборани ҳам қўлласак ярашаверади.
Нима бўлганда ҳам, фарғоналиклар “Турон” стадионидан яна мезбон сифатида фойдаланиб туришади ва тайёргарликни шунга яраша олиб бормоқдалар. Ўтган турда “Нефтчи” водий дербисида ўша “Турон” стадионида “Қўқон-1912” билан қандай ўйин кўрсатганини кўргандирсиз-а?! Анчадан бери бундай қизиқарли ўйинни кўрмагандик. Ҳисоб ҳаммасини айтиб турибди – 3:3. Бу сафар фарғоналиклар янада жиддий учрашувда иштирок этишади. “Нефтчи”нинг янги бош мураббийи Виталий Левченкодан фақат ижобий натижа кутиляпти. Вақт эса кутиб турмайди. Унинг дебюти жанговар дуранг билан якунланган бўлса, бу сафар унинг жамоасидан фақат ғалаба талаб қилиниши табиий. Бунинг устига Левченко ҳозирча янги клубида илк ғалабасини қўлга киритгани йўқ. Жамоанинг ҳозирги мавқеи ўзига ярашмаётгани сабабли раҳбарият тезроқ даражасини яхшилашини хоҳлашяпти. Левченко шунинг учун ҳам таклиф қилинган. Балки мураббийнинг чемпионга қарши ўйлаб қўйган режаси ҳам бордир. Бироқ “Пахтакор” учун ҳам бу ўйиннинг аҳамияти жуда катта. Максим Шацких бош мураббий сифатида иккита ўйин ўтказиб бир ғалаба ва бир дуранг қайд этди. Учинчи ўйини водий дербисига тўғри келмоқда. Иккала клубда ҳам янги мураббийлар иш бошлашган ва имкони қадар тезроқ натижа кўрсатиш илинжида юришибди. Мавқеини бироз туширгани айтилаётган “Пахтакор” Шацких бошчилигида яна чемпионлик учун барқарор равишда кураша оладими? Бунга жавобни чемпионат охирида олсак керак. Ҳозирда мураббий жамоасининг ўйинидаги камчиликларни бартараф этиш устида ишлаяпти. Иккита учрашувда клуб ўз дарвозасидан 4 та тўп олиб чиқди. Чемпиондек жамоа учун бу кўрсаткич салбий. Шунинг учун Максим Александрович мудофаа чизиғи устида бош қотираётган бўлса ажаб эмас. Бунинг устига “Сўғдиёна”га қарши баҳсда Одил Ҳамробеков қизил карточка олиб майдонни эрта тарк этгани сабабли бу сафар жамоасига ёрдам бера олмайди. Бу эса “Пахтакор” учун жиддий йўқотиш. “Нефтчи”да эса Аббос Ғуломов майдонга туша олмайди. 14-турда “Қўқон-1912”га қарши учрашувда майдондан четлатилгани бунга сабаб.
Бу эски танишлар тўқнашуви бой тарихга эга. Чемпионатимизда бир-бири билан энг кўп тўқнаш келган жуфтликлардан бири саналади. Шу кунгача чемпионат доирасида 55 марта майдонда куч синашишган. “Нефтчи” жамоаси чемпион устидан 20 бор ғолиб чиққан бўлса, “Пахтакор” азалий рақиби устидан 26 та баҳсда устун келган. Яна 9 та қарама-қаршиликда кучлар тенг келиб қолган. “Нефтчи” 67 бор гол урган, “Пахтакор” 92 марта рақиб дарвозасини ишғол қилган ва 100 лик маррага яқинлашиб қолди. Фарғоналиклар сўнгги бор кучли рақиби устидан 2016 йилги мавсумда ғолиб чиққан бўлиб, ўшанда “Нефтчи” ўз майдонида 1:0 ҳисобида ютуққа эришган. Қизиғи, ўша йилги мавсумнинг биринчи даврасида Тошкентдаги баҳсда ҳам фарғоналикларнинг қўли баланд келган – 1:2. Жорий мавсумнинг биринчи даврасида “Пахтакор” Тошкентда Драган Чераннинг ягона голи эвазига “Нефтчи”ни мағлуб этган. Бу галги беллашувдан кўп нарса кутиляпти. Айниқса, томошабоп тарзда ўтишининг эҳтимоли баланд. Бунга юқорида бир қатор факторларни мисол келтирдик.
Фикрлар