Ўзбекистон U17 жамоаси бош мураббийи: "Қайсидир футболчини мақтаб, кимнидир танқид қилишни хоҳламайман"

Ўзбекистон U17 терма жамоаси бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев Осиё кубоги саралаш босқичи ўйинларидан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этди:

— Барчани футбол байрами билан табриклайман. Биз бу саралаш босқичига яхши тайёргарлик кўрдик дея оламан. Яхши йиғинлар ва ўйинлар ўтказдик. Барчаси оптимал даражада. Болаларда ҳам мотивация етарли, уларнинг кўзи ёниб турибди.

Рақиблар ҳақида

— Бу босқичда барча жамоалар кучли. Лекин биз ўз юртимизда, мухлисларимиз олдида ўйнаймиз. Бу бизга ёрдам ва болаларга қўшимча куч беради. Корея Республикаси ҳар доим кучли рақиб ҳисобланади. Бизда уларни ўрганишга етарли вақт бўлди. Таҳлил қилдик. Уларнинг кучли ва заиф томонларини кўриб чиқдик. Худо хоҳласа бу жамоага қарши ўйинга тайёрмиз.

Таркиб ҳақида

— Қайсидир футболчини мақтаб, кимнидир танқид қилишни хоҳламайман. Биз энг яхши дарвозабонларни саралаб олдик. Улар мусобақага тайёр.

Шри Ланкани мусобақада иштирок этмаслиги

— Биз бундай ҳолатларга доим тайёрмиз. Бу бизга руҳан таъсир қилмайди. Олдимизда 2 та ўйин бор. Барчаси ўзимизнинг қўлимизда. Уларни мағлуб эта олсак, кейинги босқичга албатта чиқамиз.

Полшадаги турнир ҳақида

— Ҳар бир турнирда максимал даражада яхши иштирок этишга ҳаракат қиламиз. Лекин бу турнирда асосан болаларни кўриб олдик. Барча 20 нафар футболчига бир хил имконият беришга ҳаракат қилдик. Шу сабабли бор эътиборимизни асосий мусобақага қаратдик. Мақсадимиз Европанинг кучли жамоаларига қарши ўйинларда хато ва камчиликларимизни кўриб олиш эди.

Ўзбекистон U17 терма жамоаси футболчиси Лазиз Мирзаев:

— Бу босқичгача яхши ўйинлар ўтказдик. Осиёнинг топ жамоалари билан ўйнадик. Бу бизга етарлича тажриба берди деб айта оламан. Мураббийларимиз доимий кўникмалар бериб келмоқда. Ўз уйимизда бўладиган ўйинларга тайёрмиз.

Босим ҳақида

— Бизда босим йўқ. Жамоанинг кайфияти яхши. Уйимизда ўтадиган ўйинларда ижобий натижалар қайд этишга ҳаракат қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
04/10/2022 14:24
Узбекистонни бир нечта u17, u20 жамоаларини тузиб улар орасида ракобатни яратиш керак. Ана шунда ривожланиш булади. Хозирги таркиб асосан таниш-билиш билан йигилган. Бу болаларни хеч бирини селекционерлар топиб келишмаган.