Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Италияда муваффақиятли операция қилинди

Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Фаррух Икромов Швецияга қарши ўртоқлик учрашувида жароҳат олганди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси уни даволаш учун Италиянинг машҳур жарроҳларидан бири Паоло Марианини жалб этгани ҳақида хабар бериб ўтгандик.

Футболчимиз Италия пойтахти Римда “Вилла Стуарт” клиникасида профессор Мариани томонидан операция қилинди. Маълум бўлишича, жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилган ва айни пайтда ҳужумчимиз ўзини яхши ҳис қилмоқда.

Бугун Ўзбекистоннинг Италиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Отабек Акбаров футболчимиз ҳолидан хабар олиш учун касалхонага ташриф буюрди ва Фаррух Икромовга саломатлик тилаб, тезроқ соғайиб кетиши учун керакли ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Манба: ЎФА матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!