Ўруновга Чемпионлар лигаси иштирокчиси харидор!
Остон Ўрунов бир йилдан бери трансфер янгиликлари саҳифаларидан тушмаяпти. 2020 йилнинг бошида Россия чемпионатига кўчиб ўтган ҳамюртимиз ҳаётида юз берган ўзгаришларнинг тезкорлиги ҳар қандай футболчининг бошини айлантириб қўйиши ҳеч гап эмас.
“Навбаҳор” ва “Локомоти”даги муваффақиятли ўйинлари туфайли мухлисларимиз меҳрини қозонган Остон Ўрунов жуда тез кўтарилди. У ҳар қандай футболчи ҳавас қиладиган эътибор ва эътирофга эга бўлди. Ўтган йилнинг бошида “Уфа” сафига қўшилган ёш футболчимиз ярим мавсум давомида Россиянинг етакчи клублари нишонига айланди.
Ниҳоят, ёзги трансферлар даврида Остон Ўрунов “Спартак” билан беш йиллик шартнома имзолади. Ўзбек футболчисига йўл-йўриқ йўрсатган Шамиль Газизов уни ўзининг собиқ клуби – “Уфа”дан янги иш жойи – “Спартак”га олиб ўтди.
Шу ерда Шамиль Газизов озгина худбинлик қилгани бор гап. У ёш ўйинчиларни катта клубларга мослаштиришда катта тажрибага эга ЦСКА ва “Рубин” каби жамоалар таклифини инобатга олмасдан, Ўруновни ҳатто юлдуз даражасидаги ўйинчиларни ҳам эзиб қўядиган катта босимга эга “Спартак”га олиб ўтди.
Россиянинг энг мураккаб ички муҳитга эга клуби Остон тугул, Шамилнинг ўзига ҳам имкон бермади. Ярим йилдан сўнг, “устоз-шогирд” кетма-кет “Уфа”га қайтди. Ўрунов уфаликлар таркибида ҳам ўз ўйинини топа олмаганини тан олишга мажбурмиз.
Яқинда “Спартак” клуби раҳбарияти Остон Ўрунов келаси мавсумга иккинчи жамоа сафида тайёрланиши ва Россия чемпионатининг нуфузи жиҳатидан иккинчи турнири – Миллий футбол лигасида ўйнаши ҳақида маълум қилганди.
Бироқ, вазият ўзгарадиганга ўхшайди.
Россия футболини ёритаётган манбалардан бири - rusfootball.info сайтининг маълум қилишича, Остон Ўруновга Осиё чемпионлар лигасида иштирок этадиган клублардан бири жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Ҳозирча, номи сир тутилаётган клуб 20 ёшли легионеримизни кейинчалик трансфер ҳуқуқини сотиб олиш имконияти билан бир йилга ижарага олишни режалаштирмоқда. Манбаларнинг маълум қилишича, осиёликлар тез орада “Спартак” раҳбариятига расмий сўров билан мурожаат қилишга тайёргарлик кўрмоқда.
Остон Ўрунов “Спартак” билан яна тўрт йиллик шартномага эга. Россия миқёсида маоши ҳам баланд. Ҳамюртимиз йилига 600 минг евро атрофида хизмат ҳақи олади. Аслида “Спартак”га ҳам шунча маош оладиган ва узоқ муддатли шартномага эга футболчини олдига жиддий мақсадлар қўйилмаган иккинчи жамоада ўйнатгандан кучли клубларга ижарага бериб юбориш ҳар жиҳатдан фойдалироқ. Агар халқаро майдондаги турнирларда қатнашадиган клубда Ўруновнинг ўйини очилиб кетса, уни “Спартак”га қайтариш мумкин бўлади. Камида эса, Остонни сотиб юбориб, унга сарфланган маблағларни ғазнага қайта туширишга ҳам имкон туғилади.
Остон Ўрунов якунланган мавсумда “Спартак” ва “Уфа” жамоалари таркибида Россия премьер-лигаси ва мамлакат кубоги доирасида жами 19 та учрашувда майдонга тушди ва бу ўйинлар давомида битта гол ва битта голли пас муаллифи бўлди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов бир неча маротаба Остон Ўруновни маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларига таклиф қилган бўлса-да, сўнгги пайтда кўп жароҳат олгани ва ўйин амалиёти пасайиб кетгани боис, уни 2022 йилги жаҳон чемпионати ва 2023 йилги Осиё кубогининг қўшма саралаш турнири доирасидаги расмий учрашувларга жалб қилмади.
Фикрлар