
Ўзбекистон терма жамоамиз Уругвайга қарши икки ўртоқлик учрашувида қандай натижа қайд этган?
Хабарингиз бор, Жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилган Ўзбекистон миллий терма жамоамиз ҳамда Марсело Бьелса бошқарувидаги Уругвай терма жамоаси бугун ўзаро ўртоқлик учрашувини ўтказади. Мазкур беллашув 17:45’дан бошлаб старт олиши режалаштирилган.
Ушбу икки жамоа авваллари 2 бора ўзаро назорат учрашувларида иштирок этган. Икки баҳсда ҳам Уругвай терма жамоаси вакилларимизни бир хил йирик 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратган.
Дастлабки беллашув 2018 йил 8 июнда ўтказилган бўлса, иккинчи баҳс 2019 йил 22 мартда бўлиб ўтган.
Биринчи беллашувдаги таркибимиз: Ботирали Эргашов, Рустам Ашурматов, Аббос Отахонов, Шерзод Азамов, Акрам Комилов, Одилбек Ҳамробеков, Азиз Ғаниев, Жавоҳир Сидиқов, Жалолиддин Машарипов, Забихулло Ўринбоев, Сардор Рашидов.
Уругвайнинг асосий таркибида Муслера, Хименес, Годин, Бентанкур, Луис Суарес ва Эдинсон Кавани каби юлдуз футболчилар бўлган.
Шунингдек, биринчи учрашувнинг 80-дақиқасида Темурхўжа Абдухолиқов қизил карточка олиб, майдонни тарк этган.
Иккинчи учрашувда дарвозамизни Санжар Қувватов қўриқлаган. Ҳимоямизда эса Даврон Ҳошимов, Игор Кримец, Анзур Исмоилов ва Фарруҳ Сайфиев ҳаракат қилган. Майдон марказида Одил Аҳмедов, Отабек Шукуров ва Жавоҳир Сидиқов ўйнаган бўлса, ҳужумда Достонбек Ҳамдамов, Жалолиддин Машарипов ва Элдор Шомуродов тўп сурган.
Илк тўқнашувдаги голларга Даниэль Де Арраскаэта, Луис Суарес (пен) ва Хименес муаллифлик қилган. Иккинчи баҳсда эса Перрейра 5-дақиқада ҳисобни очган. 25 ва 82-дақиқаларда Стуани дубль муаллифи бўлган.
Комментарии