Ўзбекистонда ММA эраси бошланмоқда!

Сайтимиз нафақат футбол, балки бошқа спорт турларини ҳам кенг ёритиб бораётганидан хабарингиз бор. Шу боис, ММA ассоциациясининг Сурхондарё вилояти ижрочи директори жангларни тўғридан-тўғри эфирга олиб чиқиш мақсадида бизни воҳага чорлади. Бундан аввал ҳамкасбларим ушбу спорт туридаги бир нечта трансляцияларни омадли амалга оширгани учун аралаш жанг ишқибозлари эътирофига тушган эдик. Таклиф қабул қилинди.

Бирор бир спорт турини янги даражага олиб чиқиш учун савияли мусобақалар ташкил этилиши керак. Бир кечанинг ўзида 17 жанг рўйхатга киритилган турнирни ўтказиш учун қанча меҳнат талаб этилишини тасаввур қилиб кўринг! Мен SPORTS.uz нинг суратга олиш учун Сурхондарёга жўнатилган жамоасидан жой олдим. Сафаримиз ҳар қачонгидан қизиқроқ ўтди. Очиғи, бу мақола сизга эриш туюлиши мумкин, лекин ташкилий ишлар билан шуғулланган ходимларнинг меҳнатини эътироф этиш керак, деб ҳисобладим.

photo_2021-05-26_22-39-31

ММA Ўзбекистонда эндигина ривож топаётган спорт тури. Унинг қонун қоидалари, шартлари ва бошқа талаблари билан мухлисларнинг барчаси хабардор, деб бўлмайди. Боз устига, аралаш жанг санъати юртимизда расман мусобақалар ўтказаётганига ҳам кўп бўлмади.

Қувонарлиси шундаки, ушбу спорт тури янги марраларни забт этиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. "Ҳоким кубоги"даги бир омилга эътиборингизни қаратмоқчиман. Матбуот анжумани, Сурхондарёдаги янги очилган промоушен (VVFS), яхши ишлаган реклама кампанияси ва бошқа кўплаб деталлар биргаликда савияли мусобақани ташкил этишга кўмак берди. Aйниқса, Сурхондарё ММA ассоциацияси раҳбари - Шавкат Мўминов ҳамда собиқ дзюдочи Шокир Мўминов барча ишнинг тепасида бош-қош бўлгани таҳсинга сазовор.

Турнирга ташриф буюрган қўшни Республика жангчилари ҳам юртига бир олам қувонч билан қайтиб кетди. Биз Aфғонистондан келган спортчилар билан бир неча бор суҳбат қурдик. Инглиз тилида яхши сўзлаша оладиган йигитлар юртимиздаги бу спортга бўлаётган эътибор ҳақида илиқ фикрларни билдирди. Шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон сингари давлат вакиллари ҳам мусобақанинг ташкилий ишларидан мамнун эканлигини яшириб ўтирмади. Журналист учун ўз ватани ҳақида қўшнилардан илиқ сўзлар эшитишдан ёқимлиси бўлмайди.

photo_2021-05-26_22-39-37

 Энди мусобақа ҳақида. Ташкилотчилар имкон қадар барчасини мухлислар учун қулайроқ қилишга интилди. Жанглар орасида интервал кичик, октагон трибунага яқин жойлаштирилди, бутун шаҳар бўйлаб илинган реклама баннерлари якунда ўз сўзини айтди. Ўйлашимча, ўша оқшом Термиздаги барча ММA ишқибозлари Aмфитеатрга ташриф буюрди. Маҳаллий спортчиларимиз эса, ватанимиз байроғини елкага ташлаганча октагонга чиқиб келаётганини кўрганимда, юрагимда фахр туйғуси пайдо бўлди. "Термиз-2021" бир йўла бир нечта жангчиларимиз учун ММA оламидаги дебютини ўтказиш имконини яратди. Уларни томоша қилган ("Сурхондарё" телеканалида ҳам такроран жанглар намойиш этилди) болаларда соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқиш ошгани аниқ.

Ҳозир, ёшларнинг вақтини кераксиз ишларга сарф қилишни олдини олиш мақсадида турли тадбирлар ўтказилмоқда. Олийгоҳ ва мактабларда тушунтириш ишлари олиб борилади. "Ҳоким кубоги" эса, бу сўзларни амалдаги исботи бўлди. Минглаб болалар акалари Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб турганини кўргач, шу спорт билан ҳеч бўлмаса бир бор шуғулланиб кўришни истагани аниқ.
Шу ўринда яна бир муҳим деталь. Ассоциациясидаги деярли барчага ММA бегона эмас. Кимдир жангларда иштирок этган бўлса, яна кимлардир ҳакам сифатида иш олиб борган. Умуман олганда, ўз соҳасини яхши кўрадиган фидоий инсонлар. Ташкилотчилар меҳмон спортчилардан тортиб, бизга ҳам керакли барча шароитни яратиб беришди. Ўйлашимча, ММA тез орада Ўзбекистондаги энг таниқли спорт турига айланади. Сабаби, уни ўз ишининг чинакам фидоийлари тепага олиб чиқиш учун меҳнат қилмоқда. Ишлар шу темпда давом этса, аралаш жанг санъати равнақ топади. Сўзларимни эслаб қолинг. Йиллар ўтгач, биз ММA бўйича дунёнинг энг олди мамлакатига айланишимиз мумкин. Aсосийси ҳаракатдан тўхтаб қолмаслик.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!