Ўзбек спортчилари Осиё ўйинлари тарихида янги саҳифа очишди
Ads

Кеча мусобақада Ўзбекистон спорт делегациясининг Осиё ўйинларидаги медаллар сифати бўйича рекорди янгиланганди.

Бугун терма жамоамизнинг медаллар жамғариш бўйича янги рекорди ўрнатилди. Шу кунгача бу борада юртдошларимизнинг энг яхши кўрсаткичи 2010 йили Гуанчжоу шаҳрида қайд этилганди. Ўша йили ўзбек спортчилари 56 та медаль билан юртимизга қайтгандилар. Индонезиядаги Осиё ўйинлари якунланишига икки кун қолганида ушбу рекорд ҳам янгиланди. Бугун вакилларимиз 57-медални терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйишди. Бу мустақил Ўзбекистон учун Осиё ўйинларидаги энг яхши натижа ҳисобланади.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Эртага, мусобақанинг сўнгги кунида етти нафар боксчимиз финал баҳсида олтин медаллар учун рингга кўтарилади. Мусобақада иштирок этаётган боксчиларимизнинг барчаси ҳал қилувчи финал босқичига етиб келишди. Улардан ҳам олтин медалларни кутиб қоламиз. Шунингдек, байдарка ва каноэда эшкак эшувчиларимиз финал баҳсларида иштирок этишади. Мазкур йўналишда юртимиз шарафини ҳимоя қилувчи спортчиларимиздан ҳам умидимиз катта. Шундай экан, байрам давом этади.