"Ўзбекистон билан бир гуруҳга тушиб қолишимизни кутмагандик" ёхуд қирғизистонлик футболчи нега Суперлигамизга қайтмади?
Яқинда Вьетнам чемпионатига кўчиб ўтган иқтидорли ярим ҳимоячи Одил Абдураҳмонов айни пайтда Қирғизистон терма жамоаси билан “ЖЧ-2026” учинчи саралаш баҳсларига тайёрланмоқда. Маълумки, қирғизистонликлар ҳам Ўзбекистон гуруҳидан жой олган. Абдураҳмонов эса мухлисларимиз учун яхши таниш. Илгари “Бунёдкор” клубида тўп сурган. Куни кеча ушбу легионер Sports.uz сайтига интервью берди.
- Одилжон сизни “Бунёдкор”даги фаолиятингиз орқали яхши биламиз. Ўша пайтлардан қандай хотиралар қолган?
- “Бунёдкор”дан жуда илиқ хотираралар қолган. Мослашиш осон кечган. Миллатимиз ҳам бир-бирига яқин. Тил борасида ҳам қийналмагандим. Мени ўсишимда “Бунёдкор” катта ёрдам берган. Кейин футболчилик фаолиятим яхши томонга ўзгариб кетди. Қозоғистон чемпионатига бориб ўйнадим. “Бунёдкор” мен учун трамплин вазифасини бажарди.
- Яқинда Вьетнам чемпионатига ўтдингиз. Бу чемпионатда доим ҳам таниш легионерларимизни кўравермаймиз. Ҳаммаси қандай бўлди?
- Тўғри, Вьетнам чемпионатида марказий осиёликлар жуда кам. Асосан бразилиялик легионерлар кўп экан. У ерга ўтишимга асосий сабабчи, “Бунёдкор”да ишлаган, мен учун қадрдон бўлган Шахриёр ака ёрдам кўрсатди. Бошидан охиригача трансфернинг амалга ошишида ўзи бош-қош бўлди. Шахриёр акага миннатдорчилик билдираман. Худо хоҳласа, Вьетнам чемпионатида ўзимни кўрсатиб, янада кучлироқ чемпионатга йўл олишни мақсад қилиб турибман.
- “Бунёдкор”да сиз учун ёқимли нарса нима эди?
- “Бунёдкор”дан яхши хотиралар қолган. У ерда ажойиб инсонлар билан танишдим. Футбол агенти билан бўлиб ишлаётган Шахриёр ака клубга мослашишимда қўлидан келган ҳамма ёрдамни берган. Клуб раҳбариятига ҳам раҳмат айтаман. Боя айтганимдек, клубга келганимда тил масаласида муаммо бўлмаган. Ўзбек тилида яхши гаплашаман. Чунки ўзим Қирғизистондаги ўзбеклардан ҳисобланаман. “Бунёдкор”ни фақат яхши хотиралар билан эслайман. Яхши дўстлар, ака-укалар орттирдим. Ҳеч қачон ёмон фикр билдирмайман.
- Тез орада “ЖЧ-2026”нинг навбатдаги саралаши бошланади. Қирғизистон Ўзбекистон билан бир гуруҳда. Буни кутганмидингиз?
- Тўғриси, Ўзбекистон билан бир гуруҳга тушиб қолишимизни кутмагандик. Бу футбол. Барибир ҳамма рақиб билан қачондир ўйнаш керак. 10 сентябрь куни Қирғизистонда Ўзбекистонни қабул қиламиз. Кучлиги ютади. Ҳозир ҳамма жойда футбол ривожланяпти. Ҳамма жамоа футбол ўйнашни ўрганган. Биз ҳам қўлимиздан келганича бор маҳоратимизни ишга солиб яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
- Умуман, гуруҳ фаворитлари ва Қирғизистоннинг имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Гуруҳда фаворит деб ҳеч кимни алоҳида кўрсата олмайман. Ҳали ўйинлар бошланмади. 2-3 та турдан кейин фаворитлар ажралиб қолса керак. Лекин ҳали охирги босқич бошланмасидан туриб ҳеч ким қўлини кўтармайди, биз кучсизмиз демайди. Бу футбол. Яхши ўйин кўрсатиб, қўлдан келганича юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз. Бу жамоадаги ҳар бир футболчининг вазифаси.
- Ўзбекистон термасига қарши учрашувни сабрсизлик билан кутяпсизми?
- Нафақат Ўзбекистон билан ўйинни, балки бошқа рақиблар билан учрашувларни ҳам сабрсизлик билан кутяпмиз. Майдонда кучли жамоа ютади. Бор кучимиз билан ўйин кўрсатиб, гуруҳда яхши натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Ўзбекистон терма жамоасини ҳурмат қиламиз. Осиёда ўз ўрнига эга. Ҳар доим юқори ўринларда юрган ва қитъада ўзининг обрўси бор.
- Сизга яна чемпионатимиздан таклифлар бўлганмиди?
- Таклифлар бўлди. Шу йили Ўзбекистонда биринчи давра тугаганидан кейин “Қизилқум”, “Металлург” ва яна айрим клублардан таклифлар бўлди. Барчаси йил охиригача шартнома таклиф қилганлиги учун иккинчи даврада оиламни олиб бориб, 3-4 ой учун уларни овора қилгим келмади. Шунинг учун таклифларни қабул қилмадим. Шахриёр ака билан доим алоқада эдик. “Бунёдкор”дан кейин футбол агенти бўлиб ишлаётганидан хабарим бор эди. Август ойида менга алоқа чиқди. Вьетнамдан яхши таклиф бўлаётганини, ойлик маошлари ва шароитлари яхшилигини айтиб, мени у ерга бора олишим мумкинлиги билан қизиқди. Бу таклиф менга ҳам ёқди ва рози бўлдим. 3-4 кун ичида ҳамма масала ҳал бўлиб кетди. Бир ҳафта ичида шартномаларга қўл қўйдим. Ҳозирги кунда эса терма жамоам билан биргаман. Эронга келганмиз. 5 сентябрь куни уларга қарши ўйинимиз бор. 10 сентябрда эса ўз уйимизда Ўзбекистон терма жамоасини қабул қиламиз. Менга ёрдам кўрсатган Шахриёр акага яна бир бор миннатдорчилигимни билдираман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар