Ўзбекистон терма жамоаси Эрон билан баҳсга тайёрланмоқда

Индонезияда давом этаётган футзал бўйича Осиё кубогининг 3-тур учрашувлари ўз ниҳоясига етди.

Гуруҳ босқичи баҳслари якунланиб, чорак финалда куч синашадиган жамоалар жуфтликлари маълум бўлганидан сўнг, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири — Эронга қарши учрашувга жиддий тайёргарликни бошлаб юборди.

Бугун куннинг биринчи ярмида терма жамоамиз қитъа чемпионати ўйинлари ўтказилаётган "Жакарта Халқаро велодром" спорт мажмуасини илк бор кўздан кечирди ва шу ерда дастлабки машғулотни ўтказди.

Мураббийлар штаби Эрон терма жамоасининг ўйин услубини чуқур таҳлил қилган ҳолда футзалчиларга зарур кўрсатмалар бермоқда. Шунингдек, ўзаро боғланмалар ва керакли ишланмалар устида иш олиб борилмоқда. Ижобий натижани таъминловчи асосий омил сифатида интенсив ҳамда қарши ҳужумлар тактикаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, эртага — сешанба куни чорак финал ўйинлари дастурини айнан Эрон – Ўзбекистон баҳси очиб беради. Учрашув Тошкент вақти билан соат 11:00 да старт олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!