Ўзбекистон Яманни базўр ютганига ишонманглар!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2022 йилги жаҳон чемпионати ва 2023 йилги Осиё кубоги қўшма саралаш турнирининг Саудия Арабистонида ташкил этилган босқичида иккинчи учрашувда Яман футболчилари билан рақобатлашди.
Олдинги турда ҳамюртларимиз Сингапурни 5:0 ҳисобида мағлуб этгани ва яманликлар билан Тошкентда бўлган биринчи учрашувда ҳам худди шу ҳисобда зафар қучгани боис, кўпчилик бу галги баҳсда ҳам йирик натижа қайд этилишини кутганди.
Амалда ундай бўлиб чиқмади. Катта устунлик терма жамоамиз томонида бўлса ҳам, учрашув тақдирини Жалолиддин Машарипов томонидан пенальтидан киритилган ягона гол ҳал қилди. Терма жамоа сардори Одил Аҳмедов эса, қулай имкониятни қўлдан чиқариб, иккинчи 11-метрлик зарбани дарвоза тўрига жойлай олмади. Асосий тўпураримиз Элдор Шомуродов майдонни голсиз тарк этди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланган учрашувдан сўнг, яманлик мухлислар ижтимоий тармоқларда ўйин борасидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Эътиборингизга уларнинг учрашувга муносабатини ҳавола этамиз.
Mogeb Ahmed:
Биринчи голни ўтказганимиздан кейин ўзбеклар бизни ўтган галгидек йирик ҳисобда енгади, деб ўйлагандим. Амалда эса биз дурангга яқин эдик. Ўйин охирида ҳужумда қўрқмай шиддатлироқ ҳаракат қилиш керак эди.
Farsan Ali:
Жамоамиз билан фахрланаман. Гарчи биз ғалаба қозонмаган бўлсак-да, жуда ноқулай рақибга қарши муносиб ўйин намойиш қилдик. Ўзбекистон гуруҳ етакчиларидан бири ва биз бу жамоа билан охиригача курашдик.
Wail Shabalh:
Бизнинг терма жамоамиз бунгача бешта учрашувда ҳам Ўзбекистонга қарши ҳеч нарса қила олмаганди.
Muhammad Guntur:
Нега ҳакамлар ўзбекларга кетма-кет пенальти қўйиб берди?
Ahmmad Ahmade:
Биз имкон қадар тажовузкор футбол ўйнадик ва бу Ўзбекистонга ноқулай усул бўлиб чиқди. Бундан кейин ҳам шу услубда тўп тепишимиз керак. Ўзбеклар футболни биздан яхши ўйнайди, лекин биз жанговар руҳиятимиз билан уларни ҳайрон қолдиришимиз мумкин.
Mohammed Mansour:
Узоқ вақтдан бери энг яхши ўйинимиз шу бўлди. Биз илк марта ҳақиқатан жиддий рақибга қарши ўзимизни кўрсата олдик.
Aftab Ali Thahim:
Ўтган гал Ўзбекистонга 0:5 ҳисобида енгилганимиздан кейин анча ўсишга эришган кўринамиз. Бу сафар бир тўп фарқи билан ютқаздик. Балки кейинги баҳсда дурангга эришармиз.
Wail Shabalh:
Ҳамма Италиядан келга ҳужумчидан қўрқаётган эди. Лекин у ҳеч нарса қила олмади. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам биз кутгандек ўйнамади. Улар билан яхшироқ ўйнаб, ютиб қўйишимиз ҳам мумкин эди.
Muhamad Sofian:
Ўзбекистон бизни базўр ютганига ишонманглар, улар Саудия Арабистонига қарши ҳал қилувчи учрашувга кучини тежаб қолишни режа қилгани аниқ эди. Чунки бўлажак баҳсда гуруҳдаги биринчи ўрин масаласи ҳал бўлади. Охирида биз уларни бу қилиғи учун жазолаб қўяй дедик.
Ўзбекистон саралаш турнирининг бу босқичдаги охирги учрашувини 15 июнь куни Саудия Арабистонига қарши ўтказади. Гуруҳда биринчи ўринни эгаллаш учун ҳамюртларимиз бўлажак беллашувда фақат ғалаба қозониши керак. Учрашув Тошкент вақти билан 23:00да бошланади.
Фикрлар