Ўзбек легионерларининг даражаси қандай? Машарипов "Ротор"га ёрдам бера оладими? - Максим Шацких бир қатор саволларга жавоб қайтарди
Россия премьер-лигасида Волгограднинг “Ротор” клуби яққол аутсайдер бўлиб турибди. Ўтказилган 10 та ўйинда ҳали ғалаба қозона олишмади, 3 та дуранг ва 7 та мағлубият билан охирги ўринни банд этиб келмоқда. Ушбу жамоанинг мураббийлар штабида эса ҳамюртимиз Максим Шацких ишлаётганини яхши билсангиз керак. У бош мураббий Александр Хацкевичга яқинда кўмаклашмоқда.
Ушбу жуфтлик бундан олдин Киевнинг “Динамо”сида ҳам бирга фаолият кўрсатишганди. Табиийки, Шацкихнинг футболимизга доир билдирадиган ҳар қандай фикрлари ҳеч биримизни беэътибор қолдирмайди. Унинг sports.uz сайтига берган интервьюсида клубидаги вазият ва ўзбек футболига доир бир қатор масалалар кўтарилган.
- Максим Александрович, сизнинг “Ротор”даги ишларингиз қандай кечяпти? Эшитишимча, клубда муаммолар бор экан...
- Бизда ҳаммаси жойида. Сиз эшитган гаплар менимча фақат айрим кишилар ўртасида юрган шунчаки миш-миш холос.
- Агар янглишмаётган бўлсам, айтинг-чи, охирги ўйинда Хацкевичнинг ўрнига жамоани ўзингиз бошқардингиз. Хацкевичнинг соғлиги жойдами?
- Шукрки, Хацкевичнинг аҳволи яхши. У касалликдан буткул соғайган.
- Афсуски, айни пайтда “Ротор” мусобақанинг пастки қисмидан жой эгаллаб турибди. Клубни қутқариб қолишнинг иложи борми?
- Ҳали ўйинлар кўп. Шуни қўшимча қилишим керакки, жамоада ёш ва янги футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Улар ўйин фалсафасини англаб етмоқликлари зарур. Бунинг учун эса вақт керак. Вақт ҳамма нарсага даво, деб бекорга айтишмайди.
- Хабарингиз бор, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов Италия А сериясига кўчиб ўтди. Унинг итальян биринчилигида ўйнаб кета олиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Бу унинг ҳаётидаги олдинга ташланган катта қадамдир. Шомуродовнинг Италия А сериясида қандай ўйнаб кета олиши биринчи навбатда фақат ўзига, жисмоний қуввати ва руҳий мувозанатига боғлиқдир. У ўзининг энг кучли жиҳатларини намойиш этиш билан бирга ўйинидаги ожиз нуқталарини мураббийга кўрсатмасликка ҳаракат қилса яхши бўларди.
- Яқинда мана шундай маълумот пайдо бўлди: Беларусь чемпионатида ўзидан илиқ таассурот қолдираётган Жасур Яхшибоевга Киев “Динамо”си томонидан қизиқиш бор. Нима деб ўйлайсиз, Яхшибоев “Динамо”нинг ўйинига мослашиб кетган бўлармиди?
- Ҳозирча мен бундай маълумотдан бехабарман. Афтидан, бу шунчаки одамлар орасида юрган миш-миш гап бўлса керак. Яна шуни қўшимча қилишим керакки, хорижлик ўйинчи бирор-бир биринчиликка кўчиб ўтгудек бўлса, у маҳаллий футболчилардан ҳар томонлама кучли бўлмоғи даркор. Бахтга қарши мен Жасур Яхшибоевнинг қандай имкониятларга эга эканлигини ҳали тузукроқ билмайман.
- Максим Александрович, “Ротор”да ўзбек футболчиларини кўришни истаган бўлармидингиз? Агар шуни хоҳласангиз, раҳбариятга кимларни тавсия қилардингиз?
- Бу саволингизга жавоб қайтаришим амримаҳол. Чунки ўзбек чемпионатини синчковлик билан кузатиш имконига эга эмасман. Биринчиликни қаерда томоша қилишни ҳам билмайман. Фақат гоҳида миллий терма жамоа иштирокидаги учрашувни томоша қилиш имкони юзага келади холос.
- “Пахтакор”даги ўйинлари орқали барчада илиқ таассурот қолдираётган, Осиё Чемпионлар лигаси доирасида киритган тўпи энг чиройли голлар конкурсига қўйилган Жалолиддин Машариповни кузатиб боряпсизми? Сизнингча, у “Ротор”га асқотган бўлармиди?
- Машариповнинг ўйинларини кузатиб бормаяпман. Бироқ, эшитишимча, у жуда ҳам иқтидорли футболчидир. Мен унинг фақат миллий терма жамоа сафидаги айрим ўйинларини кузата олдим холос. Аммо ўша баҳсларда Жалолиддин Машарипов ўз позициясида айни дамда энг яхши ижрочилардан бири эканлигини кўрсатиб берди. Чемпионатдаги ўйинлар терма жамоаникидан фарқ қилади. Шунинг учун футболчининг қандай қобилятга эга эканлигини бевосита уни кузатиш орқали билиб олиш мумкин. Бу масалада клубнинг йиғинида кузатиш мақсадга мувофиқ бўларди.
- Айни дамда Москванинг “Спартак” клуби шарафини ҳимоя қилаётган Остон Ўрунов эътиборингизни тортадими? У ҳақда нима деган бўлардингиз?
- Биласизми, мен худди Жасур Яхшибоев сингари Остон Ўруновнинг ҳам майдонда қандай тўп суришини ҳали кўрганим йўқ. Шу боис бу саволингизга жавоб қайтара олмасам керак.
- Ўзбекистонлик яна бир ўйинчимиз – Жавоҳир Соҳибовнинг Украинанинг “Рух” клубига кўчиб ўтиши кутиляпти. Бу жамоа сиз учун бегона ҳисобланмайди. Чунки фаолиятингиз охирида айнан шу жамоада ўйнагансиз. Шундан келиб чиқиб, Соҳибовга қандай маслаҳатларни берган бўлардингиз?
- Юқорида Шомуродов ҳақида нима деган бўлсам, Соҳибов борасида ҳам айнан шу гапларни такрорлашимга тўғри келади.
- “Пахтакор”нинг Осиё Чемпионлар лигаси чорак финалидаги ўйинини кўрдингизми? Клуб бемалол енгиб ўтиши мумкин бўлган рақиби “Персеполис”га ютқазиб қўйди.
- Йўқ, ўша ўйинни томоша қила олмадим. Аммо “Пахтакор” ҳақида шуни айтишим керакки, анчадан бери Осиё майдонларида иштирок этиб келаётган бу клубнинг бирор-бир унвонни қўлга киритишга муносиб эканлигини исботлайдиган пайт етиб келган.
- Охирги пайтларда ўзбек футболчилари хориж чемпионатларида ўйнаш учун жўнаб кетмоқда. Сизнингча, уларнинг орасидан “иккинчи Максим Шацких” етишиб чиқадиган ижрочи топиладими?
- Мен олдин ҳам мана шундай гапни бир неча бор таъкидлаганман: таклиф бўляптими, ўйинчини қўйиб юбориш керак. Бундан футболчиларга катта фойда бўлади. Ўз навбатида, ўйинчиларни четга юбориш терма жамоа манфаати учун яхши хизмат вазифасини ўтайди.
- Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги футболчилар орасида энг кучлиси ким?
- Мен юқорида айтиб ўтганимдек, ўзбек чемпионатини кузатиб бормаяпман. Шу боисдан ҳам бу саволингизга ҳам жавоб қайтара олмайман.
Фикрлар