Шомуродовни юлдузли онлар кутмоқда!
Шомуродовнинг “Женоа”га трансфери ҳамма томонга фойда бўлди. Генуяликлар салоҳиятли ҳужумчига эга чиқди ва Элдорнинг ўйини жамоанинг аутсайдерлар қаторидан чиқиб, А Сериянинг ўтган мавсумини мусобақа жадвалининг ўрталарида якунлашига ёрдам берди.
Шомуродовнинг ўзи ҳам дунёнинг энг кучли лигаларидан бирида ўйнаш орқали маҳорати ва тажрибасини оширди. Элдорнинг ҳар томонлама кучайганини кўришимиз мумкин. Бу биринчи ўринда, жаҳон чемпионатига чиқиш орзусида ҳаракат қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ютуғи ҳамдир.
Қолаверса, ҳамюртимизнинг Италиядаги муваффақиятларидан ўзбек футболи мухлислари ҳам хушнад бўлмоқда. Чунки, яхши биламизки, Элдор сингари кучли чемпионатларда ўйнайдиган легионерларимиз кўпайса, терма жамоамизнинг ўз зиммасидаги вазифаларни уддалаши анча осонлашади. Элдорнинг хориждаги муваффақиятли ўйини эса, чет эллик скаутлар, экспертлар, мураббийлар ва мутахассис эътиборини ўзбек футболига тортиши ҳам шубҳасиздир.
Яна бир жиҳат, Элдорни “Женоа”га трансфер қилган “Ростов” ҳам яхши ҳужумчини бой берган бўлса-да, молиявий инқироз даврида мўмайгина даромад олди. Ҳатто, мавсум охирига келиб, Шомуродов “Женоа”да гол+пас тизимида 10 балл тўплагани боис, ростовликлар яна 500 минг евро бонусга эга бўлди.
“Женоа” ҳам мардлик қилди. Ҳеч қандай аҳамият касб этмайдиган “Кальяри”га қарши баҳсда Элдорни майдонга туширмай, ярим миллион еврони тежаб қолиши мумкин эди. Лекин, улар Шомуродовни асосий ҳужумчи сифатида ўйнатди ва ҳамюртимиз ғалаба тўпини киритди.
Айни пайтда генуялик мухлислар мавсум якунларини муҳокама қилиш билан банд. Бу паллада гап Шомуродовга ҳам тақаляпти. Эътиборингизга “Женоа”нинг расмий каналларига қўйилаётган мухлисларнинг Элдор ҳақидаги фикрларини ҳавола этамиз.
Giuseppe Bocconi:
Охирги учрашувда Элдорни захирада олиб ўтириш керак эди. “Кальяри”ни ютганимиз билан ҳеч нарса ўзгармас эди. Бу оддий расмиятчилик ўйини эди. Биз йўқ жойдан 500 минг евро йўқотдик.
Marco Perini (Giuseppe Bocconi фикрига жавобан):
500 минг евро – катта сумма эмас. Элдорнинг ажойиб голи эвазига охирги учрашувдаги ғалабанинг аҳамияти биз учун жуда муҳим. Жамоа таътилга яхши кайфият билан чиқди. Биз мухлислар ҳам Шомуродовнинг голидан кейин байрам қилишимизга сабаб топилди. Энг муҳими эса, ўзбек футболчисини мавсум якунидаги голли сериясини давом эттирди. Бу ўйинини топиб бораётган ҳужумчи учун аҳамияти юқори бўлган ҳолат.
Roberto Boniardi:
Шомуродов ўзига сарф қилинган ҳамма пулларни оқлаб бўлди. У ҳозир жамоадаги энг кучли ҳужумчи ва у яна кучаяди. Шунинг учун трансферига яна 500 минг евро қўшилганининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ.
Enrico Grella:
500 минг евро бу оддий пул холос. Элдор келтирган ғалабанинг қиймати жуда баланд!
Emanuele Sinesi:
Ҳа, унинг охирги голи бизни 500 минг еврога туширди. Лекин айнан мана шу гол бизга ғалаба келтирди. Агар сизни пул безовта қилаётган бўлса, Шомуродов А Серия даражасида ўйнаётганига қарамай, бошқалардан анча кам маош олаётганига эътибор беринг. Шундай экан, хавотирга ўрин йўқ ва ҳаммаси жойида.
Laura Nanut:
Ана холос! Шомуродов ўз фаолиятидаги энг қиммат голни урди. Битта аниқ зарба учун ярим миллион евро. Иккинчи томондан, би сўнгги учрашувда зафар қучдик ва бу психологик томондан муҳим эди.
Pantelis Patikos (Laura Nanut фикрига жавобан):
Ҳозирча бу Шомуродовнинг энг арзон голи. Унга 7 миллион евро сарфлаганмиз ва сўнгги ўйинларда 7 та гол урди. Демак, унинг ҳар бир голи миллионга тенг. Шундай экан, “Кальяри” дарвозасига урилган гол энг арзони.
Paolo Pocaterra:
“Эл Узбеко”ни юлдузли онлар кутмоқда ва у катта суммага гранд клубларга сотиб юборилади. Элдор бизга ҳар томонлама катта фойда келтиради. Сизлар эса, арзимаган ярим миллионни муҳокама қилиб ўтирибсизлар.
Фикрлар