Ўзбекистон нима учун 25 та клубни лицензияга жалб қилди?

Аслида фақатгина халқаро майдонда тўп сурадиган клублар билангина чекланиш мумкин. Бироқ 2020 йилга келиб миллий лицензиялаш талаблари ОФК лицензиялаш талабларига мослаб чиқилди. Шу йўл орқали Лига футбол клублар инфратузилмаси ва ташкилий шаклини босқичма-босқич ОФК талабларига мослаштирди.

Бу ўз навбатида Суперлига ва Про лиганинг етакчи клубларига лицензиялаш жараёнидан осон ўтиш имкониятини тақдим етди. Чунки Лига йил давомида футбол клубларини мазкур жараёнга тайёрлаб келади. Ўз вақтида “Насаф” каби етакчи клубларимиз ҳам кетма-кет икки йил ОФК лицензиялаш талабларини бажара олмаган бўлса, бугунга келиб бу борада муаммо йўқ. Лига ва профессионал футбол клублари бир ёқадан бош чиқариб, муаммоларни енгиб ўтяпти.

Бунда Лига фақатгина катта клублар билангина чекланиб қола олмайди. Суперлига ва Про лига вакиллари сонини босқичма-босқич ошириб бориш учун бизга лицензиялаш талабларига жавоб бера оладиган қатор клублар керак бўлади. Шундан келиб чиқиб, даъвогарлар сонининг ва албатта лицензиялаш жараёнидан ўтаётган клублар сонининг ошиб бориши, улар бир неча йиллар давомида барқарор фаолият олиб бориши ички чемпионатда рақобат муҳитини янада оширади.

Маълумот учун, 2020 йилдан бошлаб лицензия учун даъвогарлар сони мос кетма-кетликда ошиб борди: 14 та, 22 та, 25 та. Лицензияга эга чиққан клубларда ҳам шундай: 7 та, 12 та, 17 та.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!