Ўзбекистон Гана устидан кичик ҳисобда ғалаба қозонди

Ўзбекистон ва Гана миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви ўз якунига етди. Унда вакилларимиз 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Дастлаб, футболчиларимиз ўйинни жуда фаол бошлади ва тезкор гол уришга муваффақ бўлди. 4-дақиқада жамоамиз сардори Отабек Шукуров кучли зарбаси билан дарвозани ишғол этди. Кейинчалик, рақиблар ҳам бироз фаолликни оширди ва бу 72-дақиқада ўз самарасини берди. Иссахаку Абдул Фатавунинг узоқ масофадан берган зарбасини дарвозабонимиз қайтара олмади.

Қийин вазиятда масъулиятни ўз елкасига олган Машарипов орадан кўп ўтмай жамоамизга ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди. Дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борган Жалолиддин тўпни дарвозана аниқ йўллади.

Энди Абрамов бошчилигидаги "оқ бўрилар" Ироқ МТЖга қарши майдонга тушади. Ўйин 29 март куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.

  • 90+6'

    Учрашув якунланди. Матнли трансляция Жавоҳир Азимов томонидан олиб борилди!

  • 90+5'

    Фатаву қарийб майдон марказидан зарба берди. Тўп устун ёнидан ўтиб кетди.

  • 90+4'

    Майдон марказида Шукуров тактик фол ишлатди. Акс ҳолда, рақиб ҳужуми хавфли тус олиши мумкин эди.

  • 90+3'

    Максвелл Эбби Куайе ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди. Ҳакам ўйинни тўхтатди.

  • 90+1'

    Захирадан ўйинга қўшилган футболчиларимиз фаоллиги билан ажралиб турибди.

  • 90'

    Ўйиннинг асосий вақтига 5 дақиқа қўшиб берилди.

  • 89'

    Холмуҳаммедовнинг зарбасидан кейин дарвозабон тўпни қайтарди.

  • 88'

    Ислом Тўхтахўжаев майдонга тушди. У Одил Ҳамробековни алмаштирди.

  • 88'

    Бурчак яқинида Йўлдошев қоида бузиш эвазига тўхтатилди. Яна бир стандарт вазиятга эгамиз.

  • 87'

    Жалолиддин Машарипов ўз ўрнини Ҳожимат Эркиновга бўшатиб берди.

  • 85'

    "Оқ бўрилар" майдон марказида тўпни назорат қилиб турибди.

  • 84'

    Бугун ўзига ўхшамаган Элдор Шомуродов ўрнига Игорь Сергеев ўйинга қўшилди.

  • 83'

    Рақиб футболчиси майдонда ётибди. Унга тиббий ёрдам керакка ўхшайди.

  • 82'

    Фаррух Сайфиев ўз ўрнини Мурод Холмуҳаммедовга бўшатиб берди.

  • 80'

    Фатавунинг бу сафарги зарбасига аниқлик етишмади.

  • 79'

    Йўлдошев ажойиб техник ҳаракати билан бир рақибидан ўтди ва Сидиқовни тўп билан таъминлади. Жавоҳир йиқилиб тушди ва тўпни йўқотди.

  • 78'

    Жарима майдонига узатилган тўпга Бозоров ета олмади. Яна бир вазиятдан фойдалана олмадик.

  • 76'

    ГООООООООООООООООООООООООООООООООООООЛ! Яшавор, Жалолиддин!!!

    Ҳимоячини хато қилишга мажбур қилиб тўпни олиб қўйган Машарипов тўпни дарвозабоннинг устидан ошириб дарвозага киритди.

  • 74'

    Жарима майдонига ёриб киришга ҳаракат қилган Машарипов йиқилиб тушди. Ҳакам ўйинни давом эттиришга рухсат берди.

  • 73'

    Гана ҳужумларни давом эттирмоқда. Фатавунинг бу сафарги зарбасидан кейин тўпни дарвозабон ушлаб олди.

  • 72'

    ГОЛ! Учрашувда ҳисоб тенглашди!

    Иссахаку Абдул Фатавунинг жарима зарбасидан берган зарбасидан кейни Илёсов тўпни қайтара олмади.

  • 71'

    Элдор Шомуродовнинг жарима майдони ичидан йўллаган зарбасини дарвозабон ушлаб олди.

  • 69'

    Остон Ўрунов захирага олинди. Унинг ўрнига Жавоҳир Сидиқов ўйинни давом эттиради.

  • 68'

    Азим Аҳмедов жарима майдони ичида бироз қалтис ўйнади. Ҳакам Абдул Фатаву йиқилган вазиятда пенальти белгилаши мумкин эди.

  • 67'

    Жарима майдони ичида Ўрунов зарба бера олмади. Яна бир имконият қўлдан кетди.

  • 65'

    Абраҳима Танко ўйинни ўзгартирмоқчи кўринади. У Рашид Нортей ўрнига Агйеним Боатенгни майдонга туширди.

  • 64'

    Фаррух Сайфиев елкама-елка курашда рақибига имкониятни бой берди. Тўп йўқотилди.

  • 63'

    Диафуси Тэйлор ўз ўрнини Даниэль Африйи Барнига бўшатиб берди.

  • 62'

    Бу сафар Сайфиевнинг жарима майдони ташқарисидан берган зарбасини дарвозабон эгаллаб олди.

  • 61'

    Отабек Шукуровнинг узоқ масофадан йўллаган "пушка" зарбасидан кейин тўпни дарвозабон ушлаб олди.

  • 60'

    Жалолиддин Машарипов ҳаракат қилаётган қанот ёнмоқда! Шундай давом этиш лозим!

  • 59'

    Иккинчи таймда йўқолиб қолган Рашидов ўз ўрнини Бозоровга бўшатиб берди.

  • 58'

    Рақибларимиз хавф туғдира бошлади. Жарима майдони ташқарисидан йўлланган зарба анча хавфли ва бироз ноаниқ чиқди.

  • 56'

    Ҳамробековга нисбатан қоида бузган Самуэль Аббей Куайе огоҳлантирилди.

  • 55'

    Жалолиддиннинг жарима майдонига узатган тўпини дарвозабон эгаллаб олди.

  • 54'

    Вакилларимиз бурчакка яқин ҳудудда жарима тўпига эга бўлди. Тўп олдида Машарипов...

  • 53'

    Ганаликлар футболчиларимизга босим уюштирмоқда. 

  • 52'

    Жабрланувчининг ўзи томонидан йўллаган кучли зарбаси Жавоҳир қайтарди. Ҳисоб тенглашишига бир баҳя қолди.

  • 51'

    3 футболчимизни алдаб ўтган Иссахаку Абдул Фатавуни Анзур Исмоилов қоида бузиш эвазига тўхтатди. Рақибда яхши стандарт юзага келди.

  • 49'

    Вакилларимиз яхши прессинг уюштириб, тезда рақибни тўпсиз қолдирмоқда.

  • 48'

    Рекошет натижасида тўп Элдорга келиб тушди. Шомуродовнинг зарбаси кутилганидек чиқмади.

  • 47'

    Жарима майдонига узатилган тўп Машариповга қадар етиб келмади. Дарвозабон тўпни ушлаб олди.

  • 46'

    Жалолиддиннинг бурчакдан етказиб берган тўпига Шомуродов бироз ета олмади. Яна бир вазият қўлдан кетди.

  • 46'

    Бўлимни яна вакилларимиз фаол бошлади. Машариповнинг рейди бурчак зарбаси билан якунланди.

  • 46'

    Иккинчи тайм бошланди!

  • 46'

    Футболчилар майдонга қайтди. Биз ҳам қайтамиз!

  • 45+2'

    Танаффус!

  • 45+2'

    Футболчиларимиз бўлимни тўп назорати билан тугатиб қўя қолишни лозим кўрди.

  • 45+1'

    Бўлим сўнгини "оқ бўрилар" ҳужумда ўтказмоқда.

  • 45'

    Биринчи таймга 2 дақиқа қўшиб берилди.

  • 45'

    Жалодиддиннинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбасидан кейин тўп устундан қайтди.

  • 43'

    Рашидовнинг ажойиб узатмасидан кейин Элдорнинг чиройли услубда йўллаган зарбаси бироз ноаниқ кетди.

  • 41'

    Рашидовнинг узатмасидан кейин жарима майдони ичида 2 футболчимиз бир-бирига ҳалал бериб юборди. Яна бир имконият қўлдан кетди.

  • 41'

    Тайм сўнгига келиб, футболчиларимиз ўйин темпини бироз пасайтирди.

  • 39'

    Диафуси Тэйлорга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. У Азим Аҳмедов билан кураш олиб борганди.

  • 38'

    Йўлдошевнинг узатмасидан кейин Сайфиевнинг бош билан йўллаган зарбасига аниқлик етишмади.

  • 37'

    Абрамов шогирдлари тўп назоратини қайтариб олди.

  • 36'

    ЭЛДОР!!!!!! Дарвозабон билан-бирга бир вазиятга чиқиб борган Шомуродов вазиятдан фойдалана олмади. Унинг зарбасидан кейин дарвозабон тўпни қайтарди.

  • 35'

    Илёсов дарвозаси қаршисида яна бир хавфли вазият: рақиб футболчилари бу сафар жарима майдони ичига яхши узатма амалга оширди.

  • 34'

    Отабек Шукуров огоҳлантирилиши мумкин. У ҳакамнинг қарорига жиддий эътироз билдирди.

  • 33'

    Остон Ўрунов ҳужумда қоида бузди. Ҳакам ўйинни тўхтатди.

  • 32'

    Моро Салифунинг бу сафарги зарбасидан кейин тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди. Уйғониш зарур, йигитлар!

  • 31'

    Ганалик футболчилар ҳам секин-асталик билан фаоллаша бошлади. Энди ўйин тизгини бутунлай ихтиёримизда деб бўлмайди.

  • 30'

    Дарвозабоннинг хатосидан кейин Сайфиев бўш қолган дарвозани ишғол этиши мумкин эди. Бироқ унинг зарбасидан кейин ҳимоячи дарвоза чизиғидан тўпни қайтарди.

  • 28'

    Элдор рақиб жарима майдони ичида йиқилиб тушди. Ҳакам баҳсли вазиятда меҳмонлар фойдасига қарор чиқарди.

  • 27'

    Моро Салифунинг узоқ масофадан берган зарбасини Илёсов ушлаб олди.

  • 26'

    Катта тезлик олган Сардор Рашидов рақибини алдай олмади.

  • 25'

    Жарима майдони атрофида футболчиларимиз комбинациялар уюштириб, ҳимоядаги бўш ҳудудларни изламоқда.

  • 23'

    Дарвозамиз томон берилган илк зарба анча ноаниқ кетди.

  • 22'

    Машариповнинг жарима майдони ичига берган паси ҳимоячидан ўтмади.

  • 21'

    Тўпни Гана футболчилари назорат қилмоқда. Бироқ вакилларимиз прессинг уюштириб, тўпни олиб қўйишга ҳаракат қиляпти.

  • 19'

    Футболчиларимиз бироз темпни пасайтирди. Улар энди тартибли ҳимояланишга эътибор қаратмоқда.

  • 18'

    ЙЎҚ! Остон Ўрунов майдонда ётибди. Унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

  • 17'

    Йўлдошевнинг ажойиб узатмасидан кейин Сайфиев яна бир қулай имкониятни кўкка совурди.

  • 16'

    Шукуров шеригини бирга-бир вазиятга чиқариб юбориши мумкин эди. Бироқ узатмани ҳимоячи тўхтатиб қолди.

  • 15'

    Устунлик бутунлигича футболчиларимиз томонда бўлиб турибди.

  • 14'

    Бу сафар Элдор Шомуродов воқеалар ривожидан бироз илгарилаб кетди. 

  • 12'

    Нималар қиляпсан, Остон??? 3 жамоадоши билан дарвозабон қаршисида ёлғиз қолган Ўрунов вазиятни кўкка совурди.

  • 12'

    Рашидовнинг зарбасидан кейин дарвозабон илк уринишда тўпни қўлидан чиқариб юборди. Такрорий зарба йўлига ҳимоячилар ғов бўлди.

  • 11'

    Жарима майдони яқинида футболчиларимиз стандарт вазиятни қўлга киритди.

  • 11'

    Вакилларимиз босим уюштиришда давом этмоқда! Рақиб майдон марказидан ўта олмаяпти.

  • 10'

    Ўруновнинг фаол ҳаракатларидан кейин жамоамиз бурчакдан тўпни ўйинга киритиш имкониятини қўлга киритди.

  • 9'

    Сардор Рашидовнинг жарима майдони ичидан берган зарбасини дарвозабон ушлаб олди.

  • 8'

    Машариповнинг жарима майдони марказига етказиб берган тўпини Элдор ўзга бўйсундира олмади.

  • 7'

    Яна ва яна ҳужумлар! Шукуровнинг узатмасидан кейин жарима майдонига ёриб кирган Шомуродовнинг зарбасига аниқлик етишмади.

  • 6'

    Гол урган футболчиларимиз олдинга ўтишда давом этмоқда. Бу сафар Рашидов ҳисобдаги фарқни ошириши мумкин эди. Бироқ унинг бўш қолган дарвозага йўллаган зарабаси ноаниқ кетди.

  • 4'

    ГООООООООООООООООООООООООООООООООООООООООООООООООЛ! Учрашувда ҳисоб очилди!

    Рақибга босим уюштирган Ўрунов тўпни олиб қўйиб, Шукуровга пас берди. Отабек аниқ зарбаси билан дарвозани ишғол этди!

  • 3'

    Ўрунов ҳужумда тактик фол ишлатди. Рақибнинг қарши ҳужуми тўхтатилди.

  • 3'

    Сардор Рашидов техник ҳаракатлари билан бошқалардан ажралиб турибди.

  • 2'

    Бу сафар Машариповнинг кескинлаштирувчи узатмасидан кейин ҳимоячи тўпни шунчаки олдинга тепиб юборди.

  • 1'

    Футболчиларимиз илк сониялардан фаоллик кўрсатди. Рашидовнинг ажойиб узатмасидан кейин Шомуродов воқеалар ривожидан бироз илгарилаб кетди. Ҳечқиси йўқ! Муҳими, ўйинни фаол бошладик.

  • 1'

    Ўйин бошланди! Олға, йигитлар!

  • 0'

    Ўзбекистон Репсубликаси мадҳиясини куйлаш учун ғоёибона бўлсада ўрнингиздан туришингизни сўраймиз!

  • 0'

    Биринчи бўлиб, меҳмонларимиз - Гана терма жамоаси миллий мадҳияси янграмоқда. Уларга ҳурмат тариқасида ўрнингиздан туришингизни сўраймиз.

  • 0'

    Футболчилар майдонга тушиб келди. Бир неча дақиқалардан кейин узоқ кутилган ўйинга старт берилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!