
Ўзбекистон ОЧЛ учун "2+2" квотасини қайтариб олиши мумкинми?
Хабарингиз бор, Ўзбекистон вице-чемпиони ҳисобланган АГМК кеча Қатарда “Ал-Гарафа” клубига қарши баҳс олиб борди. Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқич йўлланмаси тикилган ушбу баҳс кутилганидек, шиддатли ва муросасиз курашларга бой бўлди.
120 дақиқа давом этган ўйиннинг сўнгги дақиқасида Йован Жокич томонидан киритилган гол Олмалиқ клубига қитъанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқини олиб берди. Айтиш лозимки, АГМК ушбу ғалабаси билан нафақат Осиё Чемпионлар лигасидаги жамоаларимиз сонини яна биттага оширди, шу билан бирга “Насаф”ни ОФК кубогида қатнашишини ҳам таъминлади.
Энди Осиё Чемпионлар лигасида “Пахтакор” ва АГМК, ОФК кубогида эса “Насаф” иштирок этади. Қитъа миқёсидаги турнирларда иштирок этадиган ушбу жамоаларимиз ОФКнинг клублар рейтингида ҳам мамлакатимиз ҳисобига муҳим рейтинг очколарини қўшиб қўяди.
Масалан, ОФК кубоги гуруҳ босқичида қозонилган ҳар бир ғалаба учун 1 очкодан берилади. Агар “Насаф” гуруҳдаги барча ўйинларни ғалаба билан якунласа ва плей-оффга йўл олса, гуруҳдаги 3 та ғалаба учун 3 очко ва плей-оффга чиққани учун яна қўшимча 1 очко, жами 4 очко Ўзбекистон ҳисобига қўшиб қўйиши мумкин.
Осиё Чемпионлар лигасида эса ҳар бир ғалаба учун 3 очко берилади. Шу сабабли, “Пахтакор” ва АГМКда мамлакатимиз ҳисобига кўпроқ рейтинг очколари қўштириб қўйиш имконияти мавжуд.
Айни дамда ОФК клублар рейтингида Ўзбекистоннинг асосий рақобатчиси бу Бирлашган Араб Амирликлари ҳисобланади. Шундай экан, агар “Пахтакор” ва АГМК ўз гуруҳларида БААнинг икки клуби – “Шаржа” ва “Шабаб Ал-Аҳли”дан юқори ўринни эгалласа, 2023 йилдан бошлаб, ОФК яна Ўзбекистонга Осиё Чемпионлар лигаси учун “2+2” квотасини қайтаради.
“Пахтакор” олдида яна бир вазифа турибди. Боиси, ОФК рейтингида Ўзбекистондан бир поғона юқорида Ироқ бормоқда. Айнан “шерлар” жой олган гуруҳда Ироқнинг “Ал-Қувва Ал-Жавийя” клуби ҳам кураш олиб боради. Энди Ўзбекистон чемпиони гуруҳда ҳам БАА, ҳам Ироқ жамоаларидан юқори ўринни банд қилиши керак.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Осиё Чемпионлар лигаси ва ОФК кубогида иштирок этадиган жамоаларимизга муваффақият тилаймиз. Ишонамизки, улар ўзлари қатнашадиган турнирларда юқори натижалар қайд этишади ва мамлакатимизга қитъа миқёсидаги мусобақалар учун йўлланмалар сонини оширишга ҳаракат қилишади.
Фикрлар