Ўзбекистон гимнастика федерациясида навбатдан ташқари конференция бўлиб ўтди
Бугун Ўзбекистон гимнастика федерациясида (ЎГФ) навбатдан ташқари конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси расмий сайти хабар тарқатмоқда.
Мазкур тадбирда федерациянинг раҳбарияти ва ҳужжатларни юритиш масалалари, шунингдек, 2020 йил учун мўлжалланган спорт тадбирларининг тақвим режаси ҳамда федерациянинг фахрий таркибини кўриб чиқиш кун тартибининг асосий масалалари бўлди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Руслан Мустаев ва федерация вакиллари иштирок этишди.
Конференция ишида федерация директори Г.В. Израилбекова сўзга чиқиб, ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, ҳукумат қарорлари, меъёрий ҳужжатларга амал қилинишини таъкидлади. Бундан ташқари ижро интизоми ҳукумат топшириқларининг ўз вақтида юқори даражада бажариладиган жиҳат эканига тўхталиб ўтилди.
Тадбир давомида нафақат Ўзбекистон гимнастика федерацияси, балки ҳудудий бўлинмалар фаолиятида ижро интизомига сўзсиз риоя этиш, белгиланган вазифалар ва топшириқларни ўз вақтида сифатли бажариш, жойларда қатъий тартиб ва интизомни таъминлаш зарурлигига эътибор қаратилди. Шунингдек, федерациянинг ҳудудий бўлинмалар вакиллари делегатларни жойларда амалга оширилган ишлар, спорт базаларининг техник ҳолати ва жиҳозланиши билан таништиришди.
Федерация бошқаруви 2018 йил март ойидан бери Ўзбекистон гимнастика федерацияси биринчи вице-президенти Руслан Булатович Мустаев қўлида бўлиб турганди. Бугунги конференцияда ЎГФ аъзолари Руслан Мустаевни федерация раиси вазифасини бажарувчи сифатида фаолият олиб боришини тасдиқлашди.
Шундан сўнг конференция делегатлари томонидан спортчилар ва уларнинг мураббийларини туман, минтақавий ва Республика спорт тадбирларидаги иштирокини легаллаштиришга доир умумий масалалар муҳокама қилинди.
Конференция якунида федерация фахрий аъзоларига сертификатлар топширилди.
Фикрлар