Ўзбек тўпурари Европадаги лигани забт этгани борадиган бўлди
Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилардан Жасурбек Яхшибоев фаолиятини Европа мамлакатларидан бири – Озарбайжон чемпионатида давом эттириши кутилмоқда.
Бир неча манбаларнинг маълум қилишича, 27 ёшли универсал ҳужумчимизни ушбу мамлакатнинг энг номдор ва машҳур жамоаси – “Нефтчи” ўз сафига қўшиб олишни мақсад қилган.
Жасурбек Яхшибоев ўтган мавсумни Қозоғистон чемпиони “Ордабаси” жамоасида ўтказди. Бу клубда юқори малакали ҳужумчилар тўпланганига қарамай, ҳамюртимиз қисқа фурсатда жамоанинг асосий тўпурарига айланиб олди.
Легионеримиз Чимкент клуби сафида чемпионатда 17 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини тўққиз маротаба ишғол қилди ва жамоасининг энг сермаҳсул ўйинчиси бўлди.
Аслида Жасур чемпионат тўпурарлари пойгасида ғолиблик учун курашаётган эди. Учрашувлардан бирида ҳакамни туртгани учун тўртта ўйиндан иборат дисквалификацияга учради ва чемпионатнинг якуний қисимини ўтказиб юборишига тўғри келди.
Шунга қарамай, қозоғистонлик футбол экспертлари Жасурбек Яхшибоевни чемпионатнинг энг ёрқин ўйинчилари ва мавсум кашфиётларидан бири сифатида эътироф этди.
Таъкидлаш жоизки, Яхшибоевга Европа майдонлари бегона эмас. “Пахтакор”да тарбияланган футболчи юртимизда ОТМК жамоасида ҳам маълум муддат фаолият олиб борганидан кейин 2020 йили Европа томонларга йўл олган эди.
Дастлаб, Беларусь чемпионатида “Энергетик-БГУ” жамоасидан қўним топган ҳамюртимиз мавсумнинг иккинчи ярмида чемпионлик учун курашаётган “Шахтёр-Солигорск” клубига кўчиб ўтганди. Жасур ўз голлари билан солигорскликларни мамлакат чемпионига айланишига муҳим ҳисса қўшган.
Кейинчалик тақдир уни Польша чемпионатига, у ердан Молдовага етаклади. Гарчи кўп ўйнамаган бўлса-да, Варшаванинг “Легия” жамоаси сафида Польша чемпионати олтин медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлди.
2021 йили кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун “Легия”дан Молдованинг энг қудратли клуби “Шериф”га ижарага ўтди. Бу жамоада учинчи мамлакат чемпионлигига сазовор бўлди.
Асосийси эса, Яхшибоев “Шериф” сафида Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида Мадриддаги баҳсда “Реал” жамоаси дарвозасини ишғол қилиб, Молдова тарихидаги энг ёрқин ғалабада иштирок этди.
Шунингдек, Жасур Яхшибоев “Реал”нинг уй аренаси “Сантьяго Бернабеу”да гол урган биринчи ўзбек футболчиси сифатида ном қолдирди.
Энди Жасур йўл олиши кутилаётган Озарбайжон чемпионатида ўзбек футболчилари учун бегона эмас. Бу мамлакатда ўзбекистонлик ҳужумчи Баҳодир Насимов бир неча мавсум муваффақиятли тўп сурган ва тўпурарлик маҳоратини намойиш қилган. Шунингдек,
Яқинда истеъдодли ўйинчиларимиздан Жасур Жалолиддинов Озарбайжоннинг “Сумгайит” жамоаси сафига бориб қўшилди.
Демак, Яхшибоевдан ҳам яхши янгилик кутиб қоламиз!
Агар бу жамоада ўйнаганида Файзуллаев учун 15 эмас, 50 миллион евро беришарди!
Файзуллаев Францияга борадими?
Файзуллаевга “Монако” қизиқаётганига муносабат билдирилди!
Фикрлар