Ўзбекистон делегацияси Ислом бирдамлиги ўйинларига тантанали кузатилди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 9-18 август кунлари Туркия давлатининг Конья шаҳрида V Ислом бирдамлик ўйинлари бўлиб ўтади.
Бундан бироз аввал Миллий Олимпия қўмитаси биносида ушбу нуфузли спорт тадбирига ўзбекистонлик спортчиларни кузатиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти – Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжев ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, ҳукуматимиз вакиллари, иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган Абдужаббор Абдувоҳидов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Маданият вазири, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Озодбек Назарбеков спортчиларимизга бўлажак мусобақада омад ва зафарлар тилаб қолишди. Спортчиларимиз номидан қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндори Зайнаб Дайибекова ҳамда пара стол тенниси бўйича терма жамоамиз аъзоси Расул Атамурадов сўзга чиқиб, мусобақада ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга, халқимиз ва Президентимизнинг ишончини оқлаган ҳолда юртимизга олтин медаллар билан қайтиб келишга ваъда беришди.
Тадбир якунида Абдужаббор Абдувоҳидов Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини делегациямиз аъзоларига тантанали равишда топширилди. Шундан сўнг жамоамиз ажратилган махсус автобусларда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қараб йўл олди. Делегациямиз Конья шаҳрига давлатимиз томонидан ажратилган махсус чартер рейс орқали жўнаб кетади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг тантанали очилиш маросими 9 август куни бўлиб ўтса, 18 августда баҳсларга якун ясалади. 55 мамлакат иштирок этаётган бу галги Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 265 нафар спортчи билан йўл олмоқда.
Фикрлар