Ўзбекистон кубоги финалининг санаси ўзгарди
Аёллар ўртасидаги Ўзбекистон кубогининг финал учрашувига Тошкентнинг “Бунёдкор” ҳамда Қаршининг “Севинч” жамоалари етиб келишди. Чемпионлик пойгасида ҳам жиддий рақобат қилаётган мазкур икки клуб ўртасидаги ҳал қилувчи ўйинга бўлган қизиқиш катта.
Режага кўра финал ўйини 25 ноябрь куни ўтказилиши керак эди. Тақвим бўйича 17-26 октябрь кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида аёллар ўртасида CAFA кубоги бўлиб ўтиши белгиланганди. Бироқ айрим сабабларга кўра, Бишкекдаги мусобақа кейинроққа қолди. Натижада октябрь ойининг юқорида келтириб ўтилган кунларида бўшлиқ юзага келди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Профессионал футбол лигаси ўзаро келишиб, мана шу вақт оралиғида мамлакат кубогининг финал учрашувини ўтказишни лозим деб топди. Бу қарор шунингдек кубок финалининг ноябрь ойи сўнгига қолиб кетмаслигини ҳам таъминлаб беради. Ўз навбатида Тошкент ва Қарши жамоалари ҳам юқоридаги қарорни қўллаб-қувватлашди. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
Шундан келиб чиқиб, 24 октябрь — пайшанба куни финал учрашуви Тошкентдаги “Тўқимачилик” стадионида ўтадиган бўлди. Беллашув соат 15:00 да старт олади.
Фикрлар